Путин четга чиқиб кетган сармояларни қайтариш пайига тушди

535
0

“lenta.ru” сайтининг хабар қилишича, Россия президенти Владимир Путин “сармояларни амнистия қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

 Қонун 2015 йилда хорижий активлар ва банк омонатларини ихтиёрий декларациядан ўтказиш имконини беради. Агар мулк эгаси 2015 йилнинг 1 январига қадар қонунбузарликка қўл урган бўлса, президент томонидан имзоланган янги қонун уни жиноий, маъмурий жазодан ва солиқ мажбуриятларидан озод қилади.

 Мулкини қонунийлаштирмоқчи бўлган шахс солиқ идораларига махсус декларация тақдим қилиши керак. Ҳужжатга солиқ сири тизими жорий этилади. Декларация топшириш муддати – 2015 йилнинг 1 июлидан 31 декабрига қадар.

 Молия вазирлиги ишлаб чиққан “Жисмоний шахсларга мулк ва банк ҳисоблари (депозитлар)ни ихтиёрий декларациядан ўтказиш тўғрисидаги” қонун лойиҳаси 25 март куни президент томонидан тасдиқланган эди. Бош вазир ўринбосари Игор Шувалов қонун лойиҳасидан асосий мақсад, “ўз тадбиркорлик фаолияти давомида бирор хатога йўл қўйган шахс бу мулкни қайта декларациядан ўтказганидан сўнг, ҳеч ким, ҳеч қачон уни олдига келмаслигини ва бу мулк қаердан келганини сўрамаслигини ҳамда кейинчалик улар мутлақ қонунга бўйинсунувчи фуқаролар бўлишлари мумкинлигини аниқ билишлари керак”, – деган эди.

 Туркистон:

Владимир Путин бошчилигида олиб борилган сиёсат натижасида Россия иқтисоди инқироз ёқасига келиб қолди. Бунга асосий сабаб Путин ҳудди собиқ шўролар иттифоқи каби хусусий мулкни йўқ қилишга, ишлаб чиқаришни давлат қўл остига бирлаштириш учун жиддий ҳаракатлар олиб борди. Бунинг оқибатида йирик мулкдорлар ўз сармояларини турли хил йўллар билан четга олиб чиқиб кетишди.

 Хусусий мулкни чекланиши, завод ва фабрикаларни давлат назорати остига олиниши одамларда давлат мулкига нисбатан эътиборсизликни пайдо қилди, рақобат ва изланишни томирига болта урди. Чунки инсон ўзиники бўлмаган нарсага эътиборсиз бўлиши табиий. Собиқ шўролар иттифоқини инқирозга юз тутишига асосий сабаблардан бири ҳам айнан шу бўлган эди. Рақобатни йўқолиши натижасида Россияда ишлаб чиқарилган махсулотлар нафақат Европа давлатлари, балки Марказий Осиёда ҳам ўтмайдиган матоҳга айланиб қолди. Шу сабабли ҳам Путин аввал Божхона иттифоқи деб номланган, кейинчалик Евроосиё иқтисодий иттифоқига айланган иттифоқни ташкил этди. Бундан кўзланган мақсад эса Хитой, Туркия ва Европа давлатларидан келаётган махсулотларни бу иттифоққа аъзо давлатларга киришига чеклов киритиш ва ўзини ҳеч кимга керак бўлмай қолган, замон талабларидан ортда қолиб кетган махсулотлари учун истеъмол бозорини ташкил этишдир.

 Бундан ташқари АҚШ томонидан ўрнатилган ҳар қандай халқаро қонунларни бузган ҳолда Қримни аннексия қилиб олиниши ортидан АҚШ ва Европа давлатлари Россияга қарши жорий этган сиёсий ва иқтисодий жазо чоралари, жаҳон бозорида нефт нархини сунъий равишда кескин тушириб юборилиши шундоқ ҳам ҳолдан тойиб турган Россия иқтисодини деярли инқироз ёқасига олиб келиб қўйди. Шунинг учун ҳам Путин четга чиқиб кетган сармояларни қайтаришга, шу йўл билан тўхтаб қолган ва умуман издан чиқиб кетган соҳа ва тармоқларни ишга тушириш орқали иқтисодни қайта тиклаш пайига тушиб қолди.     

LEAVE A REPLY

Please enter your comment!
Please enter your name here