Никоҳдаги ботил ва фосид ақд ҳақидаги саволга жавоб

0
784

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Ҳизб ут-Таҳрир амири олим Ато ибн Халил Абу Роштанинг фейсбук саҳифасидаги зиёратчиларнинг берган саволларига жавобларидан (фиқҳий)

Фараҳ Фарҳод (فرح فرحات)нинг никоҳдаги ботил ва фосид ақд ҳақидаги саволига жавоб

Савол:

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Қадрли амиримиз, Аллоҳ сизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асрасин

Саволим қуйидагича:

Никоҳнинг саҳиҳ бўлиш шартлари билан (инъиқод) яъни, қонуний кучга кириши шартлари ўртасида қандай фарқ бор? Буни ақдга қандай таъсири бор, қачон уни ботил қилади ва қачон фосид қилади? Аллоҳ сизни кўп яхшиликлар ила мукофотласин ва душманларингиз устидан нусрат берсин. Доим Аллоҳнинг назорати ва ҳимоясида бўлинг.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

  • Буни Исломда ижтимо низоми номли китобда батафсил баён қилганмиз ва бундай деганмиз:

«Никоҳ шаръий ижоб ва қабул билан никоҳ бўлади. Ижоб – битим тузувчилардан бирининг биринчи бўлиб айтган сўзи. Қабул эса битим тузувчилардан бошқа бирининг иккинчи бўлиб айтган сўзи…

Никоҳ қонуний кучга кириши учун тўртта шарт бор:

Биринчи шарт: ижоб ва қабул бир жойда бўлиши, яъни ижоб содир бўлган мажлисда қабул ҳам содир бўлиши. Агар битим тузувчилар ўша жойда ҳозир бўлсалар шундай бўлади. Агар улардан бири бир шаҳарда, иккинчиси бошқа шаҳарда бўлса ва бири иккинчисига никоҳни таклиф қилиб хат ёзса, хатни олган шахс таклифни қабул қилса, никоҳ қонуний кучга киради. Лекин бу ҳолатда хатни гувоҳларга ўқиши ёки ўқитиши ва унинг ибораларини уларга эшиттириши ёки уларга «фалончи менинг қўлимни сўраб хат юборди», деб айтиши ва мажлисда ўзини унга топширганлигига уларни гувоҳ қилиши шарт қилинади.

Иккинчи шарт: Битим тузувчиларнинг ҳар бири бошқасининг сўзини эшитиши ва тушуниши, бу сўзлардан никоҳ битимини кўзда тутаётганини билиши керак. Агар эшитмагани ёки тушунмагани сабабли нимани кўзда тутаётганини билмаса, никоҳ қонуний кучга кирмайди. Масалан, эркак киши аёлга «сизга турмуш ўртоғи бўлдим» маъносини англатувчи сўзни француз тилида айтса, бу тилни билмайдиган аёл ўзи тушунмасдан туриб, унга ўргатилган сўзни айтса ҳамда аёл ўзи айтган сўздан кўзланган мақсад никоҳ битими эканлигини билмаса, эркак киши унинг таклифини қабул қилса, никоҳ қонуний кучга кирмайди. Агар аёл ўзи айтган сўздан мақсад никоҳ битими эканлигини билса, никоҳ қонуний бўлади.

Учинчи шарт: Қабул ижобга зид келмаслиги керак, бу ҳол ижобнинг ҳаммасида бўладими ёки баъзи ўринларидами, фирқи йўқ.

Тўртинчи шарт: Аёл муслима ёки китобий бўлиши, эркак эса фақат мусулмон бўлиши каби битим қилувчилардан бирининг бошқаси билан турмуш қуришига шариат рухсат берган бўлиши керак.

Агар бу тўртта шарт битимда топилса, никоҳ қонуний кучга киради. Агар бирор шарт топилмаса, никоҳ қонуний кучга кирмайди ва асос жиҳатидан ботил бўлади. Агар никоҳ қонуний кучга кирса, унинг саҳиҳ никоҳ бўлиши учун унда саҳиҳлик шартлари топилиши керак. Бу шартлар учта:

  • Аёл никоҳ битимига яроқли бўлмоқлиги;
  • Никоҳ фақат валий билан никоҳ бўлади. Аёл ўзи турмушга чиқишга ва бошқасини турмушга беришга, шунингдек турмушга чиқишда валийсидан бошқа кишини вакил қилишга ҳаққи йўқ. Агар шундай қилса, никоҳи никоҳ бўлмайди;
  • Таклиф ва қабул қилиш чоғида айтилган сўздан мурод – никоҳ битими эканлигини тушунадиган, битим тузувчиларнинг сўзини эшитадиган, ақлли, балоғатга етган ва мусулмон бўлган икки гувоҳнинг иштирок этиши.

Агар битимда бу шартлар топилса, никоҳ саҳиҳ бўлади. Агар бирор шарт топилмай қолса, у фосид никоҳ бўлади». Кейин ушбу китобимизда айни шартларга очиқ далиллар келтирганмиз… Бундан аён бўладики, агар қонуний кучга кириш шартлари тўла топилмаса, ақд ботил бўлади, агар саҳиҳлик шартлари тўла топилмаса, ақд фосид бўлади.

  • Фосид билан ботил ўртасидаги фарқ бундай: ботил – Шореънинг амрига аслидан мувофиқ келмайди. Яъни унинг асли ман қилинган бўлади. Ёхуд бирор бир шарт топилмайди-да, бу нарса феълнинг аслини бузади. Аммо фосид ундай эмас. Яъни, фосид Шореънинг амрига аслида мувофиқ келган бўлади. Лекин унинг сифати аслни бузмайди ва бир вақтнинг ўзида Шореънинг амрига хилоф келади. Шунинг учун фосид ибодатларда бўлмайди. Балки ибодатларда ботиллик бўлиши мумкин. Чунки ибодатнинг шартлари ва арконларини кузатган киши уларнинг барчаси аслга боғланганини кўради. Фосид муомалаларда бўлади, ақдларда ҳам бўлиши мумкин. Мисол учун малоқиҳ, яъни ҳайвоннинг қорнидаги боласи савдоси асосдан ботилдир. Чунки у аслидан қайтарилган. Шаҳарликнинг саҳроликка нарса сотиши эса, фосид байдир. Чунки саҳролик нарх-наводан бехабар бўлади. Бундай ҳолатда унга бозорни кўриб чиқиш танлови берилади. Ана шунда у савдони амалга оширишга ва уни бекор қилишга ҳаққи бўлади. Яна бир мисол, ҳиссадорлик ширкати асосидан ботилдир. Чунки у тан шериклигидан холи, яъни, аслга тааллуқли бўлган шартдан холидир. Аммо шериклар шаръий шартларга мувофиқ шериклик қилиб, улардан бири ўзига муайян маблағ берилишини шарт қилса, бундай шериклик фосид бўлади. Чунки бу ерда аслда эмас, балки сифатда ғарар бўляпти. Чунки бу ерда шерик фойданинг маълум миқдорига эмас, балки муайян маблағга эга чиқяпти. Бу ҳатто ширкатга зиён келтириши ҳам мумкин. Шунинг учун фойдадан маълум миқдорга келишишса, фосид бартараф бўлади ва ақд қайта саҳиҳга айланади.

Шундай қилиб, ибодатларда ботил билан фосид ўртасида фарқ йўқ. Чунки барча ибодатлар ё саҳиҳ бўлиб, зиммани поклайди ёки саҳиҳ бўлмайди ва вожиб ҳам соқит бўлмайди. Намоз ё саҳиҳ бўлади ёки ботил, бундан ўзгача бўлмайди. Бироқ муқобил мажбуриятларни келтириб чиқарадиган ёки савдо ақдлари каби мулк бир жойдан бошқа жойга кўчадиган ёки бўлмасам ижара, ҳавола ва шериклик каби молиявий ақдлардаги фосид – ботилдан фарқ қилади.

Аммо никоҳдаги ботил ва фосид ақднинг иккаласи ҳам шариатга хилофдир. Ботил ақд асосдан бекор қилинган бўлиб, унинг натижалари келиб чиқмайди. Агар жимо содир этилса, зино ҳукмида бўлади ва бола жимо қилган эркакка мансуб бўлмайди, идда ҳам, маҳр ҳам амалга ошмайди, қудачилик маҳрамлари ҳам бўлмайди. Чунки у аслидан ботил бўлган. Аммо фосид ақд эса, қонуний кучга кириши шартларида эмас, балки саҳиҳлик шартларида шариатга зид келади. Шунинг учун агар жимо содир бўлса, яъни эркак аёлга қўшилса, бу жуфтларга гуноҳ бўлади, лекин ундан натижа келиб чиқади. Аммо бу фосид бўлган ақдда аёлга қўшилмаган бўлса, у ҳолда, ҳеч қандай натижа келиб чиқмайди. Энди, фосид бўлган ақдда эркак аёлига қўшилган ҳолатда, яъни жимо ҳолатида келиб чиқадиган натижаларга келсак, улардан баъзиларини келтирамиз:

  • Маҳр. Фосид никоҳда Аёлга қўшилиш билан маҳр вожиб бўлади. Бунга Набий ﷺнинг ушбу сўзлари далил:

«أَيُّمَا امْرَأَةٍ نَكَحَتْ بِغَيْرِ إِذْنِ وَلِيِّهَا فَنِكَاحُهَا بَاطِلٌ فَنِكَاحُهَا بَاطِلٌ فَنِكَاحُهَا بَاطِلٌ فَإِنْ دَخَلَ بِهَا فَلَهَا الْمَهْرُ بِمَا اسْتَحَلَّ مِنْ فَرْجِهَا…»

«Қай бир аёл валийсининг изнисиз никоҳ қилинса, унинг никоҳи ботилдир, унинг никоҳи ботилдир, унинг никоҳи ботилдир. Агар эркак унга қўшилган бўлса, фаржини ўзига (раво кўргани) ҳалол деб ҳисоблагани учун маҳр бериши вожибдир». (Имом Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган). Ушбу ҳадисда Набий ﷺ фосид бўлган никоҳда, яъни валийсининг изнисиз никоҳ қилинганда, маҳр учун эркакни аёлга қўшилган бўлишини шарт қилдилар. Шунинг учун Росулуллоҳ ﷺ маҳрни қўшилишга боғладилар. Чунки ҳадисда

«فَإِنْ دَخَلَ بِهَا فَلَهَا الْمَهْرُ بِمَا اسْتَحَلَّ مِنْ فَرْجِهَا»

«… Агар эркак унга қўшилган бўлса, фаржини ўзига (раво кўргани) ҳалол деб ҳисоблагани учун маҳр бериши вожибдир», дейилган.

  • Агар аёлга қўшилган бўлса, фосид никоҳдан келиб чиқадиган бошқа натижалар ҳам бор. Лекин бу борада, масалан, идда, насаб, мерос ва қудачилик маҳрамлари… каби фиқҳий ихтилоф ва тафсилотлар мавжуд. Кимга бу нарса керак бўлса, ўзининг гумони ғолиб келишига қараб, бемалол мурожаат қилаверади.

 

Биродарингиз Ато ибн Халил Абу Рошта

29 жумодул-аввал 1439ҳ

15 феврал 2018м

NO COMMENTS