Лавров Сурия масаласида иорданиялик ҳамкасби билан учрашди
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Иордания ташқи ишлар вазири Айман Ас-Сафадий билан Иордания пойтахти Амманда учрашув ўтказди. Хабарларга кўра, Сергей Лавров учрашув чоғида Россиянинг Иордания билан ҳамоҳанг йўналишга эга эканлигини таъкидлаб ўтган.
Минтақавий масалалар бўйича учрашувлар ўтказиш учун Амманга келган Россия Ташқи ишлар вазири Иорданиялик ҳамкасби билан учрашгандан сўнг муштарак матбуот анжумани ўтказди. Лавров Сурия масаласига доир фикр билдирар экан, Сурия можаросини тезроқ тугатишга ва бу борада ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланишга чақирди. Унга кўра, Сурия масаласида тузилган ҳар бир битим БМТ қарорларидан четга чиқмаслиги лозим.
“Суриядаги қон тўкилишини дарҳол тўхтатиш, инсоний инқирозга ечим топиш ва БМТ қарорларига мувофиқ ҳақиқий битим тузиш лозимдир”, “Халқаро қонунларга ва мамлакат ички ишларига ҳурмат кўрсатилиши лозим. Агар Сурияда янгидан тинч ҳаётга қайтиш учун имконият мавжуд бўлса, ундан унумли фойдаланиш керак”, дея таъкидлади Лавров.
Остона музокаралари доирасида Туркия ва Эрон билан биргаликда урушдан холи минтақа ташкил қилиш учун ҳаракат қилинаётганлигини билдирган Россия Ташқи ишлар вазири, бу борада Саудия Арабистони ҳам бор кучини сарфлаётганига эътибор қаратди.
“Саудия Арабистони Сурия инқирозини тугатишга қатъий қарор қилди. Шунинг учун у Остона музокараларини қўллаб қувватламоқда”, дея қўшимча қилди Лавров.
Шунингдек, Лавров Иордания қироли Абдулла билан ҳам фойдали учрашув ўтказганини маълум қилди.