Германия Россияга қарши янги жазо чоралари қўллаши мумкин

0
661

Германия Россияга қарши янги жазо чоралари қўллаши мумкин

 Мамлакат парламенти Бундестагнинг ташқи ишлар бўйича қўмита аъзоси Норберт Реттгеннинг маълум қилишича, Германия ҳукумати Суриядаги вазиятнинг чигаллашаётгани туфайли Россияга қарши янги санкциялар қўллаш имкониятини муҳокама этмоқда.

 Депутатнинг сўзларига кўра, мазкур ҳолатда Европа ҳеч бўлмаганда Ҳалабдаги жанговар ҳаракатларни ҳарбий жиноятларга тенглаштириши мумкин.

 “Ҳарбий жиноятларга эътиборсизлик ва унинг оқибатлари можароларга сабаб бўлади”,- деди парламент депутати. 

 Реттгеннинг тан олишича, Россияга қарши санкциялар тезда ўз натижасини бермайди, аммо узоқ истиқболда Москва сиёсатини ўзгартиришга мажбур бўлади. Парламент қўмитаси раҳбари шунингдек, ЕИнинг бошқа мамлакатларини танқид қилиб, уларни РФга қарши янги чекловлар жорий этишга қўрқаётганликда айблаган. 

 Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса ушбу хабарга ўз фикрини билдирар экан, Москва қўшимча иқтисодий чекловлар учун жиддий сабаб кўрмаётганини айтганди. 

 “Унутмайлик, Россия Федерацияси қуролли кучлари Сурияда қонуний бўлиб турган ягона давлатдир. Шу билан бирга, барчамиз биламизки, ўз қуролли кучларини Сурияда халқаро ҳуқуққа риоя қилмаган ҳолда жойлаштирган мамлакатлар ҳам бор”,- деб таъкидлаган эди Песков. 

 Ўз навбатида Оқ уй расмий вакили Жош Эрнест, Қўшма Штатлар Россиянинг Суриядаги сиёсатига таъсир ўтказиш мақсадида янги санкциялар қўллаш имконини рад этмаётганини маълум қилган эди. 

Туркистон: 

Россия билан АҚШнинг Сурияда манфаатлари бир бирига мос келмай қолди. АҚШ оламий системани, яъни халқаро сиёсий вазиятларни эътиборга олган ҳолда иш кўришга мажбур. Чунки у ҳозирча ягона оламий лидер, дунё етакчиси бўлиб турибди. Россия эса Сурияда тушунарсиз, мақсадсиз ва палапартиш ҳаракатлар олиб боряпти. Гўё унинг ҳаракатларида фақат Путин режимининг популистик мақсади ётгандек. Яъни рус халқи олдида, ўзини етакчи давлатлар билан жиддий рақобатдош қувватга эгадек кўрсатишни қасд қилаётганидек. Чунки айнан Путиннинг хатолари билан Россия сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий инқироз ҳолатига келиб қолди.

АҚШ эса, Путинни режимини сақлаб қолиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилмаяпти. Аксинча, АҚШнинг махфий розилиги остида Россиянинг Сурияда олиб борган қирғинбарот ҳаракатлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳозирда оламий террор, деб баҳолана бошланди. Россиянинг ҳозирги иқтисодий аҳволи ҳам жуда ёмон. Захира жамғармаси деярли тугаяпти. Ишлаб чиқариш тармоғи деярли издан чиққан ва ўзининг ички истеъмолчиларини ҳам тўла қондира олмайди. Бу эса путинчи режимнинг бошқарувни эплай олмаганидан далолат қилади. Путинчилар жон-жаҳдлари билан бу ҳолатни ва унинг оқибатларини бирор бир иш чора билан ёпиб юборишга ҳаракат қилишяпти. Улар ички сиёсатда ватанпарварлик ва фидоийлик туйғуларни зўр бериб кучайтириб боришяпти. Ватанпарварлик эса, фақат уруш ва ташқи хавф хатарни кучайиши билан авж оладиган инсоний робита эканлиги боис, Путин Россияга бир неча томонда фронтлар очиб, уни уруш ҳолатига олиб келиб қўймоқда.

Путин урушни хоҳлаётгани йўқ, у мажбур бўлаяпти. Шунинг учун у ўзини ҳеч нарсадан тоймайдиган йиртқич қилиб кўрсатишга уринади. Негаки АҚШ ҳам Россия билан жиддий урушга киришишни хоҳламайди. АҚШ ҳеч ким билан урушишга интилган эмас. У урушни энг охирги ва заиф позициядаги мамлакатнинг иш ҳаракати деб баҳолайди. АҚШ бошқа мамлакатларни бир бирлари билан уруштириш йўли билан оламдаги барча муаммоларни ечишга интилади. Бундан ташқари Россия ҳам ядро қуролига эга бўлган мамлакат. Ядровий уруш бошлангудек бўлса, унда деярли бир томон ғолиб бўлмайди. Ҳар икки томон йўқ бўлиб кетиш хавфи бор.

Муаммо шундаки, АҚШ Сурияни бир неча минтақаларга бўлиб ташлаб, уларнинг ҳар бирини рози қилиш орқали вазиятни барқарорлаштирмоқчи бўлди. Россия эса, Сурияда фақат ҳозирги тан олинган Асад ҳокимияти ҳукумдор бўлиши керак, деган позицияни илгари суриб боряпти. Асад ҳокимияти фақат Россия учун ҳаво ҳудудидан фойдаланишга рухсат берган. Россия Сурия минтақасини ўзининг қонуний назорати остидаги ҳудуд деб, у ерга ҳатто АҚШнинг ҳам киришига рухсат бермайман деяпти.

Россия Сурияни эплай олмайди, ҳатто унга ҳеч ким аралашмай, ёлғиз ўзига қўйиб берилганда ҳам. Бир пайтлар СССР Афғонистонда тинч аҳолини қириб юборганидек, Росссия ҳам Суриянинг тинч аҳолисини қириб боришдан ўзга ишга қодир эмас. Негаки Россияда халқаро сиёсатдан фойдалана олиш қуввати деярли йўқ бўлиб боряпти. Бу уруш Россия учун мақсадсиз, манфаатсиз ва тўла инқирозга олиб борувчи уруш бўлди. Путиннинг режимига эса, ўзоқ давом этадиган шунчаки уруш керак.

NO COMMENTS