Трамп Тиллерсонни ишдан бўшатди
АҚШ президенти Дональд Трамп Қўшма Штатлар Давлат котиби Рекс Тиллерсонни ишдан бўшатди. Унинг ўрнини МРБ директори Майк Помпео эгаллайди. АҚШ раҳбари Тиллерсонга миннатдорлик билдирган ва Помпео ўзининг янги лавозимида “фантастик ишларни амалга оширишига” ишонч билдирган.
Америка Марказий Разведка Бошқармаси раҳбари этиб Жина Хаспел тайинланиши айтилмоқда. Аёл бунга қадар Помпео ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
Ўз навбатида Дональд Трамп давлат котиби Рекс Тиллерсоннинг истеъфосини фикрлар ва қарашлардаги тафовут билан изоҳлади. Трамп шунингдек анча вақтдан буён Тиллерсон билан унинг ишдан бўшатилишини муҳокама қилиб келганлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
“Биз у билан бу ҳақда узоқ вақт гаплашганмиз, биз яхши келишамиз, лекин фикрларимизда тафовут бор эди”,- деган Трамп.
Тиллерсон билан фикрлари турличалиги ҳақида гапирар экан, Трамп Эрон билан келишувни мисол тариқасида келтириб ўтган.
“Мен уни даҳшатли деб ҳисоблайман, у эса нормал дейди,… биз бир хил ўйламаганмиз, Майк Помпео билан эса бир хил фикрлаймиз”,- деган Америка президенти.
Тиллерсон ҳақида тўхталар экан, Трамп уни яхши одамлигини айтиб, “хизматини жуда қадрлашини” қўшимча қилган.
“Биз ҳар хил фикрлаймиз,…мен унинг ақлини ҳурмат қиламан, биз яхши муносабатдамиз, лекин сиз буни кимё деб аташингиз мумкин, шунчаки баъзида одамлар яхши келишишади, Майк Помпео билан биринчи дақиқадаёқ келишганман”,- деган Трамп.