АҚШ ва Исроил Сисининг қулашидан хавотирда
Мисрда давлат тўнтаришидан сўнг иқтисодий инқироз гирдобида қолган Абдулфаттоҳ Сиси ҳукуматининг қулаш эҳтимоли кучаймоқда. Бу эҳтимол АҚШ ва Исроил расмийлари томонидан хавотир билан тилга олина бошлади.
БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россияга ён босиб овоз берганлиги учун Саудия Арабистони билан муносабатлари ёмонлашган Миср ҳукуматининг янги иқтисодий хавф-хатар қаршисида қолганлиги айтилмоқда. Исроилда чиқадиган Эдиот аҳаронот газетасининг мухбири Алекс Фишманнинг маълум қилишича, Америка ва Исроил расмийлари Мисрдаги иқтисодий беқарорликни жуда ҳам мўрт деб баҳолашган.
“Охирги пайтларда АҚШ ва Исроил вакиллари ўртасида олиб борилган музокараларда Сиси ҳукуматининг вужуди муҳокама қилинди. Расмийлар Сиси ҳукуматига яна ҳам кўпроқ ёрдам кўрсатиш лозимлиги борасида ўз хавотирларини билдиришди”, дея ёзади Фишман.
Алекс Фишман мақоласида хусусан, АҚШ ва Исроил расмийлари иқтисодий инқироз оқибатида кўча намойишлари аланга олиб кетишидан қўрқаётганлигига ҳам алоҳида урғу бериб ўтади.
Ҳизб ут-Таҳрирга қарашли “Роя” газетасининг электрон сайти ҳам Миср президенти Абдулфаттоҳ Сисининг ташқи душманлардан эмас, балки мамлакат ичкарисидаги вазиятдан қўрқаётгани ҳақида хабар тарқатди.
Газетага кўра, Сиси ҳақиқатдан ҳам ташқи кучлардан қўрқмаслиги мумкин. Чунки улар Сисининг душмани эмас, хўжайинларидир. Сиси эса, Мисрда ўшаларнинг сиёсатларини юргизмоқда, режаларини татбиқ қилмоқда, манфаатларини рўёбга чиқариб бермоқда. Шу боис улардан қўрқишга деярлик сабаб йўқ. Уни хавотирга солаётган тараф эса Миср аҳолисидир. Шунинг учун ҳам Сиси уларни қаттиқ босим остида ушлаб келмоқда.