Қирғизистон ҳукумати бюджетдаги камомадни ёпиш учун “Мегаком”ни сотишга қарор қилди

0
505

Аввал хабар қилганимиздек, Қирғизистон ҳукумати 2016 йил давлат бюджети даромад қисмини 124,4 млрд сом деб белгилаган, бюджет чиқимлари эса 146.9 млрд сомни ташкил этиб, давлат бюджетидаги камомад 22 млрд 454 млн сомни ташкил этган эди. Қирғизистон ҳукумати бюджетда вужудга келган йиртиқни ямаш учун, “рақобатга дош бера олмай, ўтириб қолиши мумкин” бўлган “Мегаком” компаниясини сотишга қарор қилди.

  Жогорку Кенеш Мегаком” номи билан танилганАльфа Телеком” ёпиқ акциядорлик жамиятини хусусий мулкчиликка сотиш қарорини маъқуллаганидан сўнг компаниянинг бошланғич нархи белгиланди. Давлат мулк қўмитаси директори Алмаз Қодирқулов “Мегаком” компаниясининг бошланғич нархи 306 миллион доллар ёки 18 миллиард сомни ташкил этишини маълум қилди.

 “Альфа телеком” компаниясининг 49 фоиз акцияси 2010 йили Муваққат ҳукумат декрети билан миллийлаштирилган бўлса, 2014 йили суд қарорига асосан қолган 51 фоиз акцияси ҳибс қилиниб, компания тўлиғича давлат тасарруфига ўтган эди. Бугунга келиб эса ҳукумат унинг 100 фоиз акциясини яна қайта жисмоний шахсларга сотишга қарор қилди. Айрим тахлилчиларнинг фикрига кўра, “Мегаком”ни Россия компаниялари сотиб олиши мумкин.

 Қирғизистон ҳукумати мамлакатни иқтисодий ривожлантириш йўлларини излаш ўрнига, энг осон йўлни танлаб давлатнинг қўл остида қандай мулк бўлса ўйлаб ўтирмай, кимга бўлса ҳам сотиш пайига тушиб қолди. Аввалроқ бош вазир Темир Сариев “Мегаком” ва Қора Кеча” конини сотиш 2016 йилдаги энг катта лойиҳалар эканлигини айтиб ўтган эди. Ҳукумат ўзи кўзлаган бу икки “лойиҳани” ҳам чет элликларга – асосий харидорлар Россия ва Хитой компаниялари бўлишини эҳтимоли юқори – сотиб юборишганидан сўнг, худди собиқ президентлар Аскар Акаев ва Қурманбек Бакиев даврида тузилган шартномаларга бўйича Қумтор олтин конини тўлалигича “Centerra Gold” компаниясига сотиб юборишгани сингари уларни қайта қўлга киритиш йўлини топа олмай, айбдорни излашни бошлашади.

Туркистон: 

Мегаком компанияси, Қирғизистон учун даромад келтириб турган саноқли ташкилотларнинг биридир. У жуда кучли коррупциялашган системалар ичидан толон торож бўлиб ўтиб ҳам, йилига камида 2 миллиард сом фойда келтиради. Ҳукумат шахсий манфаатини ўйлаб, харидордан миллионлаган пора олиш илинжида, гўё қашшоқ оиланинг соғин сигирини сотиб юбормоқчи бўлаяпти. Ҳукумат ўзининг ҳолсизлиги ва тадбирсизлиги оқибатидан бошимизга тушиб келаётган иқтисодий кризисни шу йўл билан беркитиб олмоқчи. Шу йўл билан, яъни мамлакат учун йил сайин миллиардлаган манфаат келтириб турган, дунёда кенг ривожланиб келаётган ва банкрот бўлиши деярли мумкин эмас бўлган алоқа тармоғи ташкилотини сотиб юбориш билан, бир йил бўлса ҳам ўз креслоларини сақлаб қолишмоқчи.

NO COMMENTS