ЕИ Россияга нисбатан санкциялар муддатини узайтирди

637
0

ЕИ Россияга нисбатан санкциялар муддатини узайтирди

 Европа иттифоқи давлатлари етакчилари Россияга қарши жорий этилган иқтисодий санкцияларни 2018 йилнинг ўртасига қадар узайтириш ҳақидаги қарорни қабул қилишди. Бу ҳақда Европа кенгаши раиси Дональд Туск Twitter’даги саҳифасида хабар берган.

 Хабарга кўра, чеклов чоралари энергетик, мудофаа ҳамда молиявий секторларга алоқадор.

 Санкциялар узайтирилиши ҳақида аввалига Reuters агентлигига Брюсселдаги амалдорлар ҳамда дипломатлар аноним ҳолда маълум қилишди. Гап 2014 йилнинг 31 июлидан жорий этилган санкциялар ҳақида бормоқда.

 Франция президенти Эмманюэль Макрон ҳамда ГФР канцлери Ангела Меркел пайшанба куни Минск келишувлари ҳозирга қадар бажарилмаганини сабабли чеклов чоралари яна ярим йилга қадар амалда бўлишини маълум қилишди.

 Санкциялар сўнгги марта 2017 йилнинг июнида узайтирилган ва уларнинг муддати 2018 йилнинг январида ўз ниҳоясига етиши керак эди.

 Санкция рўйхатидан Россиянинг давлат иштирокидаги энг йирик компаниялари жой олган. Уларнинг Европа молиявий бозорига кириши чекланди.

 Санкциялар “Роснефть”, “Газпром нефть”, “Транснефть” нефтгаз компаниялари, Сбербанк, ВТБ, “Газпромбанк”, “Внешэкономбанк” банклари, шунингдек Қрим компанияларига нисбатан жорий этилган.

 Мудофаа сектори компанияларига нисбатан қурол-яроғ экспортига эмбарго киритилди, шунингдек иккиламчи мақсадлардаги товарлар ва Россияда ҳарбий йўналишда фойдаланилиши мумкин бўлган технологиялар экспортига тақиқ қўйилди.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here