Энди Саудияда АҚШнинг Жазз куй-қўшиқларини тинглаш ҳалолдир
Саудия Арабистонида АҚШнинг сиёсати ўз таъсирини ошкоро кўрсата бошлади. Давлат бош муфтийси Шайх Абдул-Азиз Оли Шайх Америка Қўшма Штатларининг “Jazz” куй-қўшиқларини тинглашга рухсат берди.
Шу пайтгача Саудия Арабистонида бундай куй-қўшиқларини тинглаш ҳаром деб фатво берилган эди. Бироқ Шайх Абдул-Азиз Оли Шайхнинг маълум қилишича, мусиқани тақиқлаш учун аввалги уламолар келтирган далиллар ва бу хусусда улар таянган ҳадисларнинг санадлари заифдир. Бош муфтига кўра, “Jazz” мусиқа тури ҳаром эмас ва у ўйин-кулги давраларидан бири ҳисобланмайди, чунки у мусиқа мусулмон араб тушунмайдиган ажнабий тилда янграйди.
Сўнги хабарларда айтилишича, “ўйин-кулги” маркази бошчилигида Саудия пойтахти Риёдда пайшанба оқшомида биринчи кўнгилочар “Jazz” фестивали бошланади. Мамлакатда ошкоралик сиёсати доирасида ўтказилаётган мазкур фестивал 3 кун давом этади.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Саудия Арабистонидаги “ўйин-кулги” марказининг расмий сайти Саудиянинг Жидда шаҳрида биринчи опера уйи ташкил қилиш устида иш бошланганлиги ҳақида маълум қилди. “Ўйин-кулги” бош ҳайъатининг раиси Аҳмад бин Уқайл ал-Хатибнинг сўнги кунларда берган баёнотига кўра, Саудия Арабистони кейинги ўн йил мобайнида кўнгилочар соҳани ривожлантириш учун қарийб 240 миллиард риял (65 миллиард доллар) миқдорида маблағ ётқизади. Бу маблағ давлат ва хусусий секторлардан йиғиб олинади.