Атамбаев Брюсселга сафар қилади

517
0

Атамбаев Брюсселга сафар қилади

 Европа Иттифоқининг Қирғизистондаги вакили, элчи Чезаре де Монтиснинг маълум қилишича, президент Алмазбек Атамбаев 16 февралда Брюсселга расмий сафар билан бориб, ЕИ таркибидаги асосий ташкилотлар раҳбарлари билан учрашади.

 Унинг сўзларига кўра, бу ташриф Қирғизистон президентининг сўнги 3,5 йил давомида Бельгия пойтахтига уюштирган учинчи сафари бўлади.

 “Бунга қадар 2013 ва 2015 йиллардаги сафар натижалари икки томонлама ҳамкорлик учун жуда муҳим бўлган”, – деди Чезаре де Монтис.

 Ташриф чоғида ҳамкорликнинг янги шартномалари муҳокама қилинади. Олдинги ҳужжат 20 йил аввал қабул қилинган эди.

 Чезаре де Монтиснинг айтишича, янги шартнома сўнгги йилларда Қирғизистон ҳам, Европа Иттифоқи ҳам ва бутун дунё дучор бўлган ўзгаришларга мос ҳолда тузилади.

 “Алмазбек Атамбаев – очиқ ҳамкорликнинг энг яхши намунаси. Президент Евроиттифоқнинг дўсти, Евроиттифоқ президентнинг дўсти”,- деди элчи.

Туркистон:

Атамбаевнинг ЕИга қиладиган бу галги сафари Путиннинг Қирғизистонга ташрифи олдидан амалга оширилиши кутиляпти. Бу эса Европа иттифоқи анжуманига Атамбаевнинг охирги иштироки бўлади. У охирги нажотни Европадан қидирмоқда. Яъни, у йилнинг охирида белгиланган сайловга етиб олгунига қадар Қирғиз халқининг сарф харажатларини ва бюджет камомадларини қоплаш учун Европадан молиявий кўмак кўрсатишларини илтимос қилади.

Путиннинг Қирғизистонга ташрифи олдидан Атамбаев бир қарорга келиб олиши керак. Яъни мамлакатда рўй бераётган сиёсий ва иқтисодий кризислардан чиқа оладими, йўқми? Бу Путин берадиган саволлардан энг асосийси бўлади. ЕИнинг ёрдам бериши ёки бермаслигидан қатий назар бу савол албатта берилади. Чунки Қирғизистоннинг шу кундаги сиёсий аҳволи фақат молиявий кризисгагина боғлиқ эмас. Балки бу бир неча йиллардан буён юз бериб келаётган ички сиёсий хатолар оқибатининг ва бошқарув системасининг нотўғри асосларига ҳам боғлиқдир. Шунингдек бу кризисларда глобал халқаро сиёсий вазиятларнинг касофатидан келиб чиққан табиий бузуқ муҳитнинг ҳам таъсири жуда катта ва муҳим рол ўйнайди.

Шунинг учун янги келадиган етакчи гуруҳ ҳам вазиятни ўнглай олмайди. Улар ҳам Атамбаев командаси сингари кўп муаммоларда ўзларидан аввалги етакчиларни айблаб, бир неча йил халқни алдаб бошқаришади. Кейин яна муаммо илгаригидек қайтарилаверади. Халқ эса яна янгиларидан умид қилиб алданиб бораверади.

Путиннинг Қирғизистонга бўлган муомиласи ўзгарадими? Яъни Атамбаевнинг юқоридаги ЕИ бўйлаб сафари Путиннинг муомиласига таъсир қиладими? Ҳа, албатта Путиннинг муомиласи салбий томонга ўзгариши кутиляпти. Буни ЕИ билан Россия ўртасидаги ўта кескин ва деярли уруш ҳолатига бориб қолган вазиятга қараб ҳам англаб олиш қийин эмас. Эътибор бераётган бўлсангиз, Қирғиз матбуоти ҳам, давлат расмийлари ҳам, Путиннинг келаётгани ва ундан Қирғизистон мамлакати ва халқи учун бирор манфаатли ўзгаришлар кутилаётгани ҳақида деярли маълумот беришмаяпти.

Демак, Путин Қирғизистондаги сиёсий кучлар мувозанатини текширади. Сиёсий кучларнинг асосий қисми Атамбаевга ён босмайди. Унинг қўлида қуруқ салтанат қолди холос. Бизнинг таҳлилимизча, Россия Қирғизистоннинг сиёсий элитасини ҳокимият тепасида сақлаб қолиш учун яна қўзғалон йўли билан ҳокимиятни ағдармоқчи эмас. Бунинг учун, Қирғиз сиёсий доираси ичидан ўзаро кучлар мувозанатини топиб, уларни бир мақсад атрофида бирлаштириш керак бўлади. Россия Қирғиз ҳокимиятини тинч йўл билан алмаштириб, яна сиёсий доирани сақлаб қолмоқчи. Бу Акаев ёки Бакиевларнинг алмаштирилганидан деярли фарқ қилмайди, лекин янгича услубдаги кўриниши бўлади. Фақат бу режага Атамбаев рози бўлиши керак бўлади. Шундай услуб амалга оширилса, сайлов муддатидан илгари ўтказилади ва бу сайловда Атамбаевчилар ютказади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here