Серж Саргсян истеъфога чиқди
Арманистон бош вазири Серж Саргсян истеъфога чиқди. Бу ҳақда ҳукумат сайтида маълум қилинган.
“Никол Пашинян ҳақ эди. Мен ноҳақ эдим. Бу менинг жойим эмас. Мен мамлакат раҳбарлигини бўш қолдираман”,- дейилган хабарномада. Эндиликда Карен Карапетян вақтинчаликка мамлакат бош вазирлиги лавозимини эгаллаган.
Маълумки, Ереванда сўнгги икки ҳафтадан бери Серж Саргсяннинг бош вазир этиб тайинланишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда – Саргсян сўнгги 10 йил давомида мамлакатга президентлик қилган. Саргсяннинг президентлик даврида Арманистон президентлик республикаси эди, бироқ у референдум орқали конституцияга ўзгартиш киритди ва энди парламентар республикага айланган Арманистонга яна раҳбарлик қила бошлаган эди.
Қайд этилишича, 22 апрел оқшомида кўчаларга юз мингга яқин киши чиқди, бу МДҲ тарихидаги энг йирик митингга айланди.