Қозоғистон “йўл ҳаритаси”ни имзоламади
Ереван шаҳрида ўтказилган Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари ҳукуматлараро кенгаш йиғилишида Қозоғистон бош вазири Бакитжон Сагинтаев қозоқ-қирғиз чегарасидаги вазиятни ҳал қилиш бўйича “йўл харита”ни имзоламади. Бу ҳақида “Sputnik” нашри хабар берди.
Ушбу қарор холисоналиги бўйича Қозоғистон ва Қирғизистон амалдорларининг фикрлари бўлиниб кетди.
“Нур Отан” партияси жамоатчилик институти директори ўринбосари Владимир Тельнов Қозоғистон ҳукуматининг қарори мантиқий деб ҳисоблайди.
“Қирғизистон биздан барча қоидаларни жуда қатъийлик билан бажаришни талаб қилгандан кейин, аслида уларни ҳеч ким бузишни истамаган, Қозоғистон томонининг реакцияси иқтисодий битимлар қандай ижро этилаётганлигига қаратилган. Тўғри, улар имтиёзга эга. Уларда Хитойга олиб кириш нархи бир неча баравар (25 фоиз)га арзон, демак улар Хитой товарларини фақат ўзида ишлатиш мажбуриятини оладилар. Негадир улар ушбу маҳсулотларни ички давлат эҳтиёжидан 5 баравар ортиқ олиб кирадилар. Бу товарлар ҳаммаси қаерга кетмоқда? Тушунарли қаерга”,- деб таъкидлади Sputnik Қозоғистонга Владимир Тельнов.
Ереванда ўтказилган йиғилишда Қозоғистон бош вазири Бакитжан Сагинтаев қуйидаги рақамларни айтиб ўтди. Жумладан, Хитой маълумотларига кўра, Хитойдан Қирғизистонга импорт ҳажми 2,6 миллиард долларни ташкил қилган. Қирғизистон ҳисоботларида эса 900 миллион доллар қайд этилган. Унинг фикрига кўра, Қирғизистонга Хитойда ишлаб чиқарилган кийим кечак ва пойабзал Россия ва Қозоғистонга қараганда кўпроқ олиб кирилади.
Қозоғистон бош вазири йиғилишда Қирғизистоннинг божхона маъмурчилиги кучсиз эканлигини таъкидлаб ўтди. Бунинг оқибатида Евроосиё иқтисодий иттифоқ давлатлари қўшилган қиймат солиғидан 2,68 миллиард доллар йўқотилган. Сагинтаев сўзларига кўра, чегарада кўрилаётган чоралар Қирғизистонга қарши эмас ва юк ташувчиларнинг қоидабузарликларини аниқлашга қаратилган.