بســـــم الله الرحمن الرحيم
КЎР ХАССАСИНИ БИР МАРТА ЙЎҚОТАДИ
Мустамлакачи кофирлар демократия номли балони бизга мажбурлаб тиқиштиришмоқда. Бундан кўзлаган мақсадлари эса бизни доимо қулликда ушлаб туришдан иборат. Уларга ўзимиздан чиққан малай ҳокимлар ёрдам беришмоқда. Булар арзимас, қўрқоқ инсонлар бўлиб, хўжайинлари олдида тарихдаги қуллардан ҳам ёмонроқ аҳволга тушиб қолишади. Чунки қуллар кишанларда бўлишса ҳам ўз фикрларини айтишдан қўрқишмаган. Аммо улар “ҳур” бўла туриб, ўз фикрларини айтишга ҳам журъат қилиша олмайдилар. Тўғри, уларнинг ҳаммаси ҳам қулларга айланиб қолишмаган, уларнинг орасида шерюрак, ноҳақликларга қарши чиқадиган, ҳақиқий ўғлонлар ҳам бор, лекин кофирга малай бўлган ҳокимият уларни тилини тийиб қўйишга бор кучларини сарфлашмоқда. Кофир хўжайинлари қилаётган ҳийлалари эса ўзларининг зиёнига бўлаётганини англашмайди. Масалан, ҳозирги кунда ҳукумат имом-домлаларни Исломга карши курашда ўзларига шерик қилиб олишга интилишмоқда. Бу орқали ўзларига топширилган вазифага мос равишда, халқ мустамлакачи кофирлар хоҳлаган томонга юради деб ўйлашмоқда. Йўқ, асло! Бу янги балоларни бошланиши бўлади, халқ яна қийналади.
Эй, раҳбарлар! Эй, халқ етакчилигини ўз зиммасига олганлар!
Халқ сизларга умуман ишонмайди. На сизларнинг ваъдангизга, на чиқараётган қарорларингизга ва на тарқатаётган хабарларингизга ишонмайди. Халқни алдашни тўхтатинглар, ўз зиёнингизга беҳуда уринишни бас қилинглар! Баъзи бир инсонлар ўз манфаатини ўйлаб, сизларга тилёғламалик қилиш билан худбинликлари асосидаги мақсадларига етиш учунгина сизлар томонда туришипти. Мўминлар ишонмай қўйганликлари Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадиси асосида бўлган:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ لَا يُلْدَغُ الْمُؤْمِنُ مِنْ جُحْرٍ وَاحِدٍ مَرَّتَيْنِ
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва саллам дедилар:
“Мўмин бир тешикдан икки маротаба чақилмайди”. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари.
Айримларидан юз ўгиришни бошлашган бўлсаларда, имом-домлаларга халқ ишонади. Улар ҳақни айтмоқдалар, Аллоҳнинг динидан таълим беришмоқда деган ишонч ҳозирча йўқолгани йўқ. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳақни баён қилиши билан танилган Рашод қори Камоловни қамоққа олиниши имом-домлаларнинг оғзини ёпишга уриниш бўлган бир хато эди. Энди мусталакачиларнинг мақсадларини амалга оширишда имом-домлаларни шерик қилишга бўлган уринишлар навбатдаги оғир хато бўлади. Чунки, имом-домлаларга ишонаётган халқ улардан бирин-кетин юз ўгира бошлайди. Яъни бошқа жойлардан ўзлари учун йўлбошчилар излайди, саволларига жавоб берувчи ишончли олимларни топишади, бу ҳозирги даврда жуда осон. Ёки адашиб АҚШ каби ваҳшийлар сунъий равишда ташкил қилган ҳаракатларга боғланадилар. Бунда асосий жиноятчи сизлар бўласизлар!
Эй, имом-домлалар! Эй, Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва салламнинг меросхўрлари!
Оғир, синовли дамлар тугашига жуда оз қолди. Ислом эшик қоқиб келаётган бир пайтда сизларни куфр томонида бўлишдан эҳтиёт бўлишга чақирамиз. Агар синовда собит қадам бўлиб, ҳақни баён қилишда бардавом бўлсангизлар икки дунё азизлигига эга бўласизлар. Мобода куфр ва унинг малайларига ён боссанглар, икки дунё шармандалигига ҳақли бўлиб қоласизлар. Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилмайдиган ҳокимлар билан дўстона муносабатда бўлиш Исломдаги катта жиноятлардандир. Шунингдек, уларнинг хатоларига “қарсак чалиш” ва улар ҳузурида мунофиқона туриш – рози бўлиш белгиларидандир. Аммо зулмларию, фисқу-фужурларида уларга итоат қилиш, куфр фойдасига чиқарилган буйруқ-қарорларини бажариш ва уларни ўзгартирмаслик, фитна (ҳақдан буриш)ларини инкор этмаслик золимларни янгидан-янги ҳиёнатларга шижоатлантиради ва мусулмонларга қарши илҳомлантиради, лекин асосий жавобгарлик сизларнинг зиммангизда. Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва саллам бу ҳақида огоҳлантирган:
“Огоҳ бўлингки, ҳар бирингиз раҳбарсиз ва ҳар бирингиз ўз раиятидан масъулсиз. Одамларга бош бўлган имом раҳбардир ва у ўз раиятидан масъулдир…”.
Меҳрибон ва Раҳимдил Аллоҳ Таоло бандаларига ҳар бир ишда энг тўғри ҳукмларни етказди ва инсонни ўз ихтиёри билан уларни қабул қилишларини хоҳлади. Ўз ихтиёри билан Исломни қабул қилган инсон мўмин ҳисобланади ва унда ҳеч қандай ихтиёр қолмайди. “Аллоҳ Таолога ишонаман ва унга бўйсунаман” деган инсонда ихтиёрий бирор иш йўқ. Баъзисини олиб, баъзисини тан олмаслик, Исломни тўлиқ инкор қилиш каби куфр ҳисобланади. Бу ҳукмлардан юз ўгирган инсонларни оғир ҳаёт кечирганларига тарихда жуда кўп мисоллар бор. Ҳозирги ваҳшийликларнинг ҳам асоси Аллоҳни қўйиб, инсонлар чиқарган ҳукмларга қараб иш кўришимизда. Аллоҳ Таоло айтади:
وَمَنْ أَعْرَضَ عَنْ ذِكْرِي فَإِنَّ لَهُ مَعِيشَةً ضَنكًا
„Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас албатта унинг учун танг-бахтсиз ҳаёт бўлур“. [20:124]
Ислом олими бу – Аллоҳ Таолонинг амр-фармонларини яхши биладиган, ўз қавмига нисбатан шариат асосидаги яшашни билгувчироқ деган маънони англатади. Масалан, демократияда дин ва сиёсат бир-биридан алоҳида икки нарса, бир-бирига аралашиши мумкин эмас, деб уқтиришадию аммо демократлар бунга риоя қилишмайди, балки диндан сиёсий ишларда фойдаланишади. Ислом дини бу – сиёсат. Сиёсат билан шуғулланиш ҳар бир мусулмонга фарз. Сиёсий ҳизбларни тузиш эса фарзи кифоя. Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:
“Эътиборини Аллоҳдан бошқага қаратган ҳолда тонг оттирган одам Аллоҳдан эмас. Мусулмонларнинг ишига аҳамият бермаган ҳолда тонг оттирган одам мусулмонлардан эмас”.
Аллоҳ Таоло айтади:
وَلْتَكُنْ مِنْكُمْ أُمَّةٌ يَدْعُونَ إِلَى الْخَيْرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنْ الْمُنْكَرِ وَأُوْلَئِكَ هُمْ الْمُفْلِحُونَ
“Ораларингиздан яхшиликка (Исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир”. [3:104].
Демак, сиёсий ҳизбларни бўлишига қаршилик қилиш Аллоҳ ва Росулига қарши чиқиш бўлади, бундан Аллоҳ сақласин.
Олим бўлсангиз ўргатинг, даъват қилинг. Сиз айтаётган гапларингни халқ диндан деб билишади, далилини келтиринг, лоақал кимнинг ижтиҳоди эканини қўшиб баён қилинг. Аммо сизга ишонган инсонларни алдаманг, динга ҳиёнат қилманг!
Аллоҳ Таоло айтади:
أَأَنْتُمْ أَعْلَمُ أَمْ اللَّهُ وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ كَتَمَ شَهَادَةً عِنْدَهُ مِنْ اللَّهِ وَمَا اللَّهُ بِغَافِلٍ عَمَّا تَعْمَلُونَ
“Сизлар яхшироқ биласизми ёки Аллоҳми? Ўзи биладиган гувоҳликни Аллоҳдан яширган кимсадан ҳам золимроқ одам борми? Аллоҳ қилаётган ишларингдан ғофил эмас”. [2:140]
وَمَنْ أَظْلَمُ مِمَّنْ افْتَرَى عَلَى اللَّهِ كَذِبًا أَوْ كَذَّبَ بِآيَاتِهِ إِنَّهُ لَا يُفْلِحُ الظَّالِمُونَ
Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар. [6:21]
Эй, мусулмонлар! Эй, содда халқим!
Қачонгача дўст-душманни ажратмай юрасан?! Қачонгача кофирларнинг малайларига жим турасан?! Мусулмонлар юртидаги қамоқларда ётган бегуноҳ инсонларни, ор-номуслари топталаётган аёлларни, очидан ўлаётган гўдакларни кўрмаяпсанми?! Бугун ўша мусулмонларга келган аҳвол эртага, менга ҳам келганда “қарши тураман” деб ўзингни алдама!
Қачонгача ўзингдан чиққан хоинларга жим турасан? Ҳолбуки Аллоҳ ва Росули саллоллаҳу алайҳи ва саллам буни ҳаромлигини баён қилган. Сен уларнинг ҳиёнатларини кўриб туриб индамаслигинг уларнинг жиноятига шериклигингни англатади.
Абу Масъуд (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва саллам айтадиларки: …”Йўқ, асло, Аллоҳга қасамки, сизлар албатта яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар. Сизлар албатта золимнинг қўлидан ушлайсизлар ва уни ҳаққа бурилишга мажбур қиласизлар ва албатта уни ҳаққа маҳкам боғлаб қўясизлар. Ёки албатта Аллоҳ баъзиларингизни баъзиларингиз қалби билан уради, сўнгра уларни лаънатлаганидек, сизларни ҳам лаънатлайди”.
Аллоҳ айтади:
وَمَا اخْتَلَفْتُمْ فِيهِ مِنْ شَيْءٍ فَحُكْمُهُ إِلَى اللَّهِ
“Нимада ихтилоф қилсангиз унинг ҳукми Аллоҳга (қайтади)”. [42:10]
Яна айтади:
فَإِنْ تَنَازَعْتُمْ فِي شَيْءٍ فَرُدُّوهُ إِلَى اللَّهِ وَالرَّسُولِ
“Агар бирор нарсада талашиб қолсангиз, уни Аллоҳ ва Расулига қайтаринглар”. [4:59]
Дорқутний ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
«كُلُّ أَمْرٍ لَيْسَ عَلَيْهِ أَمْرُنَا فَهُوَ رَدٌّ»
“Бизнинг унга амримиз бўлмаган ҳар бир иш рад этилгандир”.
Шулардан маълум бўладики, Исломда асос – шариатга эргашиш ва у билан боғланишдир. Мусулмон ҳар бир ишни қилишдан аввал ўша ишнинг шаръий ҳукмини билиб, кейин унга нисбатан, мусулмонлигидан келиб чиқиб, унга мос равишда ўзини шакллантириши керак, акс ҳолда у мусулмонликни даъво қилаётган ёлғончи, мунофиқ бўлиб қолади.
Аллоҳ Таоло айтади:
فَاسْأَلُوا أَهْلَ الذِّكْرِ إِنْ كُنتُمْ لَا تَعْلَمُونَ
“Агар билмасанглар зикр аҳлидан яъни биладиганлардан сўранглар”. [16:43] ва [21:7].
Абу Довуднинг Жобир (р.а)дан ривоят қилган таяммум ҳақидаги ҳадисида Расулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:
«أَلاَ سَـأَلُوا إِذْ لَمْ يَعْلَمُوا فَإِنَّمَا شِفَاءُ الْعِيِّ السُّؤَالُ»
“Билмасалар, сўрамабдиларда. Чунки, жоҳилликнинг давоси сўрашдир”.
Сўраётган олимни текшириш шарт, фосиқнинг гапини текшириб кўриш Аллоҳ Таолонинг амри:
يَاأَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنْ جَاءَكُمْ فَاسِقٌ بِنَبَإٍ فَتَبَيَّنُوا أَنْ تُصِيبُوا قَوْمًا بِجَهَالَةٍ فَتُصْبِحُوا عَلَى مَا فَعَلْتُمْ نَادِمِينَ
“Эй муминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда, бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб-текшириб кўринглар”! [49:6]
Аммо олимни беркиниб олиши ёки ўз ватанини тарк этиши унинг гапини шубҳали қилмайди, чунки Ислом келган илк даврларда мусулмонларни халқ душмани деган тамға билан жамиятда жиноятчиларга айлантиришган вақтда саҳобалар Маккани тарк этишга мажбур бўлишган, ҳатто аввалда “Муҳаммад Амин”(ишончли) деб танилган Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва салламга ҳам Макка эшиклари ёпилгач, бошқа қабилалардан ёрдам талаб қилганлар. Шунда Маккадан қувғин қилинган Росулуллоҳ саллоллаҳу алайҳи ва салламни Мадина аҳолиси “тўлиной”дек кутишиб олгани ва йўлда ўзини Пайғамбар эканини бир аъробийдан яширгани маълум ва машҳурдир.
Абу Зар