Атамбаевнинг Тошкентга ташрифи қачон амалга оширилиши маълум қилинди

0
672

Атамбаевнинг Тошкентга ташрифи қачон амалга оширилиши маълум қилинди

 Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев октябр ойи бошида Тошкентга ташрифни амалга оширишни режалаштирган. Бу маълумотни “24.kg” агентлиги давлат раҳбари аппаратидаги манбага асосланган ҳолда тарқатган.

 Қайд этилишича, Қирғизистон раҳбари Ўзбекистонга жавоб ташрифини амалга оширади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Бишкекка ташрифи вақтида қўшни давлат раҳбарини Тошкентга таклиф қилганди. Шавкат Мирзиёев Атамбаевга Бишкекка сафари якунлари бўйича миннатдорчилик мактуби йўллаган.

 Ўзбекистон раҳбари ҳукуматга яқин кунлар ичида эришилган келишувларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш ҳамда музорака ва учрашувлар натижаси бўйича имзоланган битимлар асосида йўл харитасини ишлаб чиқиш топшириғини берган.

 “Сизнинг Ўзбекистонга икки давлатнинг кўплаб соҳалардаги ҳамкорлигини чуқурлаштириш йўлидаги мулоқотни давом эттириш учун жавоб ташрифи амалга оширишингизни сабрсизлик билан кутамиз”,- дейилган мактубда.

 Алмазбек Атамбаевнинг Тошкентга ташрифи доирасида бизнес-форум ва икки мамлакатда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилиши кўзда тутилган.

NO COMMENTS