Тожикистон яқин вақтлар ичида ЕОИИга аъзо бўлиши мумкин
Россия давлат думасининг МДҲ ишлари бўйича қўмитаси раиси Леонид Слуцкийнинг маълум қилишича, Тожикистон яқин вақтлар ичида Евроосиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш истагини эълон қилиши мумкин.
“Ўйлашимча, келгуси йилда расмий Душанбе ўз истагини билдиради. У МДҲга аъзо бошқа давлатлардан кўра кўпроқ шунга интилмоқда”,- деди Слуцкий.
Шу билан бирга Слуцкий таъкидлашича, бу “мустақил давлат танлови эканлиги” ва “Россия ҳеч кимни ўзига тортмайди”.
“Агар қўмита Тожикистондан расмий сўровнома олса, буни қандай амалга оширишни ўйлаб кўрамиз”,-деди у.
Слуцкийнинг сўзларига кўра, айни вақтда Тожикистон иқтисоди ЕОИИнинг тўлақонли аъзоси бўлишга тайёр эмас. Аммо Тожикистон ЕОИИга аъзо бўлиши ортидан мамлакатда иқтисодий ўсишга ва фуқаролар миграция масалаларида бир қатор енгилликларга эришиши мумкин.