Саудия Арабистони иккинчи Валиаҳди шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Яқин Шарқ минтақасида юзага келган муаммоларни Оқ уй билан ҳал қилиш учун АҚШга йўл олди.
АҚШ президенти Барак Обама шаҳзода Салмонни жума куни Оқ уйда қабул қилди. Қабул пайтида АҚШ президенти икки мамлакат ўртасидаги икки томонлама муносабатлар ва Яқин Шарқ минтақасидаги муаммолар ҳақида баҳс юритди. Обаманинг таъкидлашича, АҚШ ҳукумати икки мамлакат манфаати учун ва Яқин Шарқда хавфсизлик ва барқарорликни қўллаб-қувватлаш учун Саудия Арабистони қироллиги билан ҳамкорликни давом эттириши зарурдир.
Шаҳзода Муҳаммад бин Салмон Пентагонда АҚШ Мудофаа вазири Эштон Картер билан ҳам учрашув ўтказди. Шаҳзода Салмон минтақа катта хавфга юзма-юз келаётганини билдирар экан, айниқса “терроризм” энг катта хатар эканлигига эътибор қаратди. Шахзодага кўра, Саудия ўзининг иттифоқчилари билан, хусусан Вашингтон билан мазкур хавфга қарши кураш олиб бормоқда.
“Бугун мен жуда нозик бир пайтда биз билан иттифоқдош бўлган бир ўлкадаман. Биз (Яқин Шарқ) минтақасида беқарорлик ёки террор каби жуда катта хатар ичида яшамоқдамиз. Бугунги кунда Америка Қўшма Штатлари ва унинг иттифоқчиларининг бу хатарларни бартараф қилишда жуда муҳим роли бор. Бу хатарлар умумий шаклда бутун дунёга таъсир кўрсатиши мумкин. Биз бу муаммоларни ҳал қилиш учун қаттиқ ҳаракат олиб боряпмиз”, деди Муҳаммад бин Салмон.
Саудия шаҳзодаси АҚШ Давлат котиби Жон Керри билан ҳам учрашди. Ўзаро учрашувда минтақавий муаммолар муҳокама қилингани айтилмоқда. АҚШ Давлат департаменти томонидан берилган баёнотда айтилишича, (Керрй ва Салмон) ўтган ҳафта охирида Орландода юзага келган ҳужумларни ҳам муҳокама қилган ва экстремизмнинг ёйилишига қарши курашда ҳамкорликни давом эттиришга ўз содиқликларини изҳор этишган.
Шунингдек, Муҳаммад бин Салмон Америка расмийлари билан минтақадаги инқирозни муҳокама қилди. Шаҳзода Сурия инқирози ва бошқа масалалар ҳақида республикачилар ва демократлар партияси раҳбарлари ҳамда бир қатор Конгресс аъзолари билан ёпиқ эшиклар ортида учрашлар ўтказди.
АҚШ ҳарбий хизматлар ва ташқи алоқалар қўмитасининг аъзолари ҳамда раҳбарлари билан ҳам учрашган шаҳзода Салмон икки мамлакат ўртасидаги сиёсий ва хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашди. Сурия инқирозини ҳал қилишда ва АҚШ билан ҳамкорлик қилишда Саудия етакчи роли мақталди. АҚШ давлат департаменти матбуот котиби Жон Кирби Саудия Арабистони ИШИДга қарши халқаро коалиция асосчисиларидан бири эканлигини айтиб ўтди.
“Агар Саудия Арабистонининг роли бўлмаганда эди, Сурия можаросига сиёсий ечим топиш учун йигирмага яқин давлатдан таркиб топган “Сурияни қўллаб-қувватлаш” халқаро ҳамжамияти мавжуд бўлмас эди”, деди Жон Кирби.