Туркиянинг Ҳаво ҳужумлари дўстлари тарафидан қораланди

812
0

Туркиянинг Ҳаво ҳужумлари дўстлари тарафидан қораланди

Туркиянинг қуролли кучларига тегишли самолётлар Ироқ ва Сурияда ПКК ва ЙПГни нишонга олиши АҚШ томнидан ҳам, АҚШ бошчилигидаги коалицион давлатлар томонидан ҳам ижобий қабул қилинмади. Бу ҳақида АҚШ Давлат департаментининг муваққат воизи Марк Тонер кундалик матбуот анжуманида маълум қилди. Туркия уюштирган ҳаво ҳужумларидан АҚШнинг чуқур ташвишга тушганлигини билдирган Тонер ўз андишаларини Туркия ҳукуматига етказганлигини ҳам айтиб ўтди.

“Туркиянинг Ироқ ва Сурияда уюштирган ҳаво ҳужумларига доир АҚШга ҳам, ёки ИШИДга қарши курашаётган коалиция давлатларига ҳам етарлича олдиндан хабар берилмаган”, деди Тонер.

Бироқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдуғон ПКК ва ЙПГни нишонга олиш ҳақида ҳужумдан аввал Москва ва Арбил ҳамда Вашингтонни хабардор қилганлигини айтган эди.

АҚШ Мудофаа вазирлиги Пентагон ҳам худди шунга ўхшаш баёнот берди. Пентагон сўзчиларидан бири маёр Адриан Ранкине Галловай ўзининг ёзма баёнотида Туркиянинг АҚШ билан иттифоқдош бўлган кучларни ҳужумга тутиши ИШИДга қарши коалиция давлатлари томонидан ижобий қабул қилинмаганлигини иддао қилди. Чунки Галловайга кўра, Туркия коалиция давлатларига ўз ҳужуми ҳақида олдиндан хабар қилмаган.

“Туркия куни кеча шимолий Сурия ва Ироқда Америка Қўшма Штатлари ва коалиция билан етарли координация ташкил қилмай туриб, амалга оширган ҳаво ҳужумлари ҳақида жуда қайғудамиз. Ташвишимизни Туркия ҳукуматига билдирдик. Бу ҳаво ҳужумлари коалиция давлатлари тарафидан ижобий қабул қилинмади”, деди Галловай.

Туркистон:

Туркия ЙПГга қилинадиган ҳужумлар ҳақида АҚШ ва Россия каби давлатларга олдиндан маълумот бериладиган бўлса, ҳужумнинг ҳеч қандай маъноси қолмайди. Чунки АҚШ ёки Россияга хабар қилиш ЙПГ ва ПЙДнинг ўзига олдиндан хабар қилиб қўйиш демакдир. Зеро АҚШ ҳам Россия ҳам уларнинг иттифоқдошларидир. Бу ҳақида уларнинг ўзлари очиқ айтишмоқда.

Демак бу ерда шундай ҳолат мавжуд: Туркия террорга қарши курашда АҚШнинг иттифоқчисидир. Айни пайтда у ЙПГ ва ПЙДни террорчи ташкилот деб билади. Бироқ террорга қарши курашда Туркиянинг иттифоқчиси бўлган АҚШ эса ЙПГ ва ПЙДга ҳар томонлама очиқ суратда ёрдам бериб келади. Ҳатто Туркия президенти Америкага сафар қилиб, Оқ уйда меҳмон бўлиб турган пайтда АҚШ расмийлари мазкур ташкилотарни ўзларининг ҳамкори эканлигини маълум қилишди. Шундай экан, Эрдуғоннинг ЙПГ ва ПЙДни террорчи ташкилот деб жар солиши ва бунинг ортидан мана шу ташкилотлар билан очиқ ҳамкорлик қилиб, уларни дастаклаб келаётган АҚШ ва Россияни дўстим деб билишини қандай тушиниш мумкин?!

АҚШнинг бу ташкилотлар билан ҳамкорлиги Обама даврида ҳам бор эди, Трамп даврида ҳам давом этиб келяпти. Фақат йўналиш услубларида бироз фарқ бор. Яъни АҚШда демократлар партияси ҳокимиятга келганда ўзининг ташқи сиёсатини ҳийла-найранглар ва дипломатик йўллар билан амалга оширишга ҳаракат қилади. Республикачилар эса уларнинг акси. Чунки улар ўз истакларини малайларидан қаттиқ қўллик билан талаб қилишади. Ўзларига қарши бирор сўз айтилишига йўл қўйишмайди. Шунинг учун ЙПГ ва ПЙД масаласида Эрдуғоннинг Обама давридаги АҚШга қарата “Эй Америка! Сен бизниинг дўстимизмисан ёки террористларнинг дўстимисан?!”, деган баланд парвоз баёнотларини ҳозирги Трамп даврида эшитиш ўта мушкул.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here