Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасида Россияда нишонланадиган 23 феврал – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган қабулда Россия элчиси Владимир Тюрденев ўз нутқида бугунги кунда террорчилик гуруҳлари ўз таъсирини нафақат Яқин Шарқ ва Шимолий Африка давлатларига, балки бошқа ҳудудлар, жумладан Марказий Осиёга ёйишга уринмоқда, деб айтди.
Элчининг айтишича, шу муносабат билан Россия бунга қарши туриш учун ўз ҳамкорлари, жумладан Марказий Осиё давлатлари билан тегишли алоқаларни жадаллаштирмоқда.
“Биз бу ёвузлик билан самарали курашиш учун бутун жаҳон ҳамжамияти сайъ-ҳаракатлари бирлашиши лозимлигини таъкидлаймиз, бу жараённи сиёсийлаштирмасдан ва дастлабки шартларсиз кенг коалиция шакллантиришни таклиф қиламиз”,- деб айтди Тюрденев.
Тюрденевнинг таъкидлашича, террорчилик давлат чегаралари, халқаро ҳуқуқ ва замонавий тамаддун қадриятларини тан олмайди. Бунинг ёрқин исботлари бутун дунё бўйлаб улар томонидан уюштирилаётган қатор портлашлар, асирларнинг намойишкорона қатл этилиши, минглаб қурбонлар бўлмоқда. Террорчилар барча дунё динларининг бир неча асрлик қадриятларини изчиллик билан йўқ қилмоқда. Уларнинг ваҳшиёна ҳужумлари давлатларнинг қонуний манфаатлари, уларда яшовчи халқларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, бутун инсониятга хавф солмоқда, деб айтди Россия элчиси.
“Бундай шароитларда узоқ сарҳадларда давлатимизнинг хавфсизлигини таъминлаётган Россия қуролли кучларининг роли ва жавобгарлиги анча ошади. Россия халқаро ҳуқуқларга тўлиқ амал қилган ҳолда ҳаракат қилиб, Суриядаги террорчилар инфратузилмаларига ҳаво ва ракета зарбаларини самарали амалга оширмоқда. У ерда Суриянинг қонуний ҳукумати илтимоси билан ҳаракат қилаётган ҳарбий-коинот кучларимиз энг ностандарт вазифаларни бугунги кундаги замонавий жанговар армияларга хос тарзда қатъий, профессионал ва мардонавор бажаришга тайёрлар”,- дея таъкидлаб ўтди Тюрденев.
Туркистон:
АҚШ лойиҳасининг махсули бўлган терроризм ва экстремизмга қарши кураш куфр давлатларини ИСлом ва мусумонларга қарши олиб бораётган курашида шиор бўлиб қолди. АҚШ ҳукумати дунёда ҳамжамиятини “ИШИД” таҳдиди билан қўрқитиб келаётган бўлса, Россия бундан Марказий Осиё минтақасидаги давлат раҳбарларини ўз измида ушлаб туришида қурол сифатида фойдаланмоқда. Сўнги вақтларда РФ президенти Владимир Путиндан тортиб, рус расмийлари ва ҳатто рус ОАВгача бири қўйиб Марказий Осиё респбликалари раҳбарларини “огоҳликка” чақириши одат бўлиб қолди. Куни кеч Путин ҳам айни мавзуга тўхталиб ўтган эди. Марказий Осиёдаги президентлар эса бу ваҳимадан ўз мустабид режимларини мустаҳкамлашда унумли фойдаланиб қолишга ҳаракат қилишмоқда.