Обама: Ўтмишдаги хатомизни такрорласак, ҳолимизга вой бўлсин

0
586

АҚШ президенти Барак Обама “CBS” телеканали орқали чиқиш қилиб, Американинг Сурия инқорози борасидаги позициясини маълум қилди. Обамага кўра, АҚШ ўтмишда Афғонистон ва Ироқ каби давлатларга аскар юбориб хатога йўл қўйган. Шунинг учун ҳозирда АҚШнинг Сурияга аскар юбориш эҳтимоли йўқ. Ўз кучини намойиш қилиш учун Сурия, Яман, Ливия каби давлатларга аскар юбориш лозимлигини билдираётганлар хато йўлда эканлигини таъкидлаган Обама “Бу хато стротегиядир. Яна ўтмишдаги хатомизни такрорласак, ҳолимизга вой бўлсин”, деди.

Туркия, Саудия Арабистони ва Иорданида олиб борилаётган “Сурия муътадил мухолифатини ҳарбий машғулотдан ўтказиш” режаси барбод бўлгандан сўнг, эндиликда ИШИДга қарши қандай кураш олиб борилади, деган саволга АҚШ президенти Сурия ва Ироқда сунний мусулмонларга таянишини билдирди.

“Барча миллатлар ҳамкорликда вақт ўтиши билан улардан қутилади. Биз бунга бошчилик қиламиз. Аммо Сурия ичида ва Ироқнинг баъзи ерларида маҳаллий сунний халқлар биз билан ҳамкорликда фаолият олиб бормайдиган бўлса, улардан қутила олмаймиз”, деди Барак Обама.

Энг аввало Америка халқининг хавфсизлигини ҳимоя қилиш лозимлигини таъкидлаган Обама беш йилдан буён вайронага айланган Суриядан АҚШга қандай хавф келиши ҳақида тўхталмади. Унинг қайд этишича, Сурия муътадил мухолифатини дастаклаш ва муваққат ҳукумат ташкил қилиш учун Россия ва Эронни Асадга босим ўтказишга кўндириш лозим.

“Суриядаги вазият шунчалик нозик бир пайтда қўлимизда сеҳрли таёқча йўқ”, дея қўшимча қилди у.

NO COMMENTS