Сурия мухолифатига янги конституция лойиҳаси тақдим қилинди

543
0

Сурия мухолифатига янги конституция лойиҳаси тақдим қилинди

Сурия келажагини сурияликларнинг ўзлари ҳал қилади, деб даъво қилиб келаётган Россия Остона учрашувига келган Сурия мухолифатига рус экспертлари томонидан тайёрланган янги конституция лойиҳасини тақдим қилди. Бу ҳақида Россия Президентининг махсус вакили ва Остонадаги Россия делегациясининг раҳбари Александр Лаврентев маълум қилди.

 “Ҳозир конституция лойиҳаси Сурия мухолифатининг қўлида турибди. Москва улардан янги конституция билан боғлиқ таклифларга жавоб кутмоқда”, деди янги конституция лойиҳаси Суриянинг ички ишларига аралашмаган ҳолда, жараённи тезлаштириш учун тақдим қилинганлигини билдирган Лаврентев.

Лаврентевнинг таъкидлашича, Сурия мухолифатининг ўзлари ҳам янги конституция тузиш ва президентлик ҳамда парламент сайловларини ташкил қилиш лозимлигини эътироф этган.

Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳам Сурия мухолифатига янги конституция лойиҳаси тақдим этилганлигини тасдиқлади. Лавровга кўра, бу лойиҳа Асад режими ва мухолифати ҳамда минтақадаги бошқа тарафларнинг кўз қарашларини инобатга олган ҳолда рус мутахассислари томонидан тайёрланган.

Россия Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Мария Захарованинг таъкидлашича, Сурия мухолифатига янги конституция лойиҳасини тақдим қилишдан мақсад баҳс-мунозараларни бошлаш учун рағбатлантиришдир.

Бундан аввал Женевада ташкил қилинган учрашувларда БМТнинг мақсадларидан бири “янги конституция” ташаббусини Асад режими ва мухолифат ўртасига қўйиш эди. Лекин тарафлар ўртасидаги ихтилофлар туфайли музокараларнинг бу босқичига яқинлашишга ҳам имкон бўлмаган эди.

Айни пайтда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Сурия мухолифати вакилларини бугун Москвага таклиф қилди. Лавровга кўра, Москвада Сурия мухолифати вакилларига Остона бўлиб ўтган жараён яхшилаб тушунтирилади.

“Жума куни Москвага келиш истагида бўлган мухолифатнинг сиёсий қаноти вакилларини таклиф қилдик. Биз уларга Остонада нима бўлиб ўтганлар ҳақида батафсил маълумот берамаиз”, деди Россия Ташқи ишлар вазири.

Бироқ Москвага кимлар таклиф этилганлиги ҳақида маълумот йўқ. Алжазира ахборот агентлигининг хабарига кўра, даъват асосан мухолифат сафидаги маълум фигураларга қаратилган.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here