Туркия-Россия муносабатларидаги сўнгги ўзгаришлар
Туркия-Россия муносабатларидаги таранглик 2015 йил 24 ноябрда русларнинг SU-24 учоғи туркларнинг иккита Ғ-16 учоғи томонидан – қуролдан фойдаланиш қоидасига асосан – уриб туширилиши натижасида юзага келди. Бунинг ортидан Россия Туркияга савдо-сотиқ байкотини жорий қилди. Бу байкот ҳар икки юртнинг иқтисодига бир қатор салбий оқибатларни олиб келди.
26 июнда яҳудийлар давлати билан алоқаларни нормаллаштиришга оид келишув эълон қилиниши билан бошқа бир қатор ишлар бир вақтга тўғри келди. Ўша кунлари Россия куни бўлиб ўтди. Туркия президенти Эрдоган россиялик ҳамкасби Путин билан телефонда суҳбатлашди. Икки юрт ўртасидаги алоқаларни нормаллаштириш учун Турк бош вазири Йилдирим рус ҳамкасби Медведевга мактуб юборди. Россия ҳам тезда ижобий жавоб қайтарди. Сўнг ана шу куннинг ўзида Эрдоган-Путин ўртасида телефон сўзлашуви бўлиб ўтди.
Турк президентлиги томонидан айни учрашув ҳақида чиқарилган баёнотда бундай дейилади: «Президентимиз Эрдоган ва жаноб Путин минтақадаги сиёсий, иқтисодий ва гуманитар кризисга қарши курашда ҳамкорлик қилиш жуда муҳимлигини таъкидладилар, иккаласи ҳам икки давлат ўртасидаги муносабатларни қайта тиклаш учун керакли қадамларни ташлаш зарурлигини урғуладилар». Ўз навбатида, Путин ҳам «Ҳозирги вазият икки давлат учун ҳам манфаатли эмас, албатта тоза саҳифа очишимиз лозим, Туркия билан Россия олдида бажариш зарур бўлган минтақавий масала турибди», деди.
Кремл матбуот воизи Дмитрий Песков Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоган билан Россия президенти Владимир Путинлар ўртасида кутилаётган учрашув ҳақида баёнот бериб, «Чамаси, бир ой ёки кўпроқ вақтдан сўнг Туркия билан муносабатларни барқарорлаштиришга қаратилган кенг кўламли қатор учрашувлар, сўзлашувлар бўлиб ўтиши кутилмоқда», деди. Францияда Эрдоган билан Путин учрашгач, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бундай деди: «Сурия бўҳронини ҳал этиш учун Москва билан Анқара ўртасида ҳамкорлик қайта тикланиши эҳтимоли кучли. Мен Россиянинг Сочи шаҳрида ўтказиладиган Қора денгиз Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти йиғинида турк ҳамкасбим Мавлуд Човушўғли билан Сурия бўҳронига албатта тўхталамиз, деган умиддаман». У яна айтдики: «Терроризмга қарши курашда Туркия билан бирга фаолият қилувчи гуруҳ тузилди. Бу гуруҳ ташқи ишлар вазирлиги ва махсус хизматлар вакилларидан ташкил топган бўлиб, фаолияти ўтган етти ой ичида музлатиб қўйилганди. Бироқ бугун уни қайта ишга туширишга келишиб олдик… Суриядаги террорчи ташкилотлар билан террорчи бўлмаган ташкилотлар ўртасини фарқлашда биз билан Туркия ўртасида ихтилоф йўқ… Америкалик ҳамкасбларимиз бўлса, айрим жамоаларга уларни Жабҳатун Нусрадан фарқлолмаётганини айтиб, таҳдид қиляпти. Ким Россия ва Сурия режими отаётган оловнинг қурбони бўлишни истамаса, Жабҳатун Нусра жойлашган ерда турмаслигини маслаҳат берамиз. Бу иш унчалик мушкул эмас. Турк ҳамкасбларимиз бу мантиққа мутлақ қўшилишларини билдирди».
2016 йил 1 июлда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғлу рус ҳамкасби билан Сочида учрашиб, бундай сўзларни айтди: «Иккала давлат ҳам Сурия бўҳронини ҳал этиш учун ҳамкорлик қилишлари лозим. Бу мулоқотни қайта тиклаш Сурия келажаги учун жуда муҳимдир. У ерда сулҳ ва инсонпарварлик ёрдамлари жуда зарур. Фақат сиёсий ечимгина Сурия бўҳрони учун энг тўғри ечим бўлади. Биз Сурия чегараларининг мустаҳкам ва тинч бўлиши ҳамда илмонийлик ва тоталитаризм каби масалаларда бир хил фикрдамиз. Зеро бу нарсалар эртага Сурияга етакчилик қиладиган ҳукумат безаниши лозим бўлган сифатлардир… Асаднинг қолиши ё кетиши тўғрисида фикрларимиз турлича эди… Ҳозир эса биз худди ўша фикрдамиз, дейиш қийин… Биз тарихнинг махсус даврини бошдан кечиряпмиз, бугунги кунда тарих оқими тезлашиб кетмоқда. Илгари дуч келмаган таҳдидларга дуч келяпмиз. Бу таҳдидларга қарши ёлғиз ўзимиз курашишга мажбур бўлдик. Регионал ва халқаро даражада жиддий бурилишлар юзага келди».
Булар расмий доираларнинг 26 июндан бошланган Туркия-Россия муносабатларидаги янги давр билан боғлиқ баёнотларнинг бир қисми. Бу баёнотларни диққат билан ўрганиб, таҳлил қилиш натижасида қуйидагилар аён бўлди:
- Бу расмий баёнотларда савдо масаласига тўхталинмади. Ваҳоланки, жамоатчилик диққат-эътибори икки давлат ўртасидаги таранг муносабатларнинг савдо ва иқтисодий оқибатларига қаратилган эди. Бинобарин, муносабатларни қайта тиклашдаги асосий сабаб, иқтисодий зарарлар ҳам, заиф ва синиқ савдо алоқалари ҳам эмас. Зотан, савдо муносабатларини қайта тиклаш, деган нарса жамоатчилик фикрини асосий масаладан чалғитиш учун тиқиштирилган иккиламчи масаладир.
- Туркия ва Россия томонлари берган баёнотларга назар солсак, уларда Сурия масаласи яққол намоён бўлиб турганига гувоҳ бўламиз. Чунки бугун Суриядаги мавжуд ўзгаришлар кўпроқ Россияни ҳамда минтақадаги барча давлатларни, асосан, АҚШни ташвишга солмоқда. Шу сабабдан АҚШ айни масалани ҳал этишда ўзи билан бирга фаолият қилаётган барча давлатлар ўртасидаги реал ва иккиламчи муаммоларни ҳам ечиш зарур, деган қарорга келди. Бир томондан, Америкадаги президентлик сайловлари бўлмоқда, иккинчи томондан, бу давлатлар Сурияда боши берк кўчада қолишган. Шу нарсалар улар олдида Сурия бўҳрони оқибатларига оид жиддий таранг вазиятни келтириб чиқарди. Чунки Туркия билан яҳудийлар давлати ўртасидаги муносабатларни зудлик билан нормаллаштиришга уриниш ҳамда Россия-Туркия ўртасидаги тарангликни бартараф этишга уриниш ортида, шунингдек, яқин келажакда Туркия-Миср муносабатларида тахмин этилаётган тоза саҳифа очиш уриниши ортида битта омил турибди, у ҳам бўлса, Сурия масаласи!
Бироқ Россия-Туркия муносабатларининг бундай тезлик билан яхшиланиши ва уйғун тус олиши ёнида, терроризмга қарши курашда ҳамкорликни ошириш ҳам мавжуд. Шунга биноан, Туркия дарҳол ўзида яшаётган Ҳизб ут-Таҳрир йигитларидан айримларини ҳибсга олиб, Россияга топширишга киришди. Бошқача ибора билан айтадиган бўлсам, келаси яқин кунлар ичида тақволи, холис ва онгли мусулмонларга тазйиқлар бир мунча кучайиши кутилмоқда.
- Халқаро майдонда содир бўлаётган бундай тезкор ўзгаришлар Сурия масаласида янги бир фаол режа тузилиши мумкинлигидан дарак беради. Бу янги режада Туркияга алоҳида роллар ва муҳим вазифалар берилиши эҳтимолдан холи эмас. Мазкур муносабатлар турк халқи манфаати йўлида яхшиланмаганига ҳам асло шубҳа йўқ.
Сўзим ниҳоясида шуни айтмоқчи эдимки, яҳудийлар билан муносабатларни нормаллаштиришга бор кучини сарфлаб ҳаракат қилаётган турк масъуллари, мусулмонларга қарши курашнинг янги босқичида Россия томонга ўтишди. Россия эса мусулмонлар бошига бомба ёғдирмоқда, уй-жойлари ва юртларини вайрон қилмоқда. Бу давлатнинг Ислом ва мусулмонларга етказаётган азоб-уқубатларини санаб тугатиб бўлмайди.
Муҳаммад Ҳанафий Яғмур.