Остона музокараларида Сурия ўт очишни тўхтатиш тартибини бузганлик учун санкциялар муҳокама қилинади

0
584

Остона музокараларида Сурия ўт очишни тўхтатиш тартибини бузганлик учун санкциялар муҳокама қилинади

 Сурияда тинчлик ўрнатишга қаратилган Остона музокараларининг навбатдаги босқичи иштирокчилари ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолатларини кўриб чиқишади ва уни бузганларга нисбатан санкцияларни муҳокама қилишади. Бу ҳақда Қозоғистон ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов маълум қилди.

 “Гап, хусусан, жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолларини қайд қилиш усули ҳамда ушбу тартибни бузганларга нисбатан санкциялар ҳақида бормоқда. Кафолат берувчи мамлакатлар (РФ, Туркия ва Эрон) маълумотларига кўра, улар бу ерда ўт очишни тўхтатиш тартибини бузиш ҳолларини қайд этувчи гуруҳни тузишни режалаштирган”, – деган Абдраҳмонов.

 Унинг айтишича, Туркия томони тез орада ўз делегациси таркиби хусусида ахборотни тақдим этади. Қозоғистон ТИВ эса, Сурия қуролланган мухолифати вакилларининг музокараларда иштирок этишига доир маълумотларни ҳам кутмоқда.

 БМТ музокараларда беш нафар вакили билан қатнашади. Абдраҳмоновнинг сўзларига кўра, ҳозирча, АҚШ вакилларининг музокараларда иштирок этишига доир маълумотлар мавжуд эмас. У, шунингдек, Россия ва Сурия ҳукумат делегациялари етиб келганини тасдиқлаган. Эрон ва Иордания вакиллари ҳам келишган.

 Остонадаги музокаралар биринчи сафар бўлганидек, Rixos меҳмонхонасида ташкил этилади. Шу билан бирга, бу сафар ҳам икки томонлама ва кўп томонлама шаклда музокаралар бўлиб ўтади. ТИВ раҳбарининг қайд этишича, Остона учрашувлари  Женева музокараларини бошлаш учун жиддий, тайёрлов босқичи бўлиб хизмат қилади.

NO COMMENTS