“Хавфсизлиги таъминланган” минтақалар бирма-бир Асадга олиб берилмоқда
Қозоғистоннинг Остона шаҳрида Россия, Туркия ва Эрон давлатлари билан ўзларини Сурия мухолифати деб атаб олган гуруҳ ўртасида тузилган битимга биноан эълон қилинган Суриядаги “Хавфсизлиги таъминланган” минтақалар бирма-бир Асад кучларининг қўлига ўтмоқда. Мазкур минтақалар Асад режимининг қўлига ўтиш учун Россия ва Эрон томонидан амалга оширилган ҳарбий амалиётлар Туркиянинг кўз ўнгида ва жимгина кузатуви остида давом этмоқда. Ваҳолангки шартнома бўйича, бу минтақаларнинг хавфсизлигини юқоридаги уч давлат ўз зиммалари олган ва хавфсизликни назорат қилиб туриш вазифаси Туркияга юклатилган эди.
Остонада қабул қилинган қарорлардан фойдаланиб, кафил давлатлар майдонда амалга оширган ишлар билан, ҳалокат ёқасига келиб қолган Асад режимини жонлантириш кўзланмоқда. Жанубий операциялар сўзчиларидан бири Ҳусайн Абу Шайманинг билдиришича, бу масала хусусида Россия ҳукумати билан келишиб олинган. Унга кўра, минтақадан чиқиб кетмоқчи бўлган мухолифатчиларга кенг йўл очиб берилади.
“Шартномага кўра мухолифатчилар оғир қуролларини топширади. Россия ҳарбий полицияси Иордания чегарасидан бошлаб, босқичма-босқич тарзда минтақага киради. Шартноманинг амалга оша бошланиши билан минтақани тарк этишни истаган мухолифлар оила аъзолари билан чиқиб кетишлари мумкин”, дейди Абу Шайма.
Асад кучлари ва тарафдорлари мамлакатнинг жанубий-ғарбидаги Даръо шаҳридан 10 июндан бошлаб мухолифатнинг назоратидага баъзи нуқталарни қўлга ола бошлаган эди. Минтақадаги фуқароларни мудофаа қилувчи гуруҳлар Асад ва русларнинг ҳужумлари туфайли ўз юртларини ташлаб кетишга мажбур бўлган тинч аҳоли сони 350 мингдан ошганини маълум қилди.
Шуни унутмаслик керакки, Даръо шаҳри Остона битими жараёнида “Хавфсизлиги таъминланган” ва Туркия, Эрон ва Россия тарафидан унинг хавфсизлиги кафолатланган минтақалардан биридир.