Марказий Осиё бўйича Самарқандда ўтадиган конференцияга 500 дан зиёд одам келади

5
814

Марказий Осиё бўйича Самарқандда ўтадиган конференцияга 500 дан зиёд одам келади

 Самарқанд шаҳрида 2017 йил 10-11 ноябр кунлари БМТ шафелигида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтади, дея хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

 Конференция ишида 500 дан ортиқ иштирокчи, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ва Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ вакиллари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус аъзолари қатнашади.

 Икки кун давом этадиган форум Марказий Осиё давлатлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик суръатини оширишнинг аниқ йўналишлари, шунингдек, тараққиёт бўйича ҳудудий лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда замонавий хатар ва таҳдидларга қарши курашишда мамлакатлар салоҳиятини юксалтиришга кўмаклашишда халқаро ташкилотлар ва ҳамкор давлатларнинг ўрнини муҳокама қилиш имконини беради.

 Форум дастурига мувофиқ, БМТ бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, БМТ бош котиби ёрдамчиси, БМТ тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Федерика Могерини, Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт бўйича Европа комиссари Невен Мимица, ЕХҲТ Бош котиби Томас Гремингер, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси – Ижрочи котиби Сергей Лебедев, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов ва бошқа халқаро тузилмалар раҳбарлари иштирокчиларга мурожаат қилади.

 Конференция Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, БМТнинг Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.

 Манба: “Фарғона”  ахборот агентлиги

 

5 COMMENTS