Норов: Марказий Осиё мамлакатлари умумий ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиши лозим

0
536

Норов: Марказий Осиё мамлакатлари умумий ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиши лозим

 Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Владимир Норов Марказий Осиё мамлакатлари ўрта ва узоқ муддатли ривожланишнинг умумий концепциясини ишлаб чиқишлари зарурлигини билдирди, деб хабар берди “Kun.uz”.

У бу ҳақда Тошкентда БМТ Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси муҳокамасига бағишлаб ўтказилган “давра столи”да айтиб ўтди.

“Марказий Осиё мамлакатлари минтақавий хавфсизлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш соҳасида аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олган ҳолда ўрта ва узоқ муддатли ривожланишнинг умумий концепциясини ишлаб чиқишлари мақсадга мувофиқ бўларди. Минтақада тинчлик ва фаровонлик, барқарорлик бўлиши Марказий Осиё мамлакатларининг мавжуд муаммоларни ўзлари мустақил ҳал қила олишлари қобилиятига бевосита боғлиқ”,- деди Норов.

Унинг сўзларига кўра, БМТ резолюцияси “Марказий Осиё давлатларининг давлатларо муносабатларда янги даврга қадам қўйишининг ифодаси бўлди”. Бу эса унинг фикрича, минтақа гуллаб-яшнашига хизмат қилади.

“Бугунги кунда мамлакатларимизда жадал ва самарали ҳамкорлик учун барча зарур шарт-шароитлар мавжуд”,- деди Норов.

2018 йил 22 июнда БМТнинг пленар йиғилишида Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилинганди. Бу ҳужжат БМТнинг барча аъзо давлатлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланган.

Резолюцияда Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш, ичимлик сувидан самарали ва комплекс фойдаланиш, Орол денгизи қуриши билан боғлиқ экологик ва ижтимоий-иқтисодий оқибатларни юмшатиш, минтақада замонавий транспорт ва транзит тизимини ташкил қилиш, турли соҳаларда икки томонлама ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

NO COMMENTS