АҚШ вице-президенти Жо Байден Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳуга Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдуғоннинг Исроил билан иложи борича тезроқ ўзаро келишувга эришиш истаги борлигини маълум қилди. Бу ҳақида Исроилда чиқадиган Ҳааретз газетаси номи ошкор қилинишини истамаган Исроил ташқи ишлар вазирлиги расмийларига таяниб хабар тарқатди.
Газетанинг хабар қилишича, Яқин Шарқ масалалари бўйича Исроилга келган Жо Байден ўтган чоршанба куни Эрдуғоннинг талабини Нетаняҳуга етказган. Хабарда Байденнинг Нетаняҳуга “Эрдуғон Анқара ва Тел-Авив ўртасидаги инқирозни жуда тез фурсат оралиғида ҳал қилиш истагида”, деган сўзи келтирилади.
Шунингдек, хабарда айтилишича, Байден Нетаняҳуга АҚШ икки давлат, яъни Исроил ва Туркия ўртасида воситачилик қилишга ёки икки давлат ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш учун ҳар қандай қадамни ташлашга тайёр эканлигини алоҳида эслатиб ўтган.
Нетаняҳу ҳам, Байденнинг сўзларига жавобан, Туркия ва Исроил давлатлари вакиллари ўртасида доимий алоқада мавжудлигини, лекин ҳалигача бирор муросага эришилмаганлигини билдирди. Исроил битимга эришиш мақсадида музокара столига ўтиришга тайёр эканлигини айтиб ўтган Нетаняҳу “аммо бизнинг баъзи қизил чизиқларимиз бор”, дея қўшиб қўйди.
Жо Байден икки давлат ўртасидаги муносабатларни тузатишнинг асосий сабаби Исроилдан Европага табиий газ қувурини тортиш эканлигини эслатиб ўтди. Бундан мақсад Россия газига рақобат ташкил қилишдир. Байденнинг таъкидлашича, ўзаро битим орқали Исроилнинг табиий гази Туркия орқали Европага экспорт қилинади.
“Кичик, лекин мустаҳкам илдиз отган Исроил давлати минтақада энергия марказига айланмоқда. Бу эса Мисрдан Туркиягача, Кипрдан Греция ва Иорданиягача бўлган бир қанча ўлкаларнинг Исроил билан бўлган муносабатлари ижобий тус олишига сабаб бўлади. Бунга эришишингиз осон эмас, аммо қўлингизда керакли воситалар бор”, деди Байден Исроил расмийларига қарата.