Нефт ва газ бўйича илмий тадқиқотлар олиб борадиган халқаро компаниялар орасида Мянмага нисбатан қизиқиш кучаймоқда. Британия ва Мянма фирмалари Араканда, яъни мусулмонлар яшаб келган ва ҳозирда даҳшатли қирғинга учраб, бадарға қилинган минтақада нефт ва газ бўйича тадқиқот ишлари учун қўшма фаолият бошлади. Британиянинг “James Fisher and Sons” ширкати билан Мянманинг “Royal Marine Technology” фирмасининг вакиллари “Sule Shangri-La” меҳмонхонасида қўшма корхона ташкил этиш битимига имзо чекишди.
“Жуда тез орада хорижий хизматлар Мянмада кенгая бошлайди. Шу сабабли маҳаллий компаниялар билан ҳамкорлик қилиш учун биринчи қадам сифатида шартнома имзоладик. Англия ширкати бу ерда ўрнашиш учун бизнинг ширкатимиз билан биргаликда иш олиб бормоқда”, деди Мянма фирмасининг бош менежери Мйинт Аун.
Мянма ҳукумати Араканлик мусулмонларни ўз қишлоқларидан нима учун қувғин қилганлиги ошкор бўлиб бормоқда. Ваҳший бутпарастлар уйларига ҳам, ўзларига ҳам ўт қўйиб, ўз ерларидан қувиб чиқарган Роҳингя мусулмонлари яшаган минтақадан катта миқдорда табиий газ ва нефт топилгани айтилмоқда. Мусулмонларга нисбатан даҳшатли жиноятлар содир этилган ва ерлари тортиб олинган 18 минтақада 3,2 миллиард баррел нефт захираси ва 90 триллион кубметр табиий газ захираси топилган. Британия савдо ва инвестиция агентлигининг ҳисоботига кўра, Мянманинг тасдиқланган захиралари деярли Ҳиндистон заҳиралари билан бир хил даражада. Ҳозиргача топилган табиий газ ва нефт конларини учдан икки қисми Роҳингя мусулмонлари яшаб келган минтақаларга тўғри келади.
Жанубий Кореянинг Daewoo нефт ширкати Мусулмонларнинг ери бўлган Аракан пойтахти Акябнинг 120 километр жанубида жойлашган Кяукпю ялангликларида 2004 йилда ўтказган қидирувида 1,2 триллион кубметр табиий газ топишга муваффақ бўлди.
Мянма нефти ва табиий газига асосан Хитой харидордир. Мянма ва Хитой ўртасида бир йилда 2 миллиард кубметр табиий газ ва 22 миллион тонна нефт ўтадиган алоҳида икки қувур 2014 йилнинг охиридан бошлаб ишга тушди. Аракан пойтахти Акябда нефт танкерларини бўшатадиган улкан порт ва энергия терминаллари қурилди. Ётқизилган қувурлар Малака бўғозига муқобил равишда Хитойнинг Сингапур ва Малайзияга қарамлигини камайтиради. Мянма эса бу лойиҳадан 29 миллиард доллар даромад олади. Бунинг эвазига 5620 квадрат клометр ерни ўз ичига олган қувурлар ва уларнинг атрофлари Мянма ҳукумати тарафидан ҳарбий зона деб эълон қилиниб, ҳимоя остига олинади. Мянма ҳукумати бу ерга 13500 аскар жойлаштиради. Қувур ўтган қишлоқларнинг аҳолиси эса эвакуация қилинади.