Саудия раҳнамолигида ташкил қилинган ва “террорга қарши Исломий иттифоқ” номи берилган ҳарбий иттифоққа аъзо бўлган давлатларнинг армия бошлиқлари Саудия пойтахти Ар-Риёд шаҳрида тўпланди. Бу ҳақида Саудия Арабистонининг иккинчи Валиаҳд шахзодаси, айни пайтда давлат мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз маълум қилди.
Саудия ахборот агентлиги “SPA”нинг хабарига кўра, Саудия мудофаа вазири Муҳаммад бин Салмон ҳарбий иттифоққа аъзо бўлган давлатларнинг армия бошлиқлари билан алоҳида-алоҳида учрашган. Мулоқот чоғида терроризмга қарши кураш борасида Ислом ўлкалари орасидаги стратегик мувофиқлик муҳимлиги таъкидлаб ўтилган.
Мазкур учрашувда қонунийлик, мустақиллик, мувофиқлик ва ҳамкорлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари, молиявий, ҳарбий ва интеллектуал ташаббуслар воситасида экстримистик ғояларга қарши кураш масалалари кўриб чиқилганлиги айтилмоқда.
Йиғилишда сўзга чиққан Саудия Арабистони мудофаа вазирлигининг маслаҳатчиси генерал-лейтенант Аҳмад бин Ҳасан Аширий Исломий иттифоққа аъзо давлатларнинг ўзларидан талаб бўлмаса, террорга қарши ҳарбий амалиётга жалб қилинмаслигини таъкидлади.
“Иттифоққа аъзо давлатлар разведка соҳасида ахборот алмашадилар ва ҳеч бир давлат ўз талаби бўлмай туриб, ҳарбий амалиётга жалб қилинмайди”, деди у.
Аширий “душман”га қарши фикрий, молиявий, ҳарбий жиҳатлардан ва матбуот орқали кураш олиб бориш муҳимлигини таъкидлади. Унга кўра, бу йўналишда муваффақият қозониш учун иттифоққа аъзо давлатлар яқиндан ҳамкорлик қилишлари лозим.
“Террорчи ташкилотлар матбуотдан унумли фойдаланмоқда. Шунинг учун ҳам террорчи ташкилотлар томонидан тарқатилаётган фикрларга қарши курашда Иттифоқнинг фикрий ва оммавий ахборот воситалари стратегиясини ривожлантириш табиийдир. Молиявий жиҳатдан эса террорчи ташкилотларининг молиявий манбаларини аниқлаб, уларни йўқ қилиш назарда тутилади. Ҳарбий жиҳатдан эса Ар-Риёд шаҳрида иттифоқнинг амалиётларини мувофиқлаштирувчи марказ ташкил қилиш ва бунинг учун бюджетдан маблағ ажратилиши ҳақида баҳс олиб боряпмиз”, “Авваламбор иттифоққа аъзо давлатлар амалиёт марказида ташкил қилинган маълумотлар базасида бошқа мамлакатлар билан разведка маълумотларини алмашади. ҳар қандай хавфга дуч келган тақдирда бошқа мамлакатлардан ёрдам олади”, деди Ҳасан Ашири.