Остона учрашувига тайёргарлик кўрилмоқда
Қозоғистон пойтахти Остонада ташкил қилинадиган Сурия саммити асосларини белгилаш учун Туркия, Россия ва Эрон масъуллари Москвада учрашув ўтказишди. Бу ҳақида Туркия ташқи ишлар вазирлиги тарафидан берилган баёнотда маълум қилинди. Баёнотда айтилишича, йиғилишда Туркия, Россия ва Эрон расмийлари Сурияда барқарорликни юзага келтириш, оташкесим жараёнини сақлаб қолиш, БМТ рўйхатига киритилган “террорчи” гуруҳларга қарши курашни давом эттириш ва Сурияда илмоний ҳукуматни ҳокимиятга олиб келишни жадаллаштириш борасида келишиб олишган.
БМТнинг Сурия бўйича махсус вакили Стаффан де Мистура Остона шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Сурия учрашуви БМТ тарафидан дастаклашини маълум қилди. Мистуранинг таъкидлашича, Россия ва Туркия ҳукуматлари Сурия масаласида тўғри йўналиш бўйлаб кетмоқда.
“Россия ва Туркия бошчилигида Эрон ва бошқа тарафлар турли вазиятларга қарамай илгарилаб бормоқда. Бу тўғри илгарилашдир. БМТ бундан узлуксиз хабардор бўлиб турибди ва биз дастак бериш учун тайёрмиз. Умид қиламизки, Остонадаги учрашув муваффақиятли ўтади ва Женевада ташкил қилинадиган йиғилишга йўл очади”, деди Мистура.
Учрашувда Россия ташқи ишлар вазирининг ўрин босари Михаил Багданов, Россия ташқи ишлар вазиригининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка масалалри бўйича департаменти раҳбари Сергей Вершенин, Эрон ташқи ишлар вазирининг ёрдамчиси Ҳусайн Жабарий ва Туркия ташқи ишлар вазири маслаҳатчисининг ўрин босари Садат Онал иштирок этди.
АҚШ маъмурияти Остона учрашувига таклиф қилинмаганлигини даъво қилмоқда. АҚШ департаментининг матбуот котиби Марк Тонер кундалик матбуот брифингида “билишимча, учрашувга расман даъват этилмадик”, деди. Бироқ Вошинтон пост газетаси тарқатган хабарга кўра, Остона учрашувига даъватнома Россиянинг Вошингтондаги элчиси тарафидан Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Флиннга етказилган.
Туркия эса Остона учрашувига АҚШнинг иштирок эитиши шартлигини таъкидлаб келмоқда. Президентнинг матбуот котиби Иброҳим Қалин охирги чиқишида АҚШнинг учрашувда иштирок этишини маълум қилди.