Ас-Сиси: Жиддий айтяпман, йўқ қиламан, эҳтиёт бўлинг!

652
0

2013 йилда давлат тўнтариши орқали ҳокимиятни қўлга олган Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси ҳукуматга қаратилган танқидлар давлатнинг бақосини хавф остига қолдираётганини билдирди. Миср дуч келаётган муаммолардан хабардор эканлигини ҳам айтиб ўтган ас-Сиси Миср халқи фақат ўзига қулоқ солиши шартлигини таъкидлади.

Давлат телевиденияси орқали тинимсиз икки соат жамоатчиликка мурожаат қилган Миср Президенти амалдаги ҳукуматни ағдаришга ҳаракат қилмоқчи бўлган ҳар қандай кишини ер юзидан йўқ қилиш билан таҳдид қилди. Ал-Арабия телеканалига кўра, ас-Сиси халққа мурожаат қилар экан, унинг жуда асабий эканлиги кузатилган.

“Илтимос, мендан бошқа ҳеч кимга қулоқ солманг, ўта жиддий гапиряпман, эҳтиёт бўлинг. Ҳеч ким менинг сабр-тоқатли ва оғир-босиқлигимдан фойдаланиб ҳукуматни оғдаришга ҳаракат қилмасин. Аллоҳнинг номига қасам ичиб айтаманки, бундай килишга уринган ҳар қандай кишини ер юзидан йўқ қиламан, бутун Миср аҳли буни билиб қўйсин”, деди Миср Президенти.

Абдул Фаттоҳ ас-Сиси Мисрда демократия йўқ деб айтмаслигини, бироқ танқидий ишларни олиб бориш ва баъзи ҳукумат аъзоларини ишдан бўшатиш каби демократик кўринишлар учун ҳали эрта эканлигига урғу бериб ўтди.

“Аммо бу билан мен демократия йўқ деб айтмоқчи эмасман. Биз фақат демократияни қийин шароитларда амалга оширмоқдамиз. Шу сабабли келинг, мамлакатимизни ҳимоя қилайлик”, деди ас-Сиси.

Кейинги пайтларда Миср ҳукумати инсон ҳуқуқларини поймол қилиши, мамлакат иқтисодининг издан чиқиши борасида тез-тез танқидга нишон бўлаётгани кўзга ташланмоқда.

“Сиёсий барқарорлик муҳофаза қилинмаган Мисрда иқтисодий инқироз таъсири кундан кунга кучаймоқда. Миллий валютанинг АҚШ долларига нисбатан қадрсизланиши сабабли камбағал ва ўртаҳол табақадаги инсонларнинг ҳаётини тобора оғирлашиб бормоқда. Миср ҳукуматининг иқтисодий инқирозни олдини олиш учун шу кунгача амалга оширган ҳаракатлари муваффақият қозона олмади”, дейилади жумладан “Euronews” ахборот агентлигининг сўнги тарқатган хабарларида.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here