Атамбаев Россияга давлат ташрифи билан боради

626
0

Атамбаев Россияга давлат ташрифи билан боради

 Президент аппарати ташқи сиёсат бўйича бўлими раҳбари Айзада Субакожоеванинг маълум қилишича, Алмазбек Атамбаев Россияга давлат ташрифини амалга оширади.

 Унинг сўзларига кўра, Россия президенти таклифига биноан, Алмазбек Атамбаев 19 июнда 24 июнга қадар ушбу мамлакатда бўлади. Ташриф икки мамлакат муносабатлари йўлга қўйилганининг 25 йиллиги муносабати билан ташкиллаштирилган. Ушбу ташриф икки мамлакат алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим ва стратегик аҳамиятга эга бўлиши кутилмоқда.

 Ташриф доирасида Алмазбек Атамбаев Россия президенти Владимир Путин ҳамда Россия ҳукумати раҳбари Дмитрий Медведев билан учрашиши режалаштирган. Шунингдек, у Россия илмий доиралари ва Россия ҳудудидаги ватандошларимиз билан учрашади.

 “Ташрифнинг асосий воқеаси Россияда Қирғизистон маданий маркази очилиши бўлади. 20 июн куни кечқурун Кремл саройида Қирғизистон санъат усталари оқшоми ўтказилади. Маданият куни доирасида Қирғизистон халқ-амалий санъати намуналари ва қирғизистонлик режиссёрлар томонидан ишланган фильмлар намойиш этилади. Миграция, Соғлиқни сақлаш, статистика ва молия соҳаларида ҳужжатлар имзоланади”,- деган Айзада Субакожоева.

 Шунингдек, икки давлат раҳбарлари ўзаро иттифоқ ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича декларацияга имзо чекишади.

 Қайд этилишича, ушбу ҳужжатда томонларнинг позициялари ифода этилади. Қирғизистон президенти Татаристон ва Бошқирдистон раҳбарлари билан учрашишни ҳам режалаштирган. Бу учрашувларда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади. Уфа ва Қозон шаҳарларидан ҳам концерт дастурлари, кўргазмалар ва кино намойишлари ташкил этилади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here