Жон Керри Ҳиндистонга сафар қилди
АҚШ ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари Вашингтонда ўзаро ҳарбий битим тузиш борасида музокаралар ўтказгандан сўнг, эртаси куниёқ АҚШ Давлат котиби Жон Керри расмий ташриф билан Ҳиндистонга йўл олди. Керри Ҳиндистон пойтахти Янги Деҳлида расмий музокаралар олиб бориш учун Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж билан учрашди.
АҚШ ва Ҳиндистон ўртасидаги ҳарбий шартномаларнинг имзоланиши Хитой ва Покистонга қарши ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
Хабарда айтилишича, АҚШ билан мудофаа шартномасига имзо чеккан Ҳиндистон келишувга биноан Покистонга қарши ишлатиш учун АҚШ ҳарбий базаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. АҚШ эса Жанубий Хитой денгизида ортиб бораётган Хитой таҳдидига қарши Осиёда ўзига иттифоқчи излар экан, у бу борада Ҳиндистонни ўзига маъқул ҳамкор сифатида танлаган.
Бу учрашувдан бир кун аввал АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер ва Ҳиндистонлик ҳамкасби Маноҳар Паррикар ўртасида Хитойнинг кучайиб бораётган ҳарбий ҳаракатларига қарши мудофаа алоқаларни мустаҳкамлаш доирасида шартнома имзоланган эди. Шунингдек, Вашингтонда АҚШ ва Ҳиндистон мудофаа вазирлари ўртасида бир-бирининг ҳарбий базаларидан эркин фойдаланиш имконини берадиган битим ҳам имзоланган эди. АҚШ Давлат котибининг Ҳиндистонга ташрифи бу шартномадан атиги бир кун ўтиб амалга оширилди.
Расмий берилган баёнотда айтилишича, мазкур шартнома АҚШнинг Ҳиндистонда янги база қуриши ва қўшинлар жойлаштиришни ўз ичига олмайди.