Қирғизистонда 12 октябрдан бошлаб Туркиядан келган инструкторлар қирғизистонлик ҳарбий хизматчиларини десант-қўпорувчилик тайёргарлиги ҳамда террорчиларга қарши кураш бўйича машғулотларини бошлаб юбордилар. Akipress агентлиги Қирғизистон Қуролли кучлари (ҚК) Бош штабига таянган ҳолда хабар беришича, ҳарбийлар йиғини Туркия ҚК Бош штаби билан ҳамкорликда 73809 ҳарбий қисм қошидаги “Ала-Тоо” ўқув маркази базасида ташкил этилган.
Туркиялик инструкторлар олти ҳафта давомида махсус тактик, инженерлик, тоғ, ҳарбий-медицина, жисмоний тайёргарлик ҳамда ҳарбий топография бўйича машғулотлар ўтказади. Шунингдек, яроқлар билан тўла таъминланган ҳолда 27 километрга марш-бросок ўтказилиши режалаштирилган, йиғин охирида эса контроль тактик машғулотлари ўтказилади.
Йиғинда қуйидаги мавзуларни ўрганиб чиқиш режалаштирилган: десант-қўпорувчилик гуруҳларининг турли ҳаракатлари; пиёда марш амалга оширилган пайтда ҳаракатлар тартиби ҳамда пистирмага дуч келиб қолганда ҳужумни даф этиш; миналарга ва қўлбола портловчи мосламаларга қарши кураш олиб бориш усуллари; жангавор ҳаракатлар амалга оширилаётган пайтда амалий машғулотлар давомида аксилтеррорчилик операциясини ташкил этишда ҳамжиҳатликка эришиш; жангда бўлинмаларнинг хатти-ҳаракатлари ва ўт очиш амалларини бошқариш; касал ва ярадорларни эвакуация қилиш; ҳарбий альпинизм ва бошқалар.
Йиғин очилиши маросимида Туркиянинг Қирғизистондаги ҳарбий атташеси полковник Гўкхан Пекер, Қирғизистон ҚК Бош штаби жангавор тайёргарлик бошқармаси раҳбарининг ўринбосари Адилет Иманалиев, ҚК Бош штаби, Мудофаа вазирлиги, Давлат чегара хизмати ва Қирғизистон Миллий гвардияси вакиллари қатнашдилар.
манба: “Фарғона” ахборот агентлиги