Хитой ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси 5 ой ичида 32 фоизга тушиб кетди

0
664

Хитой тижорат вазири ўринбосари Ван Шоувэнь Хитойнинг БРИКСнинг қолган давлатлари (Россия, Бразилия, Ҳиндистон, Жанубий Африка Республикаси) билан савдо айланмаси қисқарганини маълум қилди.

 “Мени БРИКС давлатлари билан товар айланмаси қисқариб кетгани ташвишлантирмоқда. Жорий йилнинг дастлабки 5 ой ичида Россия билан савдо айланмаси 32 фоизга, Бразилия
билан 22 фоизга, ЖАР билан 29 фоизга тушиб кетди, Ҳиндистон билан бор-йўғи 1 фоизга ошди”, деб айтмоқда Шоувэнь.

 Шоувэнь бу пасайиш вақтинчалик характерда эканлигига умид билдирмоқда.

 Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Санкт-Петербург халқаро иқтисодий анжуманида Хитойни Россиянинг “биринчи рақамли” савдо ҳамкори деб атаган эди. Путин анжуманда Хитой ва Россия ўртасидаги савдо айланмаси 200 млрд долларгача ўсишини таъкидлаган эди.

 Туркистон:

Хитой ташқи кўринишда Россия билан ҳамкордек кўринсада, иқтисодий жиҳатдан ўзаро рақиб ҳисобланади. Улар ўртасидаги рақобат асосан Марказий Осиё республикаларидаги энергетик заҳиралар ва бу минтақани ўз таъсир доирасида ушлаб туриш учун бўлган курашда кўринади.

 Гарчи Хитой АҚШ ва Европа давлатлари томонидан Россияга қарши жорий этилган санкцияларга расман қўшилмаган бўлсада, зимдан Россия билан масафаланиш йўлини тутмоқда. Бу ҳақида аввалроқ ВТБ гуруҳи раисининг биринчи ўринбосари Юрий Соловьёв “Finance Asia” учун ёзган колонкасида хабар берган эди.

 Соловьёвнинг маълум қилишича, Хитойнинг кўплаб кредит ташкилотлари Россия банклари билан операцияларни амалга оширишдан бош тортмоқдалар.Улар ўзаро савдони молиялаштиришдаги иштирокларини сезиларли камайтиришди, улар бу вазифани россиялик шерикларига топширишди.

 “Мавжуд ҳамкорлик қийинчиликларсиз ўтмаяпти. Икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланишини тўхтатиб турган асосий муаммо АҚШ ва ЕИ санкциялар киритганидан кейин Россия банкларига нисбатан Хитойнинг қарама-қарши позициясида туришидир. Бугунги кунда кўплаб Хитой банклари Россия банклари иштирокидаги банклараро операцияларда иштирок этишмаяпти. Бундан ташқари, Хитой банклари ташқи савдо бўйича битимлардаги иштирокларини сезиларли камайтиришди, айниқса, савдони молиялаштириш бўйича”, – деб ёзган эди Соловьёв.

Бундан ташқари сўнги йилларда жадал суръатлар билан ўсиб келган Хитой иқтисодида кузатилаётган пасайишлар ҳам асосан хомашё экспортига асосланиб қолган Россия билан савдо алоқаларини пасайишига олиб келиши табиийдир.

NO COMMENTS