بِسْمِ اللهِ الرَّحْمٰنِ الرَّحِيم
Саволга жавоб
Покистон-Хитой иқтисодий коридори ва Эрон-Ҳиндистон-Афғонистон учлик лойиҳаси
Савол: «Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистон ўртасида Эрон жанубидаги Аммон денгизига чиқувчи Чахбехар порти орқали транзит юкларни ташиш бўйича ҳамкорлик қилиш учун учлик келишуви имзоланди. Бу стратегик келишувдан мақсад учала мамлакат ўртасида юкларни ташиш учун халқаро коридорни пайдо қилишдир. Чахбехар порти Гвадар денгиз портидан 100 км. (60 мил) узоқликда жойлашган. Хитой Гвадар портини Покистон-Хитой иқтисодий коридори лойиҳаси доирасида реконструкция қилмоқда. Бу лойиҳа учун 46 миллиард доллар ажратилган». (Арабийя 2016 йил 24 май). 2015 йил 20 апрелда Хитой ва Покистон шу иқтисодий коридор лойиҳасини бошлашга келишиб олган эди… Савол қуйидагича: булар фақат улкан иқтисодий лойиҳаларми ёки уларда сиёсий омиллар ҳам борми? Маълумки бу лойиҳаларда иштирок этувчи давлатлар – Хитойни истисно қилганда – Америкага қарамдир. Бу эса шу лойиҳалар ортида Хитойни Жанубий Хитой денгизидан узоқда банд қилиб қўйиш учун тузоққа тушириш ва иқтисодий жиҳатдан ҳолдан тойдириш режаси ётганини англатадими? Чунки бу коридор аҳамиятга эга бўлса-да бироқ ундан келадиган иқтисодий даромад 46 миллиард доллар сарф-харажат билан муносиб келмайди-ку? Охирги савол: бу лойиҳаларда уларга имзо чеккан давлатларгина эмас, бошқа давлатлар ҳам, масалан Ўрта Осиё давлатлари ҳам нишонга олинганми? Аллоҳ сизга яхшиликни мукофот қилсин. Савол чўзилиб кетгани учун узр сўрайман.
Жавоб: жавоб тиниқ бўлиши учун қуйидаги ишларни кўриб чиқамиз:
Биринчи: Американинг бу лойиҳаларда иштирок этувчи давлатлар билан алоқаси:
- Ҳиндистон Бхаратия Жаната партияси ҳукумати даврида Америкага малай бўлиб қолди. Бу партия 1998 йилда ҳокимиятга келиб 2004 йилда ундан қулади. Ўн йилдан кейин, яъни 2014 йилда бу партия Моди бошчилигида яна ҳокимиятга келди. Бу пайтга келиб Американинг қўллаб-қувватлови аниқ бўлиб қолди. Натижада Америка билан Ҳиндистон ўртасида турли соҳаларда, айниқса ядровий соҳада келишувлар тузилиши авж олди. Бу келишувларнинг Хитойга қарши қаратилгани аниқ эди. Покистон эса тўқсонинчи йиллардаги Навоз Шариф ҳукуматлари давридан бошлаб Парвез Мушарраф ҳукуматигача, Осиф Зардорий ҳукуматидан тортиб ҳозирги Навоз Шариф ҳукуматигача Америкага малай бўлиб қолаверди. Ҳиндистон билан Покистон ўртасида – иккаласи ҳам Америкага малай бўлгани сабабли – ўзаро яқинлашув юз берди. Покистон Америка кўрсатмаларига биноан Ҳиндистон фойдасига бир қатор муҳим ишлардан воз кечди. Америка ўзининг Ҳиндистондаги малайларини ва уларнинг Хитойга қарши позицияларини кучайтириш учун Покистонга ана шундай кўрсатмаларни берди. Америка Покистонга ичкаридаги ва минтақадаги Исломий ҳаракатларга қарши уруш қилиш вазифасини юклади ва унга «терроризм ва экстремизм»га қарши уруш деб ном берилди. 2016 йил 9 июндаги саволнинг жавобида қуйидагилар келган эди: «Ҳиндистондаги режим ҳам, Покистондаги режим ҳам Америкага малай бўлса-да, бироқ Американинг иккала давлатдан кўзлаган мақсади турличадир. Чунки Ҳиндистондан кўзлаган мақсади уни Хитойга қарши «найза учи»га айлантириш бўлса, Покистондан кўзлаган мақсади уни Америкага қарши курашаётган Покистон ва афғон қаршилик ҳаракатига қарши қўйишдир…».
- Эрон ҳақида айтадиган бўлсак, у ҳам Америкага малайдир. Эрон Америкага унинг Афғонистонни босиб олиб, у ерда ўрнашиб олишига ёрдам берганини, собиқ Карзай ҳукумати ва ҳозирги Ашраф Ғаний ҳукумати каби Америкага малай, тобе ҳукуматларни қўллаб-қувватлаб келаётганини тан олди. 2016 йил 29 июнда Туркиянинг «олам хабарлари» қуйидаги хабарни тарқатди: ««Эрон» газетаси Эроннинг собиқ ташқи ишлар вазири Али Акбар Вилоятий билан мулоқот ўтказди. У ҳозирда жумҳурият муршиди Али Хоменеийнинг бош маслаҳатчиси бўлиб ишламоқда. У мулоқот чоғида Эрон билан Америка ўртасида алоқа ва ҳамкорлик борлигини тан олиб бундай деди: «Эрон Афғонистон борасида Америка билан сўзлашувлар олиб борди. Ана шу сўзлашувларда бизнинг вакил БМТдаги доимий вакилимиз ҳозирда ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаётган Муҳаммад Жавод Зариф бўлди. Ўша пайтда Афғонистоннинг энг катта қисми Толибон қўлида эди. Агар Эрон бўлмаганида эди Америка ана шу шароитларда Афғонистонга киролмас эди». У қуйидагиларни ҳам айтди: «Ироқ мавзусида ҳам худди шундай бўлди. Чунки Ироқ борасида ҳам Эрон ва Америка ўзаро келишув тузди. Саддам қулаганидан кейин Ироқда хавфсизликни таъминлаш бўйича ҳамкорлик қилиш мақсадида сўзлашувлар олиб борилди…». Сайт Эроннинг собиқ президенти Ҳошимий Рафсанжонийнинг худди шунга ўхшаш эътирофларини ҳам келтирди. Рафсанжоний буларнинг барчаси маржаий тақлид изни билан бўлганини билдириб қуйидагиларни айтган эди: «Ҳозир Америка билан Эрон ўртасида бораётган сўзлашувлар олий муршидлик мақомидан олдиндан олинган изн асосида олиб борилмоқда. Америка билан музокаралар Ҳасан Руҳоний ҳукуматининг келишидан беш йилу олти ой олдин Уммон султони Қобус воситачилигида бошланган»…». Буларнинг барчаси Эроннинг Америка билан алоқада эканини таъсдиқлаб турибди. Бунинг эвазига Америка Эроннинг Ироқ ва Афғонистондаги ролини қўллаб-қувватлайдиган бўлди… 2014 йил 11 июндаги саволнинг жавобида қуйидагилар келган эди: «Бошқа томондан эса Американинг Ҳиндистонга Афғонистонда бир рол ажратиб бераётгани кўзга ташланмоқда. Америка Афғонистонда барқарорликни мустаҳкамлашда Покистонга муҳтож бўлиб қолмаслиги учун бу икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилмоқда. Шунинг учун ҳам Моди ўзининг сайланиш маросимида биринчи бўлиб учрашган президент Афғонистондаги Карзай бўлди. Америка ҳозир Ҳиндистондаги ҳукумат ўзига малай бўлгани учун Покистондан кўра кўпроқ Ҳиндистонга ишонмоқда. Ҳолбуки Покистондаги ҳукумат ҳам Америкага малайдир. Лекин Америка бу Исломий юртда ҳар қандай лаҳзада ҳар қандай ўзгариш юз бериши мумкинлигидан қўрқмоқда. Покистон аҳли ўзгариш ясашга ҳаракат қилаётган экан Америка Покистонга узоқ вақтгача ишониб қололмайди… Шундай қилиб Ҳиндистон Америкага малай Моди даврида Афғонистонда у ердаги Америкага малай режим фойдасига хавфсизлик жиҳатидан фаол рол ўйнамоқда». Ҳозир эса бунга иқтисодий ҳамкорлик ҳам қўшилди. Бундан мақсад хавфсизлик бўйича ҳамкорликни кучайтириш ва Американинг Афғонистондаги нуфузини ҳимоя қилишдир.
Иккинчи: Эрон-Ҳиндистон-Афғонистон лойиҳаси:
- Ҳиндистон ва Эрон Чахбехарга Ҳиндистон орқали чиқиш йўли ғоясини биринчи марта 2003 йилда муҳокама қилган эди. Ўша пайтда иккала мамлакат бу портни биргаликда реконструкция қилишга келишиб олган эди. 2004 йилда эса ҳинд ширкатлари ассоциацияси Эроннинг иншоотларни реконструкция қилиш портлар ва юк ташиш ташкилоти билан ўзаро келишув меморандуми (MoU)ни имзолади. Лекин бу амалга ошмади. Лекин 2015 йил майда, Эроннинг ядровий программаси борасида кенг қамровли муштарак иш олиб бориш режасидан икки ой олдин ҳинд транспорт вазири Нитин Гадкари Чахбехар борасида ўзаро келишув меморандумини имзолаш учун Эронга борди. Ана шундан кейиноқ Чахбехар келишув лойиҳасини тамомига етказиш учун Нью-Деҳлида Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистондан вакиллар тўпланди. 2016 йил 23 майда бу уч давлат ўртасида келишув имзоланди. У Эрон узоқ шарқидаги Чахбехар портини реконструкция қилиб уни Ҳинд океанидаги бир савдо коридорига айлантириш учун тузилди. Мақсад учала давлат ўртасида товар айирбошлашни кўпайтиришдир. Бу эса Эрондан ядровий программага оид келишув имзоланиши ортидан жазо чоралари олиб ташланганидан кейин юзага келарди. Ҳиндистон бош вазири Моди Теҳронда «ўзининг мамлакати Чахбехар портини реконструкция қилиш учун 500 миллион доллар қийматидаги кредит лойиҳасига маблағ ажратишини» айтиб бундай деди: «… Биз олам билан боғланишни истаймиз, лекин учала давлатнинг бир-биримиз билан ўзаро боғланишимиз бирламчи масаладир… бу албатта тинчлик ва фаровонлик коридори бўлади… у иқтисодий алоқага таъсир қилади». Эрон президенти Руҳоний эса қуйидагиларни айтди: «Бу келишув фақат иқтисодий келишувгина бўлиб қолмай, балки сиёсий ва иқлимий (регионал) келишув ҳамдир. Лекин у ҳеч қайси мамлакатга қарши қаратилмаган. Бу келишув минтақада барқарорлик ва тинчлик ўрнатишга ҳисса қўшиши мумкин». Руҳоний Моди билан 12 ўзаро тушуниш меморандумини имзолади. Бу меморандум бўйича Ҳиндистон Теҳронга 6,5 миллиард доллар бериши керак. Эрон ўзига қарши жорий қилинган халқаро санкциялар сабабли бу пулларни қайтаролмайди. (Франс Пресс агентлиги 2016 йил 25 май). Француз ахборот агентлиги буни шарҳлаб қуйидагиларни қўшимча қилди: «Бу келишув денгизларга чиқиш йўлига эга бўлмаган Афғонистонга денгиз портидан фойдаланиш имконини беради. Бу келишувдан Эрон орқали Афғонистонга ўтадиган темир йўлини ётқизиш лойиҳаси ҳам ўрин олган. У Ҳиндистоннинг Хитойга қарши бир стратегик ғалабаси ҳисобланади. Ҳиндистон Чахбехардан 100 км. узоқдаги Гвадар портига сармоя ётқизаётган Хитой билан рақобатлашмоқчи». Бу Эрон президентининг очиқ айтган сўзларидан кўриниб турибди. Чунки у бу лойиҳаларнинг фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий лойиҳалар ҳам эканлигини ва Хитойга қўшни минтақадаги регионал вазиятга алоқаси борлигини айтди. Эрон президенти бу лойиҳаларнинг бирон мамлакатга қарши қаратилмаганини ҳам айтди. Лекин уларнинг бир мамлакатга қарши қаратилгани зоҳири ва мафҳумидан тушунилиб турибди! Чунки Эрон президенти уларнинг фақат иқтисодий эмас, балки сиёсий ва регионал лойиҳалар эканлигини ҳам тан олди. Ҳинд бош вазири эса учала давлат ўртасидаги боғланишни, яъни учаласи ўртасидаги алоқаларни кучайтириш зарурлигини ва бунга сабаб шу уч давлатга тааллуқли ғоялар эканини кўрсатиб ўтди.
- Бу Ҳиндистон-Эрон лойиҳаларидан мақсад Ўрта Осиё республикаларига кириб бориш эканлиги ҳам эълон қилинди. Чунки Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф «Чахбехар портини реконструкция қилишга оид Эрон Ислом республикаси билан Ҳиндистон ўртасидаги бу стратегик лойиҳани – бу портнинг Ўрта Осиёни Хитой билан боғлайдиган темир йўл, қуруқлик ва савдо йўлларини кучайтиришда ўзига хос роли борлиги учун – тезроқ амалга оширишга» чақирди. (Эроний олам саҳифаси 2016 йил 17 апрел). Ҳинд ташқи ишлар вазирлиги ҳам «бу келишув Чахбехар портидан фойдаланишни сезиларли равишда яхшилаб, Афғонистоннинг иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшади ва яхшироқ регионал боғланишга йўл очади. Ундан Ҳиндистон ва Афғонистон билан Ўрта Осиё ўртасидаги алоқалар ҳам ўрин олган» деб билдирди. (Дипломатия 2016 йил 18 апрел). Бу Эрон президенти Ҳасан Руҳонийнинг 2016 йил 24 майда ўтказилган матбуот конференциясида айтган сўзларидан ҳам аниқ тушунилиб турибди. Чунки у бундай деди: «Чахбехарда биргаликда сармоя ётқизишимиз Ҳиндистонни ишончли йўл орқали Афғонистон ва Ўрта Осиё мамлакатлари билан боғлашимиз имконини беради». (Quartz India 2016 йил 24 май). «Ҳинд ҳукумати яқинда Чахбехар портига 100 миллион доллар қийматида сармоя ётқизиш лойиҳасини маъқуллади». (Эроний олам 2016 йил 2 июн). Чахбехар портининг Аммон денгизида ва Ҳинд океанида стратегик аҳамиятга эга эканлиги ҳамда унинг Ўрта Осиё давлатлари ва Афғонистон учун энг қулай йўл эканлиги айтилмоқда.
Учинчи: Хитой-Покистон лойиҳаси:
- Хитой президенти Си Цзиньпин 2015 йил 20 апрелда Покистонга келиб бу мамлакат билан бир қатор келишувларни имзолади. Келишувларда қиймати 46 миллиард доллар бўлган лойиҳаларни амалга ошириш кўрсатилган. Бу лойиҳалардан Покистондаги Гвадардан Хитой ғарбидаги Шинжон (шарқий Туркистон)гача ётқизиладиган 3 минг км.ли йўллар тармоғи ўрин олган. Бундан ташқари темир йўллар ва қувурлар ҳам ётқизилади. Бу лойиҳалар Хитойнинг Ҳинд океанига ва унинг ортидаги жойларга кириб боришини таъминлайди (Рейтер). «Рейтер» Покистон парламентидаги мудофаа комиссияси раиси Мушоҳид Ҳусайн Саййиднинг қуйидаги сўзларини келтирди: «Покистон ҳозир Хитой учун асосий аҳамиятга эга. Шунинг учун бу муваффақият қозониши керак ва биз уни муваффақият қозонади деб биламиз». Баъзи мухбирлар бундай ёзишди: «Бу Хитойнинг Марказий Осиё ва унинг жанубидаги иқтисодий таъсирини кучайтиришга интилишларидаги катта олдинга силжиш ҳисобланади. Бу маблағ Қўшма Штатлар Покистонда сарфлаётган маблағдан анча кўпдир». Ўша куни Покистон вазири Эҳсон Иқбол Франс Прессга бундай деб билдирди: «Албатта бу сармоя ётқизишлар улкан ва ҳақиқий лойиҳалардир. Уларнинг Покистон иқтисодига катта таъсири бўлади». Хитой президенти эса Покистон ахборот воситаларига қуйидагиларни айтди: «Хитой ва Покистон хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни кучайтириш учун хавфсизликка оид хавотирлар борасида ҳаракатларни бирлаштиришга муҳтождир». Хитойнинг Покистонда сармоялар ётқизиши бўйича 50 келишув имзоланди. Улардан 30 келишув иқтисодий коридорга тааллуқлидир. Навоз Шариф эса қуйидагиларни айтди: «Сининг Покистонга келиши икки мамлакат ўртасидаги алоқалар тарихидаги бир бурилиш нуқтаси ҳисобланади. Хитой билан дўстлик Покистон ташқи сиёсатидаги тамал тошидир». Покистон вазири Ҳусайн Мамнун эса қуйидагиларни билдирди: «Бу лойиҳадан 3 миллиардга яқин одам фойда кўради. Покистон Хитойга Гвадар портидан келгуси қирқ йил давомида фойдаланиши учун чекланган ҳуқуқларни берди». Янги иқтисодий коридорни ҳимоя қилиш учун янги кучлардан 13000 ҳарбийдан иборат бир армия дивизияси тузилди. Хитой эса Покистонга махфий ядровий ёрдамни кўрсатади ва ракеталарни беради. Хитой Покистонга 2750 км. масофага учадиган ядровий қудратга эга баллистик ракеталарни ҳам беради. Покистон бош вазири яқинда «Хитой иқтисодий коридори устидан шахсан ўзи назорат қилишини, бу коридор минтақадаги миллионлаб аҳолининг тақдирини ўзгартириб юбориши мумкинлигини ва бу иқтисодий коридор бутун минтақани тезкор йўллар ва темир йўллар тармоғи орқали боғлашини…» айтди. (Покистон расмий ахборот агентлиги, 2016 йил 12 июл).
- Бу иқтисодий иш Хитойни ўзининг Покистон билан бўлган алоқаларига аҳамият беришга тортади. Чунки Покистон шунга зўр бериб интиляпти ва Хитойни мана шу иқтисодий лойиҳалар билан қизиқтиришга ҳаракат қиляпти. Покистон Хитойнинг шу лойиҳаларга улкан маблағларни сарфлашига эришиб уни шу бурчакда банд қилиб қўймоқчи. Бу билан Покистон ўз хўжайини Америкага хизмат кўрсатган бўлади. Чунки Америка Хитойни қуршов ва исканжага олиб уни ўзи билан рақобатлашишига йўл қўймасликка ҳаракат қилмоқда. Америка Хитойни Жанубий Хитой денгизи устидан назорат ўрнатишдан имкони борича йироқлатиб, банд қилиб қўйишга ҳаракат қиляпти. Бу иш Америка учун муҳимдир. Чунки Америка Хитойнинг Жанубий Хитой денгизи устидан назорат ўрнатишга бўлган уринишларига тўсиқ қўйишда бор кучини сарфлаб келяпти. Чунки Хитой ўз назоратини ўрнатса оролларни кенгайтириб уларда аэродромларни ва портларни қуради. Шундан кейин Хитойнинг ороллардан иборат архипелаг устидан ҳукмрон бўлиб олиши табиий бўлиб қолади. Маълумки бу архипелагда 250га яқин орол бор. Америка Хитойни бу билан банд бўлиб қолишдан йироқлатиб уни қизиқтирадиган лойиҳалар сари буриб юбормоқчи. Хитой ўзи учун ҳеч бир қиймати йўқ ороллардан кўра фойдалироқ деб билиши учун лойиҳалар ана шундай қизиқтирувчи бўлиши керак! Шунинг учун демак ҳиндларнинг Бхарата порти ва 60 мил масофада бир-бирига яқин икки порти сари йўналтирилган Ҳиндистон-Эрон-Афғонистон лойиҳалари муқобилида Покистоннинг Гвадар порти сари йўналтирилган Покистон-Хитой лойиҳалари Хитойни шу минтақада банд қилиб қўяди… Маълумки Покистондаги Гвадар порти ва Эрондаги Чахбехар порти минтақа учун стратегик географик ва геосиёсий аҳамиятга эга. Иккала портдан ҳар бири халқаро денгиз йўлига ва нефт савдосига нисбатан ҳам аҳамиятга эга. Жанубий Осиё бўйича эксперт Адам В Ларки мазкур лойиҳалар битимларининг сиёсий табиатини бундай деб кўрсатиб ўтди: «Хитойнинг Гвадардаги роли ҳажми ва мақсадини Ҳиндистоннинг Чахбехардаги ролига албатта солиштириб бўлмайди. Лекин америкаликлар Ҳиндистоннинг Хитойнинг кенгайиш фикрига тўсиқ қўйганидан хурсанд бўлишмоқда». (Қўшма Штатлар Чахбехар порти бўйича Ҳиндистон билан Эрон ўртасида тузилган битимни қўллаб-қувватламоқда. Чунки бу битим Хитой билан Покистон ўртасидаги Гвадар лойиҳасини қамалга олади. Firstpost.com, 2016 йил 26 май). Шундай қилиб демак Америка Хитойга Покистон билан тузилган мана шу лойиҳа орқали таъсир ўтказмоқчи. Чунки 46 миллиард доллар сарф-харажат кетадиган Хитой-Покистон иқтисодий коридори лойиҳаси амалга ошса у Хитой учун бамисоли юрак ўрнида бўлиб қолади. Бу эса Хитойнинг бу лойиҳадан осонлик билан воз кечмаслигини англатади. Натижада Хитой бу лойиҳа билан банд бўлиб қолиб, Жанубий Хитой денгизи каби янада аҳамиятлироқ бўлган бошқа минтақаларга қўли бўшамай қолади…
Америка бу минтақадаги давлатларни Хитойга қарши гижгижлашга ҳам ҳаракат қилмоқда. Ана шу давлатлардан бири Филиппиндир. Филиппин Хитой билан талашаётган низоли ороллар бўйича халқаро судга мурожаат қилди ва бу суд Филиппин фойдасига ҳукм чиқарди. Голландиянинг Гаага шаҳридаги доимий халқаро арбитраж суди 2016 йил 12 июлда бир қарор чиқариб унда қуйидагиларни эълон қилди: «Хитойнинг тўққиз нуқта чизиғи ичкарисидаги денгиз минтақасидаги ресурслар устидан тарихий ҳуқуқи борлигини талаб қилиши қонуний асосга эга эмас. Хитой Филиппиннинг балиқ овлаш, нефт қазиб олиш, сунъий оролларни қуриш ишларига аралашиш орқали ҳамда хитойлик овчиларни ана шу минтақада ов қилишдан ман қилмаслик орқали Филиппиннинг чекланган иқтисодий минтақасидаги суверенитет ҳуқуқини поймол қилди». Хитой бу эълон қилиниши биланоқ дарҳол ўзининг расмий ахборот агентлиги «Синьхуа» орқали қуйидагиларни таъкидлади: «Хитой бу суд қарорини қабул қилмайди ва тан олмайди». Хитой ташқи ишлар вазирлиги ана шу эълондан кейин «Бу ҳукм асоссиздир, у мажбурият юклайдиган ҳеч қандай кучга эга эмас» деб билдирди. Балки вазирлик: «Бу Хитой билан низони ҳал қилиш ҳам эмас, Жанубий Хитой денгизида тинчлик ва барқарорликни сақлаш ҳам эмас, аксинча ифлос мақсаддир» деб билдирди. Шундан кейин Хитой президенти Си Цзиньпин «Ўзининг мамлакати халқаро суд ҳукмига таянадиган ҳеч қандай таклифни ёки иш юритишни асло қабул қилмаслигини» билдирди. Шунда Америка дарҳол бу суд қарорини қўллаб-қувватлашини билдирди ва ўзининг давлат департаменти вакили Жон Кирби орқали «Бу қарор Хитой ва Филиппин учун қонуний жиҳатдан узил-кесил ва мажбурий қарордир, у Жанубий Хитой денгизидаги низоларни тинч йўл билан ҳал қилишга эришиш борасидаги муштарак мақсадга катта ҳисса қўшади», деб таъкидлади ва «Ҳамма томонларни бу қарорга амал қилишга ва провокация мазмунидаги баёнотларни беришдан ёки провокация ишларни амалга оширишдан тийилишга» чақирди. (ДПА, АФП, 2016 йил 12 июл).
Тўртинчи: юқоридаги нарсалардан саволда келган масалалар жавоблари қуйидаги тарзда аниқ бўлади:
а) Ҳиндистон, Эрон ва Афғонистон ўртасида ҳамда Покистон ва Хитой ўртасида юзага келган иқтисодий ишлар фақат иқтисодий ишлар бўлиб қолмай, балки улардан сиёсий мақсадлар ҳам кўзланган. Айниқса Хитойдан ташқари бу давлатларнинг барчаси Америка сиёсатига тобе бўлгани учун бу ишлардан сиёсий мақсадлар ҳам кўзланган.
б) Америка Ҳиндистонга Хитойга қарши туриш ролини берди. Америка Ҳиндистоннинг ядровий қудратини кучайтиришга ҳаракат қилганидек ҳинд иқтисодини кучайтиришга ҳам ҳаракат қилмоқда. Чунки шунда Ҳиндистон ана шу ролни ўйнай олади. Америка Ҳиндистонни Эрон билан қувватламоқда ва унга Эронда сармоя ётқизиш эшикларини очиб бермоқда. Америка Эрон иқтисодини кучайтиришга ҳам ҳаракат қилмоқда. Чунки шунда Эрон юз тубан қуламайди ва ўзига бу минтақада Америка томонидан юкланган ролни ўйнашда давом этаверади. Америка ўзининг Афғонистондаги нуфузини ҳимоя қилиш учун Ҳиндистонга Афғонистонда рол ўйнаш вазифасини топширди. Эрон ҳам Американинг Афғонистондаги нуфузини мустаҳкамламоқда. Шу мақсадда Ҳиндистон ва Эрон Америка босиб олган Афғонистон иқтисодини қўллаш ва унга денгиз портига чиқиш йўлини очиб бериш учун ҳаракатга келди.
в) Америка Покистонни Хитой билан алоқаларни кучайтиришга рағбатлантиряпти. Чунки шунда Хитойни Жанубий Хитой денгизи устидан ўз назоратини ўрнатиш ишларини кенгайтиришдан йироқлатадиган лойиҳалар билан қизиқтиради. Айни вақтда Америка бу денгиз ҳавзасидаги давлатларни Хитойга қарши гижгижлаб, Хитойга муаммоларни ва қийинчиликларни туғдирмоқда. Бу муаммоларнинг охиргиси Гаага халқаро арбитраж суди томонидан чиқарилган сиёсийлашган қарордир.
г) Америка Ўрта Осиё минтақасини ҳам нишонга олмоқда. Чунки Америка бу минтақани Покистон билан ҳамкорлик қилишга тортишга ҳаракат қилмоқда ва Хитой қурадиган иқтисодий коридор орқали денгиз портига чиқиш манфаатлари билан бу минтақани қизиқтирмоқда. Чунки бу билан Америка бу минтақа ҳокимларини ўзининг малайи Покистон манфаатлари билан боғлаб қўйишга эришади ва ана шундан кейин уларнинг Покистон билан бўлган алоқаларидан ҳамда уларнинг Покистонда манфаатлари борлигидан фойдаланиб улар билан боғланишга эришади. Натижада уларни сотиб олади. Бу бир томондан шундай. Бошқа томондан эса учлик (Эрон, Ҳиндистон ва Афғонистон) лойиҳасидан кўзланган мақсадлардан бири Ўрта Осиёга кириб боришдир. Буни эронлик ва ҳинд масъуллар очиқ айтишди. Америкага малай бу давлатлар орқали Ўрта Осиёга кириб бориш эса ҳеч шубҳасиз Америка манфаатларига хизмат қилади. Чунки бу билан у ердаги рус нуфузини сиқиб чиқариш учун Американинг бу минтақадаги нуфузи мустаҳкамланади.
Бешинчи: охирида шуни айтамизки, бу минтақа юзлаб йиллар давомида Исломий Халифалик даврида Ислом бошқаруви остида бўлиб келган эди. Бу минтақадаги Ипак йўли ва барча савдо йўллари, портлар Халифалик давлати назорати остида эди. Савдогарлардан асосий кўпчилиги мусулмонлар бўлиб, улар у ер, бу ердан савдо молларини олиб боришар ҳамда Исломга даъватни етказишар эди. Бунинг натижасида миллионлаб одамлар Исломга кирган эди. Улар кейинчалик кўпайиб юзлаб миллионларни ташкил қиладиган бўлди. Яқинда бу минтақа Аллоҳ изни билан яна ўша ҳолига, балки ундан ҳам яхшироқ ҳолга қайтади. Ўшанда ҳокимиятда қолишлари, ўзларининг чириган фасод режимларини ва тор миллий манфаатларини сақлаб қолишлари эвазига Америкага хизмат қилаётган, Америка буйруқларини бажараётган малайлар қолмайди. Эртанги кун эса уни кутаётган учун яқиндир.
«Аллоҳ Ўз ишида ғолибдир. Лекин одамларнинг кўплари (буни)билмайдилар» [Юсуф 21]
16 шаввол 1437ҳ
21 июл 2016м