Ғарб давлатлари Россияни яккалаб қўймоқда
Собиқ рус агенти Сергей Скрипал ва қизи Юлиянинг Британияда заҳарланиши оқибатида Москва – Лондон ўртасида бошланган дипломатик кескинлик юзасидан ғарб дунёси Буюк Британияни қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқда. АҚШ 60 нафар Россия дипломатини бадарға қилиб, Россиянинг Сиетлдаги консуллигини ёпишга қарор қилди. Британия 23 нафар, Европа Иттифоқи 30 нафардан ортиқ рус дипломатини сургун қилди. Куни кеча Австралия бош вазири Малкольм Тернбулл ҳам Австралиядаги икки рус дипломатидан етти кун ичида Австралияни тарк этишни талаб қилганлигини маълум қилди. Бундан ташқари Украина 13 нафар, Канада 4 нафар, Австралия 2 нафар ва Албания 2 нафар Россия дипломатини депортация қилишга қарор қилган.
Скрипал иши доирасида Европа давлатлари тамонидан қабул қилинган дипломатик чора-тадбирларга НАТО ҳам иштирок этиши маълум қилинди. НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг НАТО доимий вакиллигидаги дипломатлар сонини 30тадан 20тага камайтиришга қарор қилганлигини эълон қилди.
“Бугун мен 7 Россия вакилининг аккредитациясини бекор қилдим. Бундан ташқари Россиянинг учта дипломати учун қилган аккредитация аризасини тасдиқламадим”, деди Столтенберг.
Руслар билан мазмунли мулоқот давом этишини билдирган Столтенберг ўзининг юқоридаги қарори билан Россияга “қилган ишининг жавоби” борлигини билдириб қўйганлигини айтиб ўтди.
“Бизнинг ҳаракатларимиз барча иттифоқчиларимиз тарафидан тилга олинган хавфсизлик билан боғлиқ ташвишларни жиддий акс эттиради. Бу ҳаракат Россиянинг ҳаракатларига муносабат билдиришга нисбатан келишилган доирада халқаро ҳаракатларнинг бир қисмидир”, дея қўшимча қилди Столтенберг.