Туркиядаги 100 минг сурияликни ўз юртига қайтариш лойиҳаси
Туркиянинг ижтимоий сиёсат ва оила ишлари бўйича вазирлиги БМТнинг Қочқинлар бўйича Олий комиссари билан ҳамкорликда Суриялик қочқинларни ўз диёрларига қайтариш қонун лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. Ушбу лойиҳа жорий йилнинг охирига қадар 100 минг сурияликни ўз юртига қайтариш масаласини ўз ичига олади. Бу ҳақида Туркияда чиқадиган “Ҳуррият” газетаси хабар тарқатди.
Газетанинг ёзишича, Туркия кучлари “Озод Сурия армияси” билан ҳамкорликда Сурия шимолида амалга оширган “Фурот қалқони” ҳарбий амалиёти доирасида камида икки минг квадрат клометр ерни ИШИДнинг қўлидан озод қилишга муваффақ бўлган. Эндиги масала суриялик қочқинларни ўз диёрларига қайтариш устида кетмоқда.
“Ҳуррият”га кўра, Туркия ва БМТ ҳамкорлигида ишлаб чиқилаётган лойиҳа 100 минг кишини Суриянинг ал-Боб шаҳарига қайтариш учун зарурий шарт шароитлар яратишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Ҳар икки тарафнинг ташаббуси билан тижорий дўконлар, новвойхоналар очилади, аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади ва маҳаллий мактаблар ва шифохоналар қайта тикланади.
Статистистик маълумотларга кўра, Суриядаги жанглар сабабли ўз юртини тарк этиб Туркияга қочиб ўтган Суриялик қочқинларнинг сони 3,5 миллион кишини ташкил этади.