Назарбоев дин соҳасидаги геосиёсат концепциясини тасдиқлади
“Фарғона” ахборот агентлиги хабар қилишича, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев мақсади барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўлган дин соҳасидаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлади. Назарбоев томонидан 20 июнда имзоланган ана шу концепцияни яқин уч йилга тасдиқлаш тўғрисидаги фармон расмий матбуотда эълон қилинди.
Ҳужжатда айтилишича, давлат диний бирлашмаларнинг ички ишларига аралашмайди, бироқ давлат “диний бирлашмаларнинг мазмунли ва ижтимоий фаолиятини тартибга солиши ва назорат қилиб бориши, давлат қонунлари ва манфаатларининг риоя этилишини талаб қилиши лозим бўлади”.
Бундан ташқари, концепцияда “экстремистик мафкурага қарши туриш ва диний шиорлар билан ниқобланган айрим оқимларнинг деструктив фаолиятини нейтраллаштириш борасидаги умумдавлат тизимини шакллантириш” тўғрисида гап боради.
Концепция диншунослик, теология ва исломшунослик соҳасидаги кадрлар сифати муаммосининг ўткирлигини тан олади. Концепцияда мамлакат ҳукумати қозоғистонликлар томонидан хорижда теологик таълим олиш тизимини тартибга солиш зарурлиги тўғрисида кўрсатиб ўтган.
Концепцияда, шунингдек, радикал ғояларнинг системали равишда жамиятга ташлаб турилиши “террорчилар ва экстремистлар қаторига янги аъзоларни ёллаш учун қулай шароит яратиши” ҳамда радикал кайфиятда бўлган “деструктив оқим” вакилларининг зўравонлик актларига потенциал жиҳатдан тайёр эканликлари таъкидлаб ўтилган.