Ўзбекистон ҳарбий делегацияси Афғонистонда бўлди
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, Ўзбекистон Мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор П. Эргашев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Афғонистонга ташрифини якунлади.
Ўзбекистон делегацияси Кобул шаҳрида Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари армиялари бош штаб бошлиқларининг йиллик конференциясида иштирок этди. Унда шунингдек, АҚШ/НАТОнинг “Қатъий қўллаб-қувватлов” миссияси, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон ва Туркманистон Қуролли кучлари олий раҳбарияти вакиллари қатнашди.
Халқаро терроризм ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши биргаликда курашиш масалалари конференция кун тартибидаги асосий мавзулардан бўлди.
Ўзбекистоннинг Афғонистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, ташриф давомида делегация Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани томонидан қабул қилинди.
10 феврал куни Тошкентда ўзбек-афғон қўшма комиссиясининг хавфсизлик масалаларига бағишланган мажлиси бўлиб ўтган, унда томонлар террорчилик ва экстремизмга, қурол-яроғ савдосига, наркотик моддалар ноқонуний савдоси ҳамда уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши кураш истиқболларини муҳокама қилишганди.
Март ойида Тошкентда Афғонистонда тинчлик ўрнатишга бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтиши режалаштирилмоқда.