Ўзбекистон ҳукумати тинимсиз равишда одамларнинг яшаш даражаси мунтазам ошиб бораётгани ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари қўллаб-қувватлаб келинаётгани ҳақида лоф уриб келаётган бўлсада, амалда айнан шулар учун арзимас бўлсада қўр бўлаётган ижтимоий тўловлардан босқичма-босқич маҳрум қилиб келмоқда.
“Норма.Uz” сайтининг Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг қўшма қарорига таянган ҳолда хабар қилишича, эндиликда кундузги таълим асосида ўқиётган ҳамда икки ёшгача болаларнинг онаси бўлган талаба аёллар бундан буёғига болалари учун нафақа пули олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар.
“Кўрсатилган икки ёшгача болали бўлган ҳамда кундузги таълим асосида ўқишини давом эттираётган шахсларга бундан бери фақат тўлиқ ҳажмда стипендия тўланади. Олдин бу давр мобайнида бир вақтнинг ўзида ҳам стипендия, ҳам болани парвариш қилгани учун ойлик нафақа пулини тўлаш кўзда тутилган эди”, – дейилади хабарда.
Расмий ҳукумат ижтимоий тўловларни биринчи марта қисқартираётгани йўқ. “Фарғона” ахборот агентлиги берган маълумотларга кўра, 2013 йил 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда балоғатга етмаган икки болали оилалар учун ойлик нафақа пулини энг кам иш ҳақининг 100 фоизидан 80 фоизигача, учта болали оилалар учун эса 140 фоиздан 120 фоизгача туширилган эди. Бир вақтнинг ўзида нафақа тўлови белгиланаётган балоғатга етмаган боланинг максимал ёши 16 (ёки агар умумтаълим мактабларида, академик лицейларда ва касб-ҳунар коллежларида ўқиётган болалар учун 18 ёш) дан 14 гача туширилди.
Кейинчалик, Ўзбекистон ҳукумати болалигидан ногиронларнинг оналарига пенсия белгилаш учун олий таълим муассасаларида, аспирантура ва докторантураларда ҳамда клиник ординатураларда ўқиш вақтини меҳнат стажига киритмаслик тўғрисида қарор қабул қилди.
Шунингдек, пенсионерларнинг ҳам ижтимоий ҳимояси ҳам анча енгиллатилган. Мисол учун, Ўзбекистон расмийлари 2013 йилда пенсияга беш ва 10 йил олдин чиқадиган имтиёзли касб тоифалар сонини қисқартирдилар; 2009 йилда одамларни “совет” пенсияларисиз қолдирдилар, 2010 йилда врачлар ва педагогларни коммунал тўлов учун кўзда тутилган қўшимча тўловлардан маҳрум қилдилар, 2011 йил январидан бошлаб эса қатор тоифадаги пенсионерлар учун имтиёзларни бекор қилувчи қарор кучга кирди: мисол учун, бундай ҳуқуқлардан қишлоқ хўжалиги, авиация инженер-техник таркиби, тўқимачилик саноати ходимларининг алоҳида тоифалари, шаҳар йўловчи транспорт ҳайдовчилари, экологик ҳалокат ҳудудларида ишлаган фуқаролар ҳамда беш ва ундан кўп болаларнинг оналар маҳрум бўлдилар.
Бундан ташқари, 2012 йил бошида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифохоналардаги бепул ўрин-жойларни қисқартира бошлаган эди. 2012-2015 йилларга мўлжалланган режага мувофиқ, мамлакат бўйлаб бундай ўрин-жойлар сони қарийб 18 мингтага қисқартирилиши ва 127 минг ўриндан 109 мингтаси қолдирилиши керак. Аслида эса, шифохоналардаги бепул ўрин-жойларнинг номигина бепул бўлиб, расмий ҳукумат бу ўринларни қисқартириш орқали бюджетдан ойлик оладиган шифокор ва ҳамширалар сонини қисқартириш ҳисобини олган ва бу орқали оз бўлса ҳам талон-тарож қилинган ва бўшаб қолган давлат бюджетини тўлдиришни мақсад қилган эди.