Қозоғистон 2015 йил охиригача Жаҳон савдо ташкилоти аъзосига айланиши мумкин

523
0

19 йил давом этган музокаралардан сўнг Қозоғистонда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш имконияти пайдо бўлди. Шу муносабат билан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев халққа мурожаат қилди.

 “Бугун Женевада ишчи гуруҳнинг охирги йиғилиши бўлиб ўтди, унда Қозоғистоннинг Халқаро савдо ташкилотига аъзо бўлиши борасидаги музокараларнинг якунлангани расман эълон қилинди. Бу биз учун тарихий воқеа бўлди. Қозоғистон ташкилотга аъзо бўлган 162-давлат бўлди. Дунёнинг барча йирик иқтисодиётларини Қозоғистонни яхши инвестицион муҳитга эга, савдо сиёсатини халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ олиб борадиган мамлакат деб тан олди”, – дейилади мурожаатда.

 Назарбоевнинг фикрича, ташкилотга аъзолик мамлакат олдида янги имкониятлар очиб беради, жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун ташкилотга аъзо бўлган барча давлатларнинг ички бозорига барча эшиклар очилади.

 Ўз навбатида Жаҳон савдо ташкилоти вакили Мелисса Бегаг, агар барча юридик расмиятчиликлар якунига етказилса, Қозоғистон 2015 йил охиридаёқ Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)нинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланиши мумкинлигини маълум қилди.

 Маълумот ўрнида, расмий Остона ЖСТга аъзо бўлиш ҳақидаги аризани 1996 йил 29 январда берган эди. Орадан ўтган 19 йиллик музокаралардан сўнг 10 июн куни мамлакатнинг ташкилотга қўшилиш шартлари ҳақидаги музокаралар якунланди. Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ҳужжатлар пакети лойиҳаси ташкилот ишчи гуруҳига расман тасдиқлаш учун 22 июн куни топширилиши керак эди.

 “Агар барчаси режалаштирилганидек кетса, унда улар йил охирига келиб, расман ЖСТ аъзосига айланиши мумкин”, – деди Бегаг 22 июндаги мажлисда ишчи гуруҳнинг барча 52 аъзоси ҳужжатлар пакетини маъқуллаганини айтар экан.

 Қозоғистонга 31 октябрь куни ҳужжатларнинг ички ратификациясини ўтказиш тавсия этилди. Ратификациядан 30 кун ўтиб эса, у расман ЖСТнинг аъзосига айланиши мумкин.

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here