Майк Помпео: Россия билан “юмшоқ муносабатлар” даври тугади
Марказий разведка бошқармаси собиқ директори, АҚШнинг янги давлат котиби Майк Помпео Россия билан юмшоқ муносабатлар олиб бориш сиёсати ўтмишда қолгани ҳақида маълум қилди.
“Россия агрессив ҳаракатланишда давом этмоқда. Кўп йиллар давомида олиб борилган юмшоқ сиёсат уларнинг агрессиясига қарши нима қила олди? Энди бундай давом этмайди”,- деган Помпео Конгрессга йўллаган хатида.
У Россия билан муносабатларда қўлланадиган санкцияларни келтирган: дипломатларни чиқариб юбориш, Америка армиясини кучайтириш, ядровий ривожланиш, шунингдек, “Украина ва Грузия ҳудудида Россия экспансиясига қарши қаршилик кўрсата оладиган кишиларни қуроллантириш” шулар жумласидан.
“Бу рўйхат бирмунча узун. Бу рўйхатга яна қўшимчалар қилишим эҳтимоли юқори”,- деган Помпео.
“Бизнинг маъмуриятимиз президентнинг миллий хавфсизлик стратегиясида Россияни мамлакатимизга таҳдид сифатида аташини аниқ тушуниб олиши керак. Бизнинг Россия билан дипломатик алоқаларимиз мураккаблашиб боради”,- дея қўшимча қилган у.