Курдистон минтақасининг бўлиниши билан боғлиқ референдум ортида нималар бор?

623
0

بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم

Курдистон минтақасининг бўлиниши билан боғлиқ референдум ортида нималар бор?

Савол: Курдистон минтақасининг бўлиниши ҳақидаги референдумга халқаро ва регионал доиралар розилиги бўлмаслигига қарамасдан нима учун Барзоний бўлиниш ҳақида референдум ўтказишга қаттиқ турмоқда? Бугунги вазиятда референдум ўтказиш курдларнинг ўз манфаатига ҳам зид эмасми? Референдум ўтказилиши кутилаётган ишми? Агар у ўтказилса ва кўпчилик буни маъқулласа, минтақада Курдистон давлати пайдо бўлиши мумкинми? Аллоҳ сизни яхшилик билан мукофотласин.

Жавоб: Бу ерда шундай гап борки, агар ҳоким ўз юрти манфаатига зид қарор қабул қилса, бу ўша ҳокимнинг малайлигини ва бошқа давлат ўз манфаати учун бундай қарорни қабул қилиш ҳақида кўрсатма берганини англатади… Бу гап Курдистон минтақасидаги курдларга ҳам мос келади. Бунинг баёни қуйидагича:

  • Ҳар қандай онгли сиёсатчи биладики, курдларнинг давлатга эга бўлиши жуда қийин. Қолаверса, бугунги халқаро вазиятда курдлар учун давлат тиклашга ҳаракат қилиш Курдистон минтақасига зарар етказади. Бу билан Курдистон минтақаси сиёсий ва маънавий зарар кўрибгина қолмай моддий зарар ҳам кўради. Чунки бу ерда масала Ироқда курдлар учун давлат тиклашгина эмас, агар шундай бўлганида буни қилиш имконияти мавжуд эди… Америкаликлар Ироқни босиб олганидан кейин у ерда тикланган режим, яъни Бремер дастури номи билан танилган режим Ироқни марказ билан мўрт алоқага эга бўлган минтақалардан тузилган федерал давлатга айлантириб қўйди. Ҳатто Курдистон минтақаси бошқарув ва ишларни тасарруф қилиш жиҳатидан Бағдоддаги марказий ҳукуматда энг кучли минтақалардан бирига айланди.

Мустамлакачи кофир давлатлар ўзи босиб олган ҳар қандай мусулмон юртни тақсимлаш ва парчалаш ҳақида ўйлайди. Бунда улар фақат фурсат пойлайди холос. Бу уларнинг Ислом ва мусулмонларга бўлган нафратидандир… 2014 йил 12 августда бўлган савол жавобда шундай деган эдик: (- Америка 2003 йил Ироқни босиб олгандан бери уни парчалаш пайида. Бремер мазҳабпарастлик ва тоифачилик асосида ишлаб чиққан конституцияда тоифа ва мазҳабларнинг улушлари бор. Уларни президент, парламент спикери ва бош вазирга бўлиб берган. Бош вазир ижроий ҳокимият, Бремер уни мазҳабга алоқадор мансабга айлантирган ҳамда у ҳокимиятнинг бошқа бўлимларига нисбатан провокацион хусусиятга эга… Конституцияда минтақалардан тузилган иттифоқ ва бу минтақалар салоҳияти юқорилиги ҳақида ёзилган. Шунинг учун Америка Ироқни минтақаларга тақсимлаш учун вазият ҳозирлашда муваффақият қозонди…). Минтақалар амалий жиҳатдан ўзича давлат бўлиб, уларга БМТга аъзолик ва элчилик каби расмий шакллар етишмайди холос… Аммо амалий жиҳатдан Курдистон давлат ичидаги давлат марказий давлатдан ажралгандир. Шунинг учун Ироқ яхлит давлат эмас!

Шунинг учун Курдистон минтақаси Ироқ давлати ичида давлатга муҳтож эмас, балки у амалий жиҳатдан ўзича давлатдир… Бундан ташқари юқорида айтганимиздек масала фақат Ироқдаги курдлар минтақасида ва Ироқдан ташқаридаги курдларга алоқаси бўлмаган курд давлатини тиклаш эмас. Балки курдлар учун тикланадиган ҳар қандай давлат ортидан автоматик тарзда минтақадаги курдлар ҳаракатини келтириб чиқаради. Шундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак курд давлати Курдистон минтақасидагина тўхтаб қолмайди…

Шунинг учун курдлар давлатининг пайдо бўлиши Америка ва унинг Туркия, Эрон, Суриядаги малайлари учун оғриқли зарба ҳисобланади. Бундан ташқари ҳар қандай сиёсатчи тушунадики, Туркияда бўладими ёки Сурия ёки Ироқдами фарқсиз ўлароқ, курдлар учун давлат тикланишига на халқаро ва на минтақавий вазият йўл беради. Мен курд сиёсатчилари, шу жумладан Барзоний бу нарсани тушунмайди дейишдан йироқман. Балки ҳозиргина айтганимиздек бугунги вазиятда курд давлатини пайдо бўлиши ишларни чалкаштиради ва минтақадаги хусусан курдлар минтақасидаги бошқарувни қўлдан чиқаради. Бу эса юқорида айтганимиздек курдларга нафақат маънавий ва сиёсий, балки моддий зарар келтиради. Шунинг учун Барзонийнинг қарори бугунги вазиятда ўз юрти манфаатига зиддир… Бу гапнинг биринчи қисми.

  • Аммо Барзонийнинг қарори ортида турган ва бу қарордан манфаатдор бўлаётган давлат ҳақида айтадиган бўлсак, бу давлатнинг кимлигини топиш қийин иш эмас, чунки бунга далиллар очиқ ойдин. Барзоний Америка ҳамда Курдистон минтақасини ўраб турган ва Америкага малай давлатлар қаршилиги остида Ироқдан алоҳида давлат тикланиши ҳақида референдум ўтказишни эълон қила олмайди. Шунингдек Барзоний уни шу қарорни чиқаришга қизиқтираётган ва қўллаб-қувватлаётган давлат бўлсагина халқаро ва минтақавий жиҳатдан қаршилик қилаётган мана шу кучларга қарши тура олади. Чунки Курдистон минтақаси ўзининг лаш-лушлари билан бу давлатлар, хусусан Ироқ устидан ҳукмрон бўлиб турган Америка қаршисида сабот билан тура олмайди. Шунинг учун юқорида айтганимиздек бу қарор ортида турган давлат кимлигини билиб олиш қийин иш эмас, у Британиядир.

Барзоний оиласи Усмоний давлатнинг охирги кунларидан бери Британия билан алоқада бўлиб келади. Барзоний бу алоқани отаси Мустафо Мулла Барзоний, ундан олдин амакиси Аҳмад Барзоний, ундан олдин 1909 йилдан 1914 йилгача Британиянинг қўллаб-қувватлови остида Усмоний давлатга қарши қуролли курдлар исёнига етакчилик қилган Абдуссалом Барзонийдан мерос олган. Демак унинг оиласи Британия билан тиғиз алоқададир… Агар Британиянинг бу референдум борасидаги позициясини кузатсак, у референдумни қўллаб-қувватлаётганини биламиз. Британия ўзи ифлос услуб ва алдовлари билан танилган:

Масалан Барзоний 2017 йил 24 августда Британиянинг Ироқдаги элчиси Фрэнк Бейкер билан уни Британия қўллаб-қувватлаётганини кўрсатиш учун учрашди. Курдларнинг «Rudaw» газетаси бу учрашув ҳақида шундай ёзди: «Ироқда Барзоний Британия элчиси билан бўлган учрашувида меҳмон ўз юрти Курдистон халқи ҳуқуқларини тушунишини айтди ва Курдистон минтақаси раисини Британиянинг референдумга нисбатан тутган позициясидан хабардор қилди». Дипломатия тилида тушунди дегани қўллаб-қувватлади деганидир. Шунингдек ҳеч нарса қўшмасдан Британия позицияси ҳақида хабардор қилди дегани ҳам қўллаб-қувватлади деганидир. Бошқача айтганда Британия Барзонийнинг қарорига нисбатан ижобий позицияда, уни қўллаб-қувватлайди ҳамда Америка ва минтақадаги унга малай давлатлар қаршилигига қарамай ишини давом этишини талаб қилади деганидир…

Масалан (Курдистон минтақасидаги ташқи алоқалар бўйича масъул Фалоҳ Мустафо Курдистон 24 каналига шундай интервью берди: «Британия референдум ўтказилиши ва курдларнинг интилишларига қарши эмас». Фалоҳ Мустафо бу гапни Британиянинг Ўрта Шарқ ва Шимолий Африка бўйича масъул ходими Алистер Берт Эрбилда курд масъуллари билан учрашганидан кейин айтди. Британиянинг Ўрта Шарқ ва Шимолий Африка бўйича ходими Алистер Берт якшанба куни бир неча масалалар бўйича курд масъуллари билан сўзлашиш учун Эрбилга келган эди. Курдлар Курдистон минтақасини Ироқдан ажралиб чиқиши бўйича бўладиган референдумни жорий йил 25 сентябрга белгилашмоқчи ва буни мустақил давлатни тиклаш сари биринчи қадам деб ҳисоблашмоқда…). (Курдистон 24 канали, Эрбил, 2017 йил 5 сентябр).

Шундай қилиб референдум борасида Барзоний чиқарган қарор ортида Британия давлати турибди…

  • Британиянинг бу қарор ортидаги манфаатига келсак, бу нарса Трамп сайловларда ғолиб чиқиб, Британия ташқи ишлар вазираси 2017 йил 26 январда Вашингтонга ташриф буюриб, уни табриклаши ортидан бошланди… Ўша пайтда Трамп Мейни, Мей эса Трампни мақтади. Лекин уларнинг ҳар бирининг ўзгача мақсади бор эди. Трамп Британиядан Европа Иттифоқини парчалашга куч сарфлашини ва Европа билан кечиктирмай алоқаларини узишини хоҳлади.

Айни пайтда Европа Иттифоқини парчалаш учун муҳит тайёрлашда куч сарфлашини, хусусан бу ишни сайловлар арафасида турган Франция ва Голландияда амалга оширишини ҳам хоҳлади… Аммо Мей Трампдан Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши олдидан имтиёзларга эга бўлиши учун Европа Иттифоқи давлатларига босим қилишда фойдаланадиган тижорий келишувлар тузишни хоҳлади. Трамп ҳам, Мей ҳам ташриф чоғида кўзлаган мақсади учун фикрини жамлади. Масалан Мей инглизлар одатига кўра тижорий мақсадини турли йўллар билан яширишга ҳаракат қилди. Лекин Трампнинг дипломатия соҳасидаги малакасизлиги ва унинг очиқ баёнотлари Мейга ўз ниятларни яшириш имконини бермади…

Франция ва Голландиядаги сайловларда Европа Иттифоқини қўлловчилар ғолиб чиқди. Бундан ташқари Германия Европа Иттифоқини кучли қўллаб-қувватлади ва унга қаттиқ эътибор бера бошлади. Шунда Трамп Британияни фақат Америка билан бўладиган тижорий алоқаларгина қизиқтираётгани ва Трамп хоҳлаганидек Европа Иттифоқи парчаланишига эътибор қаратмаётганини тушуниб қолди. Бу ҳолат Трампни асабийлаштирди ва у Британиянинг ўлим нуқтаси бўлмиш Қатарга зарба берди ҳамда уни қамал қилиб, дунёдан узиб қўйди. Биз 2017 йил 23 июлдаги савол жавобда айтган эдикки: (Британия ҳақида айтадиган бўлсак, Британия бош вазири Тереза Мей 2017 йил 26 январда Вашингтонга ташриф буюриши ва Вашингтон билан тижорий иттифоқ тузишга интилиши Евроиттифоқнинг бошқа давлатларига ундан чиқишига қизиқтириш учун намуна бўлди. Шунингдек Британия Америка билан яқин муносабатга киришиб, Трамп идорасини хурсанд қилди. Лекин Американинг Европа иттифоқи парчаланиши ҳақидаги орзулари сўна бошлагач, яъни Нидерландия ва Франция сайловларида Европани қўлловчилар муваффақият топгач, Трампнинг Британияга нисбатан ижобий қараши ўзгарди.

Чунки Трамп Британия Европани парчалаш ишига етакчилик қилишини хоҳлаган эди. Лондонда юз берган Брексит Париж ва Амстердамда такрорланмагач, Америка Британиянинг халқаро манфаатларини юлиб ола бошлади, бу эса Лондонга зарба берди. Америка малайи бўлмиш Сисийни Британиянинг Ливиядаги манфаатларига қарши Ҳафтарни қўллаб-қувватлашига ундади. Шунингдек Америка ўз малайларини Британиянинг араб ва исломий оламдаги торпедоси бўлмиш Қатарга қарши зарба беришга ундади…). Буларнинг барчаси Трампнинг асабига тегди ва у Саудияга бориб олий даражада саммит ўтказди ҳамда Қатарга нисбатан содир бўлган қамал ва дунёдан узиб қўйиш амалиётида Британияга зарба берди.

  • Ўз ўрнида Британия ҳам Американинг минтақадаги манфаатларига ташвиш туғдиришдан бошқа чораси йўқ эди. Шунинг учун у малайи Барзоний орқали референдум масаласини кўтарди ҳамда Америка ва унинг малайларини безовта қила бошлади. Аслида Британия Америкага очиқдан-очиқ ташвиш туғдира олмайди ва унга очиқча қарши чиқишга кучи етмайди. Лекин у Курдистон референдуми каби таъсирли иш ва қулай фурсат топилганда ташвиш туғдириш ва безовта қилиш хусусиятига эга. Британия Барзонийни охиригача боришига ҳарисдир, чунки вазият минтақада қуролли амалиётлар бўлаётгани учун Америка ва унинг малайлари Туркия, Эрон, Сурия учун қайноқ вазиятдир… Шунинг учун Барзоний референдум ўтказилишига қаттиқ турмоқда. Британия эса Курдистон минтақасида курдлар учун мустақил давлат тикланади деб референдум ўтказишга қизиқтирмоқда. Британия одатига кўра алдаяпти ва адаштиряпти. Чунки у учун ўз манфаати олдида курдлар манфаати ҳеч нарса эмас. Британиянинг курдлар билан бўлган тарихи бундай ишлар билан тўла!

Биз 2009 йил 1 апрелдаги савол жавобда шундай деган эдик: (… Британия 1919 йил Маҳмуд Ҳафидга Усмонийларнинг Сулаймониядаги ҳимоя қалъасига ҳужум қилиш эвазига курд давлатини тиклаб бериш ваъдасини берди. Шунда улар қалъага ҳужум қилиб, у ердаги усмоний биродарларини ўлдиришди ва тирик қолганларини қувиб чиқишди. Британия эса ваъдасида турмади, балки Маҳмуд Ҳафидни мустамлакаси бўлмиш Ҳиндистонга сургун қилди. 1920 йил Севр (Франция) шаҳрида Усмоний давлат билан бўлган келишувда Британия халифа Муҳаммад Ваҳидуддинни безовта қилиш учун Курд давлатини тиклаш деган бандни киритишга қаттиқ турди. Бу келишувда халифанинг элчиси иштирок этди. Британия бу ишда муваффақият қозониб, Мустафо Камолни жумҳурият президенти қилиб тайинлади ва Халифалик тугатилди. Сўнг Лозаннада 1924 йил Мустафо Камолнинг жумҳурияти билан сўзлашувлар бўлди ва Британия Курд давлатини тиклаш бандини инкор қилди. Чунки у мақсади, яъни Халифаликни қулатиш ишини рўёбга чиқарган эди. Шундан кейин бундай ишга ҳожат қолмади.

Британия минтақада курд миллатчилиги ва ундан бошқа барча миллатчилик фитналарини қўзғади. Кейин бу миллатларни Исломий давлатга қарши исён қилишга қизиқтирди ва охири ниятига етди. Сўнг унга ёрдам берган ва уларни қулдек ишлатган кимсаларни бошқарувга тиклаб, уларни ҳоким ва етакчи деб атади…). Ҳа, Британия ўтмишда ҳам ҳозир ҳам мана шундай алдайди ва адаштиради…

  • Барзоний шундай қилиб, 2017 йил 25 сентябрда давлати бўлиши учун референдум ўтказишга қаттиқ турибди. У бунда референдум ўтказилишига қарши чиққан минтақавий ва халқаро позицияга эътибор бермаяпти. Балки у шундай деб очиқ баёнот берди: (Курдистон минтақаси 25 сентябрда ўтказиладиган Ироқдан ажралиш борасидаги референдумни кечиктириш ёки бекор қилишдан чоршанба куни яна бир бор бош тортди. Бу нарса Эрбилни бундай қадамдан қайтариш учун қилинган минтақавий ва халқаро ҳаракатларга қарамай ҳамда Бағдоддаги марказий ҳукумат бу референдум ва унинг натижаларидан бош тортишига қарамай рўй берди).

Курдистон минтақасидаги референдум бўйича олий кенгаш кеча минтақа раиси Масъуд Барзоний бошчилигида йиғилиш ўтказиб унда курдлар элчисининг референдум мавзуси бўйича Бағдодга қилган охирги ташрифи натижалари ҳамда Барзонийнинг Эрбилда Жеймс Меттис билан ўтказган сўзлашувлари натижаси борасида баҳс мунозара қилди. Барзоний маслаҳатчиси шундай деди: «Масъуд Барзоний жорий йил 25 сентябр, белгиланган референдум бир дақиқа ҳам кечиктирилмай ўтказилиши ҳақида айтди». (2017 йил 24 август, Дубай шаҳри, Арабия нет сайти). Бу баёнот референдум ўтказилишига халқаро ва минтақавий жиҳатдан очиқ қаршиликлар бўлишига қарамай берилмоқда:

а)   Америка Барзоний 2017 йил 7 июнда чиқиб, Ироқнинг курдлар минтақасида 25 сентябрда мустақил Курдистон давлатини тиклаш борасида референдум ўтказилиши ҳақида эълон қилган кундан бошлаб, бу референдумга қарши чиққан. Америка буни халқаро алоқалар бўйича Америка элчиси Бретт Мак-Гурк орқали эълон қилди. У айтдики: «Бундай қалтис вазиятда референдум ўтказиш беқарорликни келтириб чиқаради. Биз референдумни сентябрда ўтказиш шарт деб ўйламаймиз. Чунки референдумни бундай шошилинч тарзда ўтказилиши, хусусан бундай баҳсли минтақада ўтказилиши сезиларли даражада беқарорликка олиб боради» (2017 йил 8 июн, АФП).

Америка ташқи ишлар вазири Рекс Тиллерсон Курдистон минтақаси раиси Масъуд Барзоний билан бўлган 2017 йил 11 августдаги телефон сўзлашувида Вашингтон референдумни кечиктиришни хоҳлаётгани ва Бағдод билан бу борада сўзлашув ўтказиши ҳақида айтган… Америка мудофаа вазири Жеймс Меттисни 2017 йил 22 августда Ироқ бош вазири Ибодий билан учрашиши, сўнг Барзоний билан учрашиш учун Эрбилга бориши ва 2017 йил 23 августда эса Анқарага бориб, Американинг минтақадаги фаол дастаги бўлган Эрдоган билан учрашиши учун минтақага юборди…

б)   Америкага малай минтақа давлатлари ҳам референдум ўтказилишига қарши чиқишди. Бош вазир номидан сўзловчи Саъд Ҳадисий шундай деди: «Ироқдаги ҳар қандай тарафнинг босаётган қадами ва позицияси конституцияга таяниши лозим. Шунингдек конституциясида тўлиқ миллий ҳукмронликка эга, яхлит федерал, демократик ўлка деб белгиланган Ироқ давлати келажаги хусусидаги ҳар қандай қарор конституция бандларига риоя қилиниши лозим… Ҳеч қайси тараф бошқалардан алоҳида Ироқ тақдирини белгилаши мумкин эмас». (2017 йил 9 июн, Ҳурра Америка газетаси).

Туркия давлати ҳам биринчи кунданоқ референдум ва Курдистон мустақиллиги эълон қилинишига қарши чиқди. Туркия ташқи ишлар вазирлиги бир баёнот чоп этиб, унда минтақа раиси қарорини «Бу қалтис хато ва Ироқ заминининг яхлитлигига хатар туғдиради» деб ифодалади. (2017 йил 9 июн, Америка озодлиги газетаси)… Эрдоган Америка мудофаа вазири Меттис билан учрашгач, «Референдум ҳақидаги қарор хато қарордир» деди. (2017 йил 24 август, Ал-Жазира)…

Эрон давлати референдум ўтказилиши эълон қилинганидан озгина ўтиб, 2017 йил 11 июнда келаётган сентябр ойида Ироқ Курдистонида ўтказилиши белгиланган референдумга жиддий қаршилигини эълон қилди. Эрон давлати: «Ироқ ерлари яхлитлиги борасида аниқ позицияси борлигини» айтди.

Эрон ташқи ишлар вазирлиги номидан сўзловчи Баҳром Қосимий шундай деди: «Миллий ва қонуний рамка ва меъёрлардан йироқ ва алоҳида чиқарилган қарорлар Ироқдаги тинч вазиятга путур етказади ва муаммоларни кўпайтиради». (Эркин фикр сайти, 2017 йил 15 июн). Эркин фикр сайти 2017 йил 7 сентябр куни Эрон маслаҳат кенгаши раисининг қуйидаги баёнотини тарқатди: (Исломий маслаҳат кенгаши раисининг халқаро ишлар бўйича махсус ёрдамчиси Ҳусайн Амир Абдуллиҳён Ироқ Курдистонида референдум ўтказилиши янги инқирозни пайдо қилади…).

Американинг Курдистон ичида ҳам тобелари бўлиб, улар Курд Ғаврон (ўзгартириш) ҳаракати ва Талабонийнинг миллий иттиҳод ҳизбидир. Ғаврон ҳаракати Барзонийнинг референдум ўтказиш борасидаги эълонига қарши чиқди ва ҳаракатнинг Курдистон парламентидаги аъзоси Ҳушёр Абдуллоҳ шундай деди: «Ўзгартириш ҳаракати битта фикрда қаттиқ туради, у ҳам бўлса, референдум учун белгиланган вақт хато ва бу режа Барзонийнинг шахсий режасидир». Ҳушёр Абдуллоҳ яна: «Курдистон демократик партияси ўйинчи эмас, пиёдадир» деб таъкидлади. (Иттифоқ газетаси, 2017 йил 5 август). Ироқ жумҳурияти президенти, Талобонийнинг миллий демократик партияси аъзоси Фуод Маъсум ҳам референдумга қарши чиқар экан шундай деди: «Президентлик курсиси курдларнинг розилиги ва овози билан тикланган ва у курдларнинг бир томчи қони ва қурбонликларига тўғри келмайди. Улар «Маъсум»га давлат тиклаш борасидаги орзуларига дахл қилишига йўл қўймайдилар. Улар референдум куни унга қарши овоз берадилар». Курдистон демократик партияси Маъсумнинг баёнотини шундай сифатлади: «У хатарли ва дунё давлатларига йўлланган ёмон номадир. У яна референдум натижаларини чигаллаштиради ҳамда шаънини туширади». (Собиқ манба).

Барзоний шунча минтақавий ва халқаро қаршиликларга қарамай юқорида айтганимиздек референдум ўтказишга қаттиқ турмоқда ва уни бир дақиқа ҳам кечиктирилмайди деб баёнот бермоқда. Бунга сабаб Британия референдум мавзусини биз айтган тариқада қўллаб-қувватламоқда.

  • Референдум ва унга таъсир қилувчи турли омиллар ҳақида айтганимиздан кейин, бу мавзуга нисбатан кутилаётган нарсага жавоб берсак бўлади… Биз юқорида баён қилган асосларга кўра бу ишга нисбатан маъқул фикр қуйидагича:

а)   Ҳар қандай ҳолатда ҳам курдлар учун қонуний маънода давлат тикланиши қийин ишдир. Чунки Ироққа нисбатан Америка лойиҳаси шундан иборатки, Ироқ марказ билан минтақалар ўртасида мўрт алоқага эга федерал давлат бўлишидир. Бошқача айтганда расман Ироқ номли федерал давлати бўлади, аммо амалий жиҳатдан Ироқдаги бошқарув идораси турли тоифаларга тақсимланади… Америка 2003 йили Ироқни босиб олгандан бери шу лойиҳани қўлламоқда. Чунки Америка Ироқни босиб олган пайтдаёқ парчалаш ва тақсимлаш уруғини сепган, лекин фурсат келганда уни расмий давлат деб эълон қилади. Ироқнинг Америкалик ҳокими бўлмиш Бремер ўша пайтда Ироқ учун федерал минтақалар конституциясини ишлаб чиққан. Унга кўра, Ироқ марказий бошқарувга эга кучли яхлит давлат бўла олмайди, балки мўрт федерал давлат бўлади. Унда Минтақалардаги бошқарув марказий бошқарувдан кучли бўлади. Қачон Америка кучи етганда ва ўзи учун манфаатли деб топганда уни расмий шаклда давлат қилади… Аммо Американинг бугунги лойиҳаси Ироқ марказ билан мўрт алоқага эга, минтақалардан иборат федерал давлат қилишдир…

2014 йил 12 августдаги савол жавобда шундай деган эдик: (Америка 2003 йил Ироқни босиб олгандан бошлаб, уни парчалашда давом этаяпти. Бремер мазҳабпарастлик ва тоифачилик асосида ишлаб чиққан конституцияда тоифа ва мазҳабларнинг улушлари бор. Уларни президент, парламент спикери ва бош вазирга бўлиб берган. Бош вазир ижроий ҳокимият, Бремер уни мазҳабга алоқадор мансабга айлантирган ҳамда у ҳокимиятнинг бошқа бўлимларига нисбатан провокацион хусусиятга эга…. Конституцияда минтақалардан тузилган иттифоқ ҳақида ва бу минтақаларнинг салоҳияти юқорилиги ҳақида ёзилган. Шунинг учун Америка Ироқни минтақаларга тақсимлаш учун вазият ҳозирлашда муваффақият қозонди…).

Шунга кўра Американнг бугунги сиёсати шуки, у Ироқда бир неча давлат бўлишни хоҳламаяпти. Балки у Ироқни шаклан давлат ва амалда эса тақсимланган федерал давлат бўлишини хоҳлаяпти. Шунинг учун бугунги вазиятда Ироқни қонуний шаклда давлатларга бўлиш ҳақиқатдан йироқдир. Балки Ироқ Бремер лойиҳасидагидек амалда тақсимланган ва минтақалар марказдан кучли ҳолда қолаверади. Бу ҳолат ҳеч бўлмаганда кутилган муддатгача шундай қолади.

б)   Референдум ўтказилиши эълон қилиниши Британиянинг буйруғи бўлиб, ҳозир у Қатар борасида боши берк кўчага кириб қолган ва шу йўл билан Америка манфаатларига ҳужум қилмоқда. Агар Америка Қатарни дунёдан узиб қўйиш амалиётини тўхтатса ёки унинг қадр қимматини сақлайдиган даражада уни енгиллатса, референдум масаласига чек қўйилади…

в)   Америка хоҳлаган пайт референдум масаласига чек қўйиши мумкин, чунки у Ироқдаги ёлғиз ҳоким давлатдир. Бу чек қўйиш бевосита Америка тарафидан бўладими? Ёки Курдистондаги ўзига малай ҳаракатларни ишга солиш билан бўладими? Ёки Туркия ва Эронни Барзонийга қарши ҳаракатга келтириш билан бўладими бунинг фарқи йўқ. Агар Америка хоҳласа моддий кучни ишга солиши ҳам мумкин. Эрон ҳарбий штаб бошлиғи Муҳаммад Боқирий 1979 йил Эрон жумҳурияти тиклангандан бери Туркияга биринчи марта ташриф буюрди. Бу ташриф уч кун давом этиб, 2017 йил 15 августда ўз ниҳоясига етди. Меҳмонни Туркия жумҳурияти президенти Эрдоган Анқарадаги президент қароргоҳида кутиб олди. Туркиянинг расмий Онадоли ахборот агентлиги хабар берганидек учрашув 50 дақиқага чўзилгани ишнинг аҳамиятли эканидан дарак беради. Ташриф чоғида бош штаб бошлиғига қуруқликдаги ҳарбий кучлар қўмондони, чегара қўшинлари қўмондони ва Эроннинг бир қанча катта мартабали ҳарбий қўмондонлари ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақида Эроннинг расмий «ИРНА» ахборот агентлиги хабар тарқатди.

Эроннинг ташқи ишлар вазирлиги номидан сўзловчи Баҳром Қосимий Эрон бош штаб бошлиғи Муҳаммад Боқирийнинг Туркияга ташриф буюриши ва Туркиялик ҳамкори билан учрашишини «сакраш» ва «икки юрт ўртасидаги алоқалардаги етук қадам» деб баҳолади… (2017 йил 21 август Меҳр ахборот агентлиги). Бу ташриф референдумга ёки салмоқли бўлган чоғда унинг натижаларига чек қўйиш учун минтақада моддий ишларни мувофиқлаштириш учун қилинган бўлиши мумкин… Америка мудофаа вазири 2017 йил 23 августда, яъни Эрон бош штаб бошлиғи ташрифидан сўнг Анқарага ташриф буюриши ҳам бу фикримизни қувватлайди…

г)   Агар Америка (в) банддаги ишларни амалга оширганда ташвиш бўлишидан қўрқса, у референдум ўтказилишига қаршилик қилмайди, лекин бу референдум натижа бермаслигини хоҳлайди. Бошқача айтганда референдумдан кейин мустақиллик сари бирор тадбир чора бўлмаслигини хоҳлайди…

  • Аламли нарса шуки, арабу ажамдан иборат мусулмонлар эъзозлайдиган исломий робита масаласида кофирлар муваффақият қозонди. Чунки кофирлар уни мусулмонлар ҳаётидан четлатиб, унинг ўрнига бадбўй робиталарни киритди. Шунингдек уларни парчалади, ўрталаридаги ўзаро урушлар улар учун аҳамиятли ва биродарлик ёт нарсага айланди!

Миллатчилик чўқмори кеча исломий давлатни қулатиш учун ишлаган бўлса, бугун Уммат биносини парчалаш учун ишлаяпти. Мустамлакачи кофир Уммат вужудидан қолганини ҳам мана шу чўқмор билан парчалашда давом этмоқда… Бундан ташқари мусулмон юртларни катта давлатлар ўртасидаги уруш майдони ҳамда мусулмонлар қонини тўкиш ва улар ўзаро бир-бири билан урушиши учун восита қилмоқда! Ваҳоланки Ислом буларнинг барчасини ҳаром қилган ҳамда мусулмонлар яхлит ва биродар бўлишини вожиб қилган. Аллоҳ Таоло айтади:

 «Ва барчангиз Аллоҳнинг арқонига (Қуръонга) боғланингиз ва бўлинмангиз! Ҳамда Аллоҳнинг сизларга берган неъматини эсланг: бир-бирингизга душман бўлган пайтларингизда дилларингизни ошно қилиб қўйди-ю, сизлар Унинг неъмати сабаб биродарларга айландингиз. Ва дўзах чоҳининг ёқасида турган эдингиз, сизларни ундан халос қилди. Ҳақ йўлни топишингиз учун Аллоҳ сизларга ўз оятларини мана шундай баён қилади»                      [Оли Имрон 103]

 «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» [Ҳужурот 10]

Ислом яна барча турдаги тарафкашлик, миллатпарастлик, ватанпарварлик ва қабилачиликни ҳаром қилган. Амр ибн Динор шундай ривоят қилади: Жобир ибн Абдуллоҳ шундай деб айтаётганини эшитганман: Ғазотда эдик, шунда муҳожирлардан бир киши бир ансорийни уриб қўйди. Шунда ҳалиги ансорий ансорий шерикларини чақирди, муҳожир эса муҳожир шерикларини чақирди. Аллоҳ ўз росулини бу ишдан хабардор қилди. Шунда Росулуллоҳ A бу нима? деб сўраган эди, улар: Муҳожирлардан бир киши бир ансорийни уриб қўйган эди, у ансорий шерикларни, муҳожир эса муҳожир шерикларини чақирди дейишди. Шунда Росулуллоҳ A:

«دَعُوهَا، فَإِنَّهَا مُنْتِنَةٌ»

«Уни (тарафкашликни) ташланглар, чунки у сассиқ нарсадир». Бухорий чиқарган. Абу Мижлас Жундуб ибн Абдуллоҳ Бажалийдан ривоят қилишича Росулуллоҳ A шундай деди:

«مَنْ قُتِلَ تَحْتَ رَايَةٍ عُمِّيَّةٍ، يَدْعُو عَصَبِيَّةً، أَوْ يَنْصُرُ عَصَبِيَّةً، فَقِتْلَةٌ جَاهِلِيَّةٌ»

«Кимки гумроҳлик байроғи остида тарафкашликка чақирган ва ёрдам берган ҳолда ўлса, жоҳилият ўлимини топибди». Муслим ривояти.

Мусулмонлар юзлаб йиллар ўз динлари туфайли азиз, Роббилари туфайли кучли бўлиб яшашди. Уларни Ислом биродарлиги жамлади. Росулуллоҳ A саҳобалари ичида Умар, Абу Бакр, Усмон, Али, Салмон Форсий ва Билол Хабашийдек кишилар бор эди… У бир-бирига биродар Аллоҳнинг бандалари бўлиб, Аллоҳ йўлида жиҳод қилишди… Араб миллатидан бўлган Умар Қуддусни фатҳ қилди, курд миллатидан бўлган Салоҳуддин Қуддусдан салибчиларни қувиб чиқди. Турк миллатидан бўлган Абдулҳамид Қуддусни яҳуд ифлослардан сақлади… Шунинг учун мусулмонлар кучли бўлишди. Кимки зеҳн билан қулоқ солса мана шундай бўлиши вожиб.

«Албатта мана шу (Қуръонда) ибодат қилгувчи қавм учун етарли нарса бордир» [Анбиё 106]

 

18 зул-ҳижжа 1438ҳ

9 сентябр 2017м

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here