Ислом қашшоқлик муаммосини қандай ҳал қилади? (2)
Учинчидан: қашшоқлик.
«Агар қашшоқлик одам бўлганда эди, албатта уни ўлдирган бўлардим», деган гап бор. Ислом қашшоқликка шу гап асосида қарайди. Бутун ваҳи нозил бўлган йиллар бўйи Ислом қашшоқлик ва очликка мутлақо қарши эканини таъкидлаб келди. Мана бу сўзни айтган зотдан Аллоҳ рози бўлсин: «Бир кунлик таоми йўқ кишига ҳайрон қоламан, нега одамлар олдига қилич яланғочлаб чиқмас экан-а!». Бу эса Исломнинг қашшоқлик ва очликка нисбатан позицияси уларга асло рози бўлмасликдан иборатлигини англатади. Буни Росулуллоҳ Aнинг
«مَا آمَنَ بِي مَنْ بَاتَ شَبْعانَ وَجَارُهُ جائِعٌ إلَى جَنْبِهِ وَهُوَ يَعْلَمُ بِهِ»
«Ён қўшниси оч бўла туриб, ўзи тўқ ҳолда тунни ўтказган киши менга имон келтирмабди», деган сўзлари ҳам таъкидлаб турибди. Эътибор беринг, Росулуллоҳ A қашшоқликка рози бўлмасликни имон ва ақидага боғламоқдалар! Камбағалларни озиқ-овқат билан таъминлашни талаб этувчи маъмурий қоиданинг ўзинигина тушунтирмадилар, балки ўн уч йил мобайнида ҳар бир ғиштини бирма-бир териб қурган ақиданинг фикрий асосига таяндилар.
Капиталистик системага келсак, уларда жамиятнинг иқтисодий барқарорлиги иқтисодий ўсиш билан ўлчанади. Соғлом иқтисод белгиси улар наздида ялпи маҳсулот ишлаб чиқарилишининг ошишида кўринади. Капиталистик жамиятда қачонки иқтисодий ўсиш оқсаб қолса ёки узоқ вақт тўхтаб қолса, огоҳликка бонг уришади. Бироқ Исломда хатар қўнғироғи ва огоҳлик бонги қачонки очлик давом этса урилади. Чунки модомики, битта инсон – эркакми, аёлми ёки болами – оч бўлар экан, жамиятнинг ҳузур-ҳаловатда бўлишига йўл қўйилмайди.
Қуръони Карим одамларда икки турли қашшоқлик-камбағаллик бўлишига ишора қилади: Мискин ва фақир. Мискин бир кунлик ҳам таоми ва боқувчиси йўқ бўлган инсондир. Фақир топиш-тутиши бор, бироқ бу топиши унинг – уй-жой, саломатликни сақлаш, таълим, транспорт воситалари ва бошқа – оддий кундалик харажатларига етмаётган инсондир. Шунингдек, Ислом баъзан маблағга – вақтинчалик бўлса-да – муҳтож бўлган инсонлар борлигини ҳам баён қилди. Қуръони Каримда мискинларни тўйдиришга катта аҳамият қаратилган. Масалан, Рамазонда рўза тутмаётган ва қазосини ҳам тутолмаётган бемор бўлса, у Исломда ўша тутолмаган кунлари каффорати учун мискинларни тўйдиради. Мусулмон бирор ҳаромни қилиб қўйса, Ислом унга айни гуноҳи каффорати учун оч ва камбағалларни тўйдиришга буюради. Мусулмон Рамазонда шаръий узрсиз рўзасини очиб юборса, шу гуноҳи каффорати учун у икки ой узлуксиз равишда рўза тутади ёки ҳар бир очиб юборган куни учун олтмишта мискинни тўйдирмоғи фарз бўлади. Мусулмон Аллоҳ Таоло номи билан қасам ичиб, уни бузган бўлса, шу гуноҳи каффорати учун ўнта мискинни тўйдириши фарз бўлади. Ислом буюрган ушбу фарзлардан Ислом жамиятда очликка қарши курашишга нақадар қаттиқ аҳамият бергани, уларнинг фарз қилинишидаги энг биринчи мақсад мана шу эканлиги аён бўлмоқда. Чунки Ислом оч инсон ҳар қандай восита билан бўлса ҳам албатта тўйдирилиши шартлигини очиқ баён қилган. Бир вақтнинг ўзида, Ислом шуни тан оладики, оғир жамиятларда одамлар қодирлик ва имкониятда бир-бирларидан фарқ қиладилар, гарчи уруш ва тинчлик вақтидаги барча ҳаракатларга ёки фаровонлик ва танглик вақтидаги иқтисодий ўзгаришлар бўлишига қарамасдан, айрим инсонлар орқада қолишлари ва асосий эҳтиёжларини қондиришга қодир бўлмасликлари табиий ҳолдир. Шунинг учун Ислом инсонлар орасидаги қашшоқ ва мискинларга эътибор бериш кунлик шуғулланадиган ишларнинг бир қисмига айланишини истайди. Очлик масаласига алоҳида аҳамият қаратиш мақсадида Ислом бадавлат кишилар молидан фақир ва мискинлар учун маълум ҳақ ажратди. Бошқача ибора билан айтадиган бўлсак, бойлар молидан камбағалларга берилиши лозим бўлган мол солиқ турига кирмайди. Балки бу бойлар учун бурч, камбағаллар учун ҳақдирки, уни Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло бундай дея амр қилган:
وَالَّذِينَ فِي أَمْوَالِهِمْ حَقٌّ مَّعْلُومٌ * لِّلسَّائِلِ وَالْمَحْرُومِ
«Улар шундай кишиларки, мол-мулкларида сўрагувчи ва маҳрум кишилар учун маълум ҳақ бор» [Маориж 24-25]
Дарҳақиқат, Қуръони Карим молларидан саҳоват қилиб, муҳтож ва очларни едириб ичириш, боқиш учун сарфлаган кишиларни мақтади. Ўзи яхши кўрган таомини мискин, етим ва асирга илиниб берган, буни дунёвий бирор нарсани умид қилиб эмас, балки фақат Аллоҳ Таолонинг розилигини истаб адо этган зотларни Қуръони Карим олий даражага кўтарган.
Ушбу қоида ва тушунчаларга асос солгандан сўнг Ислом қонун ва аҳкомлар мажмуасига эътибор қаратиб, улар орқали молнинг фақир ва муҳтожлар қўлига етиб боришини таъминлади, бойликнинг ҳақдорлар ўртасида тўғри тақсимланиб, бой шахслар қўлида тўпланиб қолмаслигини кафолатлади. Бу аҳкомлардан айримларини қуйида келтириб ўтамиз:
- Нафақа аҳкомлари. Бу аҳкомлар Ислом ҳар бир нафақахўрнинг нафақасидан жавобгар бўлган кишининг устидаги ҳаққини баён қилган. Мисол учун, оталар зиммасидаги фарзандлар нафақаси, фарзандлар улғайганида уларнинг зиммасидаги ота-онанинг нафақаси, эр зиммасидаги хотиннинг нафақаси ва ҳоказо каби;
- Мерос аҳкомлари. Бунда Ислом очиқ-ойдин белгиланган қонунларга мувофиқ ҳар бир меросхўрга меросдан ўз насибасини кафолатлаган;
- Омма мулки аҳкомлари. Бунда айни мулк тушимлари инсонлар эҳтиёжларига инфоқ қилинади. Таълим, соғлиқни сақлаш ва камунал хизматлар каби;
- Давлат мулки. Ушбу мулк орқали камбағалларга улардан камбағаллик сифатини даф этиш учун маълум маблағ берилади;
- Музорабага ихтисослашган ширкатлар аҳкомлари. Бу ширкатлар орқали маблағи бўлмаган шахс маълум ишлаб чиқариш ширкатининг эгасига айланади, унинг ширкатини маблағи бор шахс молиялаштиради;
- Ерни ижарага беришнинг ҳаромлигига, балки ери бор шахс унга экин экиши ёки биродарига беришига оид аҳкомлар;
- Молни хазина қилиб сақлашнинг ҳаромлиги аҳкомлари. Бу билан иш тополмаётган шахсларни иш билан таъминловчи лойиҳалар бўйича маблағ ётқизиш фарз бўлади;
- Судхўрликнинг ҳаромлиги тўғрисидаги аҳкомлари. Бу аҳкомлар бозорда ишлаб чиқариш айланмасидаги пулнинг етарли бўлишини таъминлайди;
- Закот аҳкомлари. Закот моллари молга муҳтож бўлган саккиз синфдаги кишиларга етиб боради;
- Солиқлар аҳкомлари. Солиқ жамиятдаги очлик ва фавқулодда қашшоқлик эҳтиёжини қондириш учун махсус вақтларда бадавлат мусулмонларга солинади.
Сўзимиз ниҳоясида шуни эслатмоқчимизки, Росулуллоҳ A биринчи муҳожир ва ансорлар ўртасида ака-укаликни пайдо қилганларида, бундан кўзлаган мақсадларидан бири, муҳожирларнинг ҳижрат қилишлари ва Маккага молларини ташлаб чиқишлари натижасида юзага келган камбағаллик ҳолатларини ҳал этиш бўлган.
Д. Муҳаммад Малковий