Ўзбекистон ҳукумати 2016 йил Россиянинг Газпром ширкатига сотадиган ўзбек газининг нархини орзонлаштирди. Газпром ширкати газ сотиб олиш борасида Туркманистон масъуллари билан келиша олмагач, Ўзбекистондан аввалги нархидан кўра арзонроқ нархда, яна ҳам кўпроқ газ сотиб олишини эълон қилди.
Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги тарқатган хабарга кўра, Россиянинг Газпром ширкати 2015 йилда ўтказилган музокаралар натижасида Ўзбекистон ва Қозоғистондан сотиб оладиган табиий газ нархини орзонлаштиришга муваффақ бўлган. Лекин табиий газ нархлари қанчага орзонлаштирилганлиги ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумот йўқ.
Газпром ширкати томонидан тақдим қилинган ҳужжатларда айтилишича, Туркман расмийлари билан нарх бўйича келиша олмаган Россия ширкати Туркманистон билан тузган газ шартномасини бекор қилиб, Ўзбекистондан кўпроқ газ сотиб олиш борасида шартнома тузган.
2016 йилда Россия Ўзбекистондан жуда арзон нархда 3.1 миллиард куб метр газ сотиб олиши тахмин қилинмоқда. Ўзбекистон Россия ва Хитойга газ экспортини ошираётган бир пайтда мамлакат аҳолиси ва саноат корхоналари доимий тарзда газ таъминоти борасида катта муаммоларга дуч келаётгани бод-бод қулоққа чалиниши одатга айланган.
Эслатиб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Молия Вазирлиги тарафидан табиий газ учун белгиларган умумий кўрсатмаларга биноан, Ўзбекистонда жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб аҳолига бериладиган табиий газнинг нархи 8%га оширилган.