“Уюштирилган спектакль”

0
503

“Уюштирилган спектакль”

“Kun.uz” сайтининг хабар қилишича, Санкт-Петербург метросидаги терактга алоқадорликда гумонланиб қўлга олинган Акрам Азимов Ўш шаҳридаги хусусий клиникадан Қирғизистонда махсус хизмати ходимлари томонидан олиб кетилган. Бу ҳақда клиника бош шифокори мактубида келтириб ўтилган.

ФСБ эса Азимов Москвада қўлга олингани ҳақида маълум қилди.

РБК нашрида ёзилишича, Акрам Азимов 15 апрель куни Ўшдаги шифохонадан Қирғизистон Давлат хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан олиб кетилган. Бу ҳақда “Хосият” клиникаси Зина Каримова ва даволовчи шифокор Санжарбек Тўхташев имзосида ёзилган мактубда баён этилган. Бу мактубдаги сўзлар Азимовнинг отаси Аҳрол Азимов томонидан тасдиқланган.

Хатда айтилишича, 13 апрель куни соат 12:20да Акрам Азимов клиникага келиб, нафас олиш йўлларидаги муаммодан шикоят қилган. 15 апрель куни уни жарроҳлик амалиётидан ўтказишган. Худди шу куни соат 15:35да уни Қирғизистон МХДҚнинг 3 ходими олиб кетган. Бир неча соатдан кейин у қайтарилган, аммо кейин яна олиб кетишган.

“Қўмита ходимлари бизга гувоҳномадан бошқа ҳужжат кўрсатишмади”,- дейилган мактубда.

Икки кун ўтса ҳам Азимов қайтарилмаган, унинг тиббиёт тарихини ёпишга тўғри келган.
“Унинг даволаниш жараёни давом эттирилиши керак эди”,- дея қайд этишган шифокорлар.

“Ҳа, уни МХДҚ ходимлари олиб кетишди ва қайтаришмади. Фамилияларни айтишмади, шифокорларга таҳдид ҳам қилинди- улар шундай дейишди: “Сени ҳам олиб кетишимизни истайсанми?» Кейин унинг онаси келди, биз унга воқеани айтдик”,- деган РБК мухбирига “Хосият” клиникаси шифокори.

Федерал хавфсизлик хизмати Азимов 19 апрель куни Новая Москва ҳудудида қўлга олингани ҳақида эълон қилганди. RT телеканалида унинг қўлга олиниши жараёни тасвири берилди.

“Уюштирилган спектакль”

Азимовнинг шифохонадан олиб қочилгани тўғрисида аввалроқ унинг қариндошлари ҳам маълумот беришганди.

“Уни шифохонадан 15 апрель куни олиб кетишган ва кейин спектакль уюштирилган, худдики уни Москва яқинида қўлга олишган”,- деган РБК нашрига суд мажлисидан олдин гумонланувчининг отаси Аҳрол Азимов.

У РБК мухбирига ўғлининг Домодедово аэропортидан S7 авиакомпанияси рейси орқали 27 март куни Ўшга учиб келгани ҳақидаги талонни ҳам кўрсатган. У кейин Россияга қайтмаган.

Акрам Азимовнинг шифохонага ётқизилганидан кейин йўқолиб қолгани ҳақида “Интерфакс” агентлигига унинг укаси Билол Азимов ва онаси Вазира Мирзахмедова ҳам айтиб ўтганди. Аниқланишича, Азимовда Москвага йўл олиш учун паспорти ҳам ва чипта учун пул ҳам бўлмаган.

“Барча саволлар – Россия Тергов қўмитасига ва ФСБга. Менга бу масалада мурожаат қилманг”,- деган Қирғизистон Давлат Хавфсизлик қўмитаси расмийси Рахат Сулайманов.

NO COMMENTS