Тинч аҳолининг талофатига қарамай, Пентагон ҳужум услубини ўзгартирмайди

0
611

Тинч аҳолининг талофатига қарамай, Пентагон ҳужум услубини ўзгартирмайди

Мосулнинг ғарбий қисмида қилинган ҳаво ҳужумларида расмий рақамларга кўра камида 307 тинч фуқаро ҳалок бўлган ва 273 фуқаро тан жароҳати олган. Бу ҳақида маълум қилган БМТ, АҚШ бошчилигида ИШИДга қарши жанг олиб бораётган коалицияни дарҳол жанг услубини қайта кўриб чиқишга чақирди.

Бироқ АҚШ мудофаа вазирлиги (Пентагон) ҳаво ҳужумлари Молсулнинг ғарбида тинч аҳолининг ўлимига сабаб бўлаётганлигини рад қилар экан, ИШИДга қарши курашда жанг қоидаларини енгиллатмаслигини билдирди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги сўзчиларидан бири полковник Жон Томас журналистларга берган интервьюсида жанглар аҳоли зич яшайдиган минтақаларда олиб борилаётганлигига қарамай, АҚШ армияси ИШИДга қарши ҳужум тариқатини ўзгартириш нияти йўқлигини билдирди.

“АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Генерал Жозеф Вотел биз қўллаётган услубни ўзгартиришни муҳокама қилмайди. Амалиётларимиз яхши олиб бориляпти. Бу амалиётларимизни давом эттиришимизни таъкидламоқчиман”, деди Жон Томас.

АҚШ Мудофаа вазири Жеймс Маттис ҳам бўлиб ўтган вазиятларга қарамай, АҚШнинг ҳужумларини қўллаб-қувватлашини билдирди. Жеймс Маттис Мосул ғарбида уюштирилган коалиция ҳаво ҳужумлари натижасида ўнлаб тинч аҳолининг ўлдирилиши ҳақида берилган саволга жавобан, улар АҚШ самолётлари тарафидан бомбардимон қилинаётганлигини тан олишдан бош тортди. Маттиснинг таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари бутун дунё бўйлаб ўз ҳарбий амалиётларида инсонийликни эътиборга олади.

“Дунёда тинч аҳолини биздан кўра кўпроқ ҳисобга олиши исботланган бирор бир ҳарбий куч йўқ. Биз ҳатто душманимиз инсонлардан тирик қалқон сифатида фойдаланиб, болалар ва аёллар ортида яширинган жангларда ҳам инсониятни эътиборга оламиз”, деди Маттис.

“Биз ҳар доим вазифаларимизни инсоний бир тарзда бажариш учун ва бегуноҳ одамлар орасида талофатларни камайтириш учун бор кучимизни сарфлаймиз. Душманларимиз эса бундай қилишмайди”, дея қўшимча қилди Маттис.

Аммо баъзи хабарларда айтилишича, АҚШнинг ҳаво ҳужумлари оқибатида 24 соат ичида 500 киши қатл этилган. Гувоҳлар ва Ироқ расмийлари ҳам ўтган ҳафта ИШИД нишонга олинганлиги даъво қилинган ҳужумда бир қанча манзиллар вайрон қилинганлигини билдирди. Вайроналар остида эса 200 атрофида тинч аҳоли вакиллари қолиб кетган. Жасадларни чиқариб олиш ҳозиргача давом этмоқда.

Халқаро амнистия ташкилоти ҳам АҚШ бошчилигида амалга оширилаётган ҳужумларда кўп сонли тинч аҳоли ҳалок бўлаётганлигини билдириб, бу ўлимлар уруш жинояти ҳисобланишидан огоҳлантирди. Ташкилотнинг маълум қилишича, 17 март куни уюштирилган биргина ҳужумда 150 нафарга яқин тинч фуқаро ҳалок бўлган.

Сўнги олинган хабарларга кўра, охирги ҳаво ҳужумларда аксарияти аёллар ва ёш болалардан иборат 263 киши ҳаётдан кўз юмган. АҚШ ҳарбий самолётлари шифохоналардан бирини бомбалаши оқибатида ўнлаган тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

NO COMMENTS