“Қант” авиабазасидаги ҳарбий самолётлар Тожикистондаги ўқув машғулотларида иштирок этади

603
0

  Россиянинг Қирғизистонда жойлашган “Қант” авиабазаси ҳарбий учувчилари 15 мартдан 20 мартга қадар Хатлон гарнизонининг “Лаур”, “Сумбула”, “Момирак”, “Ҳарбмайдон” ва “Халқаёр” полигонларида бўлиб ўтадиган кенг кўламли Тожикистон-Россия ҳарбий ўқув машғулотларида иштирок этиши маълум бўлди.

 Ўқув машғулотларига тайёргарлик 9 март куни бошланди. Эртаси куни Ан-124 “Руслан” транспорт самолётлари Душанбега замонавий мобил бошқарув пунктлари, автоматлаштирилган тизимлар ва алоқа техникаларини етказиб келди.

 “Ҳаво транспорти билан ҳарбий автоинспекция ва ҳарбий полиция бўлинмалари етиб келдилар, улар колонналар ҳаракатини амалга ошириш, асосий лагерлар ва дала алоқа масканларини қўриқлаш бўйича вазифаларни бажариш билан машғул бўладилар”, – дейди Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ёрдамчиси полковник Ярослав Рощупкин.

 Унга кўра, қўшма маневрларда Тожикистон Мудофаа вазирлиги ва РФ Марказй ҳарбий округи органлари, мото-ўқчилар, танк ва артиллерия бўлинмалари, спецназ ҳамда прашют-десант ва десант-штурм гуруҳлари иштирок этадилар. Амалий ҳаракатлар ҳаводан туриб қудратли қўшма авиация гуруҳи томонидан қўлланади.

 “Икки армия ҳарбий хизматчилари биргаликда ҳаракат қилиш масалаларини, тоғли ҳудудларда ноқонуний қуролли тузилмаларни зарарсизлантириш, шартли рақибнинг базалари, омборлари ва бошқа объектларини йўқ қилиш бўйича келишилган амалиётларни ўтказишни машқ қилиб оладилар”, -дея қўшиб қўйди Рощупкин.

Туркистон:

Ҳар қандай ҳамкорликда ўтказиладиган ҳарбий машғулотлар муайян мақсадлар сари йўналтирилган бўлади. Россиянинг ушбу ҳарбий ўқув машғулотлари ҳам бир неча мақсадларни кўзлаган бўлиши аниқ.

Ўрта Осиё мамлакатлари охирги вақтларда Россиянинг мустамлака таъсири остидан чиқиб кетиш арафасида тургандек, қалқий бошлади. Улар ҳозирда иқтисодий ва сақофий томонлардан Ғарб маданияти ва иқтисоди томон юра бошлашди. Россия бу соҳаларда ушбу давлатларга унчалик таъсир қила олиш қувватига эга эмас. Путинда ҳозир деярли фақат ҳарбий босим бериш қуввати мавжуд холос.

Қирғизистонда эса, сиёсий вазият яна таранглаша бошлади. Бу жараёнлар ҳам Россиянинг бевосита иштирок этишга мажбур қиладиган ҳолатдир. Чунки у минтақада ўз таъсирини мутлақ йўқотиб қўйишдан қўрқади. Шунинг учун мавжуд ҳарбий қувватини Қирғизистонга яқинроқ олиб келиб қўяди. Ҳарбий ўқув машғулотларидан кутилаётган мақсадларнинг бири шу. Балки бу ишлар устида Путин билан Атамбаев охирги учрашганларида келишиб олишган бўлишлари ҳам мумкин.

Россия машғулотни баҳона қилиб, минтақага бир қатор махсус ҳарбий аскарлар ва техник мосламаларни ҳам олиб кириб олади. Бу эса унга худди Юголавияни бир зумда босиб олганидаги каби, ҳарбий босқинчилик даркор бўлиб қолса, тез босиб олиш учун шай туриш имконини беради. Бу ҳолат Ғарбга ва унинг кўрсатмалари билан ҳаракатланишаётган ҳар қанақанги кучларга бир оз муаммо туғдиририб қўйиши аниқ. Қирғиз ҳукуматини эса, Россия билан ҳамкорлик кўламини бир оз бўлса ҳам орттиришга мажбур қилади.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here