Темир Сариев АҚШ элчиси билан учрашди

605
0

 Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев Россия босими остида “Манас” аэропортидан АҚШ ҳарбий базасини чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилишга мажбур бўлган ва бу ишни “фуқаровий аэропортда ҳарбий бўлинмалар бўлмаслиги керак” деб изоҳлаган эди. Қирғизистоннинг бу қарори ортидан икки давлат ўртасида бошланган совуқчилик ўтган йилнинг 15 июли куни АҚШ давлат департаменти томонидан Азимжон Асқаровни “Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси” мукофоти билан тақдирланганидан сўнг Қирғизистон ҳукумати бундан 22 йил аввал имзоланган ҳукуматлараро ҳамкорлик келишувини бир томонлама бекор қилиши билан янада таранглашгандек кўринган эди.

 Албатта, Қирғизистон ҳукумати бу қарорларни Россия босими ва ундан келадиган ёрдам пулларини қўлга киритиш илинжида қабул қилган эди. Бироқ Қрим босқини ортидан қўллана бошланган жазо чоралари ва жаҳон бозорида нефт нархини кескин тушиб кетиши Россияни қийин аҳволга солиб қўйди. Россия Қирғизистонга ёрдам бериш у ёқда турсин, ҳатто ўз муаммоларини ҳам хал этишни уддалай олмай қолди. Шу сабабли ҳам Қамбарота-1 ва Юқори Норин ГЭС каскадларини қуриш ва фойдаланиш бўйича 2012 йилда имзоланган келишувни бажаришдан бош тортишга мажбур бўлди ва бу ҳаракати билан қирғиз ҳукуматини қийин вазиятга солиб қўйди.

 Россияга ортиқча ишониб панд еб қолган Қирғизистон ҳукумати сўнгги кунларда АҚШ билан бузулган алоқаларни қайта тиклаш ҳаракатига тушиб қолди. Бу йўлда дастлабки қадамни Жогорку Кенеш спикери Асилбек Жээнбеков бошлаб берди. 2016 йил 9 феврал куни Асилбек Жээнбеков элчиси бўлиб тайинланганига ярим йил бўлиб қолган бўлсада АҚШ элчиси Шейла Гуолт билан биринчи бор учрашиб, ҳукуматлараро янги ҳамкорлик шартномасини тайёрлаш масаласини муҳокама қилишган эди. 

 Бугун, 24 феврал куни эса Қирғизистон бош вазири Темир Сариев АҚШ элчиси Шейла Гуолт билан учрашгани хабар қилинди. Аммо на ҳукумат матбуот хизмати ва на элчихона расмийлари учрашувда нима муҳокама қилингани ҳақида хабар бермади. Шундай бўлсада бу учрашувда АҚШ билан ҳамкорликни янгидан йўлга қўйиш ва бажарилиши лозим бўлган шартлар кўриб чиқилганини таҳмин қилиш мумкин. 

 Шу ўринда Қирғизистон ҳукумати “оқ ит, қора ит – барибир ит”лигини ҳисобга олмаётганини эслатиб ўтишни истар эдик. Россия бўлдами ёки АҚШми гарчи ўзларини Қирғизистон ҳукуматига кўмак бераётгандек қилиб кўрсатишга ҳаракат қилишсада, уларнинг бу ҳаракатлари замирида фақатгина ўз моддий манфаатлари ва ўз нуфузларини ўрнатиш ётганлиги аниқ. Расмий ҳукумат эса у ёки бу давлатдан арзимаган ёрдам пулларини олиш илинжида улар томонидан қўйилган шартларни сўзсиз бажаришга интилиб, бу Қирғизистон манфаатига мос келиш ёки келмаслиги тўғрисида ўйлаб ҳам кўришмаяпти. 

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here