Туркманистон ҳам қўшнилари изидан бориб Ислом ва мусулмонларга қарши курашини кучайтирмоқда

0
551

Туркманистон ҳам қўшнилари изидан бориб Ислом ва мусулмонларга қарши курашини кучайтирмоқда

 “Чиллаки чиллакини кўриб чумак уради” деганларидек Туркманистон ҳукумати ҳам ён қўшниси Ўзбекистон изидан бориб Ислом ва мусулмонларга қарши олиб бораётган курашини тобора кучайтириб бормоқда.

 Туркманистоннинг собиқ президенти, марҳум Сапармурод Ниёзов қаламига мансуб “Руҳнома” китоби нашр қилинганидан сўнг оммавий ахборот воситаларида “Туркманбоши”ни пайғамбар деб атала бошланишига туркманистонлик диний уламо Хожааҳмад Ўрозқличев бу мусулмонлар эътиқодига зид эканлигини айтиб чиқиши ортидан Ислом динига қарши курашни кучайтириб юборган эди. Уламонинг шу сўзларидан сўнг туркман ҳукумати Ўрозқличев таржимасидаги туркман тилида чоп этилган 40 минг нусха Қуръонни ёқишга буйруқ беради. Шу билан кифояланиб қолмаган расмий ҳукумат пойтахт Ашхободдаги масжидларни тенг яримини бузиб ташлади ва ўз эътиқодида собит турган мусулмонларни турли хил айбловлар билан қамоққа ташлай бошлади. Ҳуқуқ фаоллари берган маълумотларга кўра, қаттиқ режимли “Овадон Тепа” турмасида 300 га яқин диндор маҳкумлар бор. Уларга яқинлари билан учрашиш, ташқаридан бирор нарса олиб киритиш таъқиқланади.

 Мусулмонларни Ислом динидан тўсиш йўлида кураш олиб бораётган расмий ҳукумат эндиликда исломий кўринишларга ҳам қарши курашни бошлаб юборди. Дошўғиз вилоятида куч органлари сақол қўйган мусулмонларга қарши “ов”ни бошлаб юборишди. ОАВ берган хабрга кўра, маҳаллий миллий хавфсизлик бошқармаси ва йўл полицияси ходимлари сақол қўйган ва 50 ёшга тўлмаган мусулмон эркакларни ушлаб, махсус суҳбатдан ўтказишмоқда.

 Суҳбатда “Нима учун сақол қўйдинг? Ваҳҳобиймисан? Намоз ўқийсанми?” каби саволлар берилиб, ортидан уларни сақолларини олиб ташлашга мажбурлашмоқда.

 ОАВ билан суҳбатлашган Бегмурот исмли шахснинг айтишича, унинг дўстига полиция ходимлари ароқ қуйиб бериб ичишни талаб қилишган, кейин эса чўчқа гўшти ейишга мажбурлашган.

 Бегмуротнинг сўзларига кўра, полиция талабига итоат қилмаганларни қаттиқ калтаклаб, сақолларини мажбуран қириб ташлашмоқда. Унинг айтишича, кейинчалик бу каби итоатсиз одамлар ҳеч қандай суд ва терговсиз 7-8 йилга озодликдан маҳрум этиляпти. Бегмурот шундайлардан иккитасини шахсан танишини айтиб ўтди.

NO COMMENTS